Шокира онахон
Бу аёлнинг исми – Муҳаррам, 70 ёшда. Тез-тез зиёрат қилиб тураман. Қўл, оёғи ишламайди. Ётқизиб, турғизиб қўйишади. Аммо тил булбулигўё. Бирон марта аҳволидан нолимайди: «Бу кар қулоқ фақат яхши гапларни эшитади. Келиним менга шу қадар кўникканки, “Ойижон, ойижон” деб гирд-гирдимда юради. Ошхонага ўтса, набирамга, “Бибингга қара, бирор нарса керакмасмикин?” деб эслатаверади. Ғиждувонга бориб сузма сотиб, бир дунё янгилик билан келади. Мен билан чақчақлашади, сўнг яна ишини бошлайди…»
Гапириб чарчамайди, зерикмайсиз. Набирасининг исми жисмига монанд – Табассум. У бибисини қандай парвариш қилишини кулиб-кулиб айтиб беради. Уч ўғилу уч қиз онага меҳр-муҳаббат билан қарашади. Анча йиллар аввал онахоннинг тишларини даволаган шифокор ҳамон йўқлаб тураркан. Бошқа шифокорлар ҳам соғлигини текшириб, суҳбатлашиб кетишаркан.
Айрим беморлар каби “Мен қандай гуноҳ қилган эдим, нега менга шундай дардни берди?” деб нолимайди. Бу меҳрибон аёлнинг сабр-қаноати, қисматини шукрона билан қабул қилганини кўриб, ўзингиздан уялиб кетасиз.
Отаси Муҳаммад эшон фарзандларига: “Опанг ҳаммангиздан катта, сизларга бош. Ҳар қандай ишни бошлашдан олдин маслаҳатини олинглар”, деб насиҳат қилган экан.
– Укаларим ҳаммаси неварали бўлишди. Уларнинг фарзандлари ҳам айрим масалаларда йўл-йўриқ сўрашади. Ҳар жума намозидан сўнг иниларим ўғиллари билан зиёратга келишади. Бу касалликнинг бошланганига 25 йил бўлган, – дейди осойишта. – Ношукрлик – гуноҳ. Бу дунё – синов. Аллоҳ берган кунига розиман. Бош қаттиқми, тош.. бош қаттиқ экан. Болаларим омон бўлишсин… – ширин суҳбат, ширин забон билан дуо қилиб кузатади.
Яхши кайфият, чиройли тарбият билан уйга қайтамиз.
Роҳила СИРОЧЕВА
Навоий вилояти Қизилтепа тумани
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан