Дунё янгиликлари

Тибет «топилмаси»: музликлар эриши қадимги вирусларни юзага чиқариши мумкин

Чоп этилди Yanvar 28, 2020 Тибет «топилмаси»: музликлар эриши қадимги вирусларни юзага чиқариши мумкинda fikr bildirishni o'chirish

Музликлар эриши нафақат дарёлар саёзланиши ва чучук сув етишмовчилигига сабаб бўлиши, балки бошқа жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, инсоният ҳеч қачон дуч келмаган вирусларнинг пайдо бўлиши. Бу ҳақда Тибет тоғларидаги муз қатламини ўрганиб, бир қатор кутилмаган кашфиётлар қилган АҚШ ва Хитой олимлари огоҳлантирмоқда.
2015 йил Тибетда олимлар тахминан 15 минг йил олдин шаклланган музликдан намуналар саралаб олишган. 50 метр чуқурликда қазиб чиқарилган намуналар кейинчалик синчиклаб текширилди. Эндиликда, кўп йиллик меҳнатдан сўнг, тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Маълум бўлишича, қадимги муз намуналарида 33 гуруҳ вируслар бўлган, хусусан микробиологлар дастлаб 28 гуруҳ вирусни кашф этишганди. Яъни, Тибет тоғларида жойлашган муз қатламларида бугунги кунда сайёрада учрамайдиган вируслар мавжуд, инсоният цивилизацияси улар билан ҳеч қачон алоқада бўлмаган.
Ушбу кашфиёт сайёрамизнинг бошқа музликлари ҳам илгари номаълум вирусларни ўз ичига олиши мумкинлигини англатади, уларнинг хилма-хиллиги жуда катта бўлиши мумкин. Бугунги кунда сайёрамизнинг барча минтақаларида, жумладан Гренландия ва Антарктидада кузатилаётган музликлар қисқариши улардаги вируслар «эркинликка чиқиши»га олиб келади. Янги вируслар ва микробларнинг пайдо бўлиши, албатта, микробиологларнинг сайёрамиздаги ҳаёт ҳақидаги билимларини тўлдиради, аммо бу мавжуд ҳаёт шаклларининг, шу жумладан одамлар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин.
Янги вируслар вақти-вақти билан одамлар ҳаётида пайдо бўлиб туради. Баъзан улар инсон танасига ёввойи касал ҳайвонлар орқали юқса, баъзида сув ва озиқ-овқат билан кириб боради. Тибетда топилган янги вируслар қанчалик хавфли эканлигини бугунги кунда ҳеч ким тахмин қила олмайди. Шунга қарамай, бундай тадқиқотлар цивилизациямиз келажаги учун жуда муҳимдир, шунинг учун мутахассислар сайёрамиздаги бошқа музликларни ўрганиб, патоген микроорганизмлар маълумотлар базасини тўлдиришда давом этишмоқда.

zamin.uz