Мақолалар

Суннат намозлар

Чоп этилди Yanvar 30, 2020 Суннат намозларda fikr bildirishni o'chirish

Суннат намозлар муаккада ва ғойри муаккадага бўлинади, яъни таъкидланган ва таъкидланмаган суннатлар. Муаккада суннатлар ҳукм жиҳатидан вожибга яқин мақомда туради. Уларга бепарволик қилиш жиддий гуноҳ саналади.

Икки ракатли суннати муаккада намозлар: бомдоднинг ҳамда пешин, шом ва хуфтоннинг фарзидан кейинги суннати.

Кучли қавлга кўра, бомдоднинг икки ракат суннати суннатлар орасида энг аҳамиятлисидир. Бошқа суннат ва нафл намозлардан фарқли ўлароқ, бомдоднинг икки ракат суннатини жиддий узрсиз ўтирган ҳолда ёки шаҳар ташқарисида йўл-йўлакай транспорт воситасида адо қилиш жоиз эмас. Шундан келиб чиқиб, уни вожиб деб ҳисоблайдиган уламолар ҳам бор. Қолаверса, у қазо қилинадиган ягона суннат намоз ҳисобланади. Шарти, у билан бирга бомдоднинг фарзи ҳам ўтказиб юборилган бўлиши керак. Шундай ҳолатда иккисини то қуёш қиёмга келгунига қадар қўшиб қазо қилиш мумкин, агар ўтиб кетадиган бўлса, фақат фарзнинг ўзи ўқилади, холос.

Тўрт ракатли суннати муаккада намозлар: пешиннинг фарзидан олдинги ва жума намозининг фарзидан кейинги суннати.

Барча тўрт ракатли суннат намозлар таъкидлангани ҳам, таъкидланмагани ҳам бир салом билан адо қилинади. Агар улар икки салом билан адо қилинадиган бўлса, суннатликдан чиқиб, нафлга айланиб қолади. Худди фарзлардаги каби тўрт ракатли суннати муаккада намозларнинг биринчи қаъдасида ҳам ташаҳҳуд ўқилгач, учинчи ракат басмала ва “Фотиҳа”дан бошланади.

Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бир кеча-кундузда ўн икки ракат равотиб (ўрнатилган, белгиланган) суннат бор дейди: бомдодда 2 ракат, пешиндан олдин 4 ракат, пешиндан кейин 2 ракат, шомдан кейин 2 ракат ҳамда хуфтондан кейин 2 ракат. Шунингдек, жумадан олдин ва кейин 4 ракат, Рамазонда хуфтондан кейин ўн салом билан ўқиладиган 20 ракатли таровиҳ намози. (“Ал-ашбаҳ ван-назоир”)

Мустаҳаб намозлар: асрдан олдин тўрт ракат, хуфтондан олдин тўрт ракат, хуфтондан кейин тўрт ракат, шомдан кейин олти ракат (уч салом билан адо қилинади). Шомдан кейинги икки ракат суннат ҳам мазкур олти ракатга ҳисоб қилиниши мумкин.

Таъкидланмаган суннат намозлар: таҳиятул масжид, шукру вузу (таҳорат шукронаси учун), истиҳора – 2 ракат, зуҳо – 2 дан 12 ракатгача, ҳожат намози, икки Ийдга ўтар тунда, Рамазоннинг охирги ўн кечасида ўқиладиган намоз, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигида ва шаъбоннинг ўн бешинчисида ўқиладиган тунги намоз ва барча нафл намозлар.

Таҳиятул масжидни ўтиришдан олдин ўқиб олган маъқул. Қолаверса, масжидга кирганда ўқилган бошқа ҳар қандай намоз – фарзми, вожибми, суннатми – таҳиятул масжид вазифасини ўтайверади. Агар масжидга бир кунда бир неча марта кириб чиқиладиган бўлса, бир марта ўқилган таҳиятул масжид ҳаммасига кифоя қилади. Мабодо бирор сабаб, масалан, намоз макруҳ бўлган вақт туфайли таҳиятул масжидни ўқий олмаган киши Аллоҳни улуғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши мустаҳабдир.

Таъкидланмаган тўрт ракатли суннат намозларда агар биринчи қаъдада ташаҳҳуддан кейин салавот айтиб қўядиган бўлса, учинчи ракат сано дуоси, тааввуз ва басмала билан бошланади.

Мароқийил фалаҳасари асосида

 Азизбек ХОЛНАЗАРОВ