Қасамнинг турлари ва каффоратлари
Вақти-вақти билан қасамга оид гап-сўзлар қулоққа чалинади. Кимдир туғишган акаси билан гаплашмасликка, кимдир фалончининг уйига қадам босмасликка, кимдир ҳақлигини исботлаш учун, яна кимдир харидорга молини ўтказиш учун қасам ичади. Аммо онт ичаётганларнинг аксарияти қасам ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Шу боис фарқига бормасдан қасам ичиб қўйганлар кўп учрайди. Динимиз эса имкон қадар қасам ичмасликка буюради.
«Эзгу иш қилишингиз, тақвода бўлишингиз ва одамлар ўртасини ислоҳ этишингиз борасидаги қасамларингиз учун Аллоҳ (номи)ни кўндаланг қилавермангиз! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир» (Бақара сураси, 224-оят).
Агар қасам ичиш зарурати пайдо бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг номи билан онт ичилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ким қасам ичса, Аллоҳнинг номи билан ичсин ёки жим бўлсин (яъни қасам ичмасин)” (Имом Муслим ривояти).
Қасамнинг уч: ғомус (ёлғон), лағв (беҳуда) ва мунъақид (боғланган) тури бор. Бўлиб ўтган иш учун ёлғондан онт ичиш ғомус дейилади. Масалан, бир ишни қилиб қўйгандан сўнг “Аллоҳга қасамки, мен бу ишни қилмадим” дейиш ғомус қасамдир. Ғомус қасам гуноҳи кабиралардан. Унинг “ғомус” деб номланишига сабаб у аввал эгасини гуноҳга, сўнг дўзахга етаклайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кабира (гуноҳлар) – Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, (бегуноҳ) жонни ўлдириш ва ғомус (ёлғон) қасам” (Имом Бухорий ривояти).
Ғомус қасамда каффорат йўқ, аммо бундай қасам ичган киши астойдил истиғфор айтиб, тавба қилиши лозим. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.
“Лағв” бўлиб ўтган бирор иш борасида ўзини ҳақ деган гумон билан ичилган қасамдир. Ҳақиқат эса у ўйлагандан бошқача бўлиб чиқади. Масалан, бир киши дўстига: “Аллоҳга қасамки, кеча сени бозорда кўрдим” дейди, аслида эса у дўстини бошқаси билан адаштираётган бўлади. Мазкур қасам сабабидан эгаси сўроққа тутилмаслиги умид қилинади.
“Мунъақид” бу – келажакда бирор ишни қилиш ёки қилмаслик учун ичиладиган қасам. Агар бундай қасам бузилса, яъни бажарилмаса, каффорат вожиб бўлади.
Мунъақид қасам унутиб ё адашиб, мажбурланиб ё қасддан бузиладими, фарқи йўқ – каффорат вожиб бўлаверади. Агар киши бундай қасамни ўз ихтиёри билан эмас, мажбуран ичган бўлса ҳам – у кучга кираверади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам, ҳазили ҳам жиддийдир: никоҳ, талоқ, қасам”, деганлар (“Ҳидоя”, 4-жуз, 4-бет).
Қасам Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки Раҳмон, Роҳим каби исмлари ёки иззати, жалоли, кибриёси каби сифатларидан бири билан ичилганда тўғри бўлади. “Қуръон урсин”, “Нон урсин” каби лафзлар қасам ҳисобланмайди. Лекин “Қуръон билан қасам ичаман” деса, қасам ҳисобга олинади. Одамлар орасида кенг тарқалган “Худо урсин” лафзи ҳам баъзи уламолар наздида қасам деб эътибор қилинади.
“Қасам ичаман”, “Онт ичаман”, “Гувоҳлик бераман”, деган лафзлар билан ҳам қасам ўтади.
“Агар шундай қилсам, мажусий ё насроний ё яҳудий бўлай”, дейиш қасам ҳисобланади.
Шунингдек, ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилиб олиш ҳам қасамга ўтади. Лекин бундай қилиш Аллоҳ таолога хуш келмайди. Масалан, “Ўзимга асални ҳаром қилдим” деса, қасамига риоя қилиши шарт, агар бузса, каффорат тўлайди.
Гуноҳ иш учун қасам ичиш ҳалол эмас. Масалан, “Аллоҳга қасамки, отам билан гаплашмайман ёки фалончини ураман”, каби. Аммо у билан қасам боғланаверади. Динимиз бундай қасамни бузиб, каффорат тўлашга буюради.
Қўлидан келмайдиган иш учун қасам ичса, масалан: “Аллоҳга қасамки, шу тошни тиллага айлантираман” каби, шу заҳотиёқ ҳонис, яъни қасамини бузган бўлади ва каффорат тўлайди.
«Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз» (Моида сураси, ٨٩-оят).
Мазкур оятга мувофиқ, каффоратни адо қилиш учун, аввало, уч ишдан бири танланади: бир қул озод қилиш ё ўн мискинга таом бериш ёки уларга бир сидра кийим-бош бериш. Қуллик даври тугатилгани учун киши таом бериш ёки кийинтиришдан бирини ихтиёр қилиши мумкин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади. Мана шу билан бузилган қасамнинг каффорати, яъни жаримаси тўланган бўлади. Каффоратнинг жорий этилиши ичилган қасамга вафо қилиш вожиблигини билдиради.
Юқорида қайд этилганидек, динимиз қасам ичишдан қайтаради. Чунки унда яхшилик йўқ. Зеро, шариатда мўмин кишининг ҳар бир сўзи муҳим аҳамият касб этади. Мусулмон одам оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзига қиёматда жавоб беришини ҳис қилиб турса, ёлғон гапирмайди ва қасамга ҳам ҳожат қолмайди. Агар қасам ичиш зарурати пайдо бўлиб қолса, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичиш ва унга вафо қилиш лозим.
“Тасҳийлуз зарурий лимасаилил Қудурий” ва “Ҳидоя” асарлари асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан