“Иситиш – совутиш” – сеҳр, сеҳр эса куфр
Ишдан қайтаётиб, маҳалламиздан бир таниш аёлни кўриб қолдим. У салом-аликдан кейин ҳаяжон билан гап бошлаб кетди: “Кимдир мени телеграмдаги фолбинлик гуруҳига қўшибди. Азбаройи, бунақа гуруҳ-каналлар борлигидан таажжубга тушдим. Аъзолар сони бирида салкам 40 минг, бошқасида 109 мингдан ортиқ.
Кузатдим. Гуруҳда фолбинликнинг барча амаллари очиқ-ойдин кўрсатилган: ёниб турган шам, нина санчилган қўғирчоқлар, кафтга қараб ўтирган фолбин… Яна оддий фол очиб қўйиш, иссиқ-совуқ қилиш, бутунлай қайтариш, бахт йўлларини очиш ва ҳоказолар учун 50 мингдан 3 миллионгача нарх ёзилган (охирги нархга қора қўчқор ҳам қўшилган). Гуруҳда фолбин аёлнинг шахсий профилига келган ёзишмалар ҳам эълон қилинган. Яъни “Эрим кечирим сўраб, оиламизга қайтди” ёки “Йигитим келиб қўлимни сўради” каби “раҳматнома”лар жуда кўп. Афсуски, кўпи аёллар экан. Бир изоҳда эса битта йигит рўмол ўраган чиройли бир қизнинг расмини юбориб, ўзига иситиб беришини сўраган. Демак, аёл-қизлар ҳамма жойда ҳам расмга тушавермасликлари керак…
Ажабланарли жиҳати, айрим алданганларнинг “Фалончи фолбиннинг каналидан гуруҳингиздаги одамларни огоҳлантириб қўйинг, биздек алданиб қолмасин”, деган изоҳлари ҳам мавжуд. Айтишларича, фолбиннинг пластик картасига пул ташлашган, лекин у натижани айтмаган, изоҳ сўралса, блоклаб қўйган…”
* * *
Астағфируллоҳ… Мана шундай алдов ичра алдов, хурофот ичра гуноҳ ишларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Барчамизни Аллоҳ ислоҳ қилсин! Аллоҳ таоло: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд, (шунда) нажот топсангиз”, деб буюради (Моида сураси, 90-оят).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Улар ҳақ эмаслар”, дедилар. Улар: “Ё, Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб бердилар: “Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да, уни дўсти (фолбин)нинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар”» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадис Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” (Имом Баззор ривояти).
Азиз опа-сингиллар, икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишни истасак, бундай фолбинлик, сеҳр каби куфроний ишлардан йироқ бўлишимиз шарт.
Зуҳрахон ҲАМДАМОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 6026 йил 5-сонидан