Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўровчидан олдин унинг саволига жавоб берганлари
Вобиса Асадий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бордим. Хоҳлардимки, яхшилик ва гуноҳ амалларнинг бирортасини қолдирмасдан ҳаммасини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўраб, билиб олсам. Борганимда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг атрофларида мусулмонлардан бир жамоат фатво сўраб турган экан. Ораларини ёриб ўта бошладим. Улар: “Ўзингни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан нари олгин, эй Вобиса”, дейишарди. Мен: “Ўтказиб юборинглар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин келишимга йўл беринглар! Чунки у зот менга инсонларнинг энг маҳбуброғидир, йўл беринглар”, дер эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вобисани ўтказиб юборинглар”, деб икки-уч бор такрорладилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га яқин келиб, рўпараларига ўтирдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Вобиса, бирор хабаринг борми, ёки мендан сўраш учун келдингми?” дедилар. Мен: “Йўқ, балки ўзингиз менинг нима сабабдан келганимни айтарсиз”, дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшилик ва гуноҳлар ҳақида сўраб келдинг”, дедилар. Мен тасдиқладим. Бармоқларини мушт қилиб, кўкрагимга тираб: “Эй Вобиса! Қалбингдан фатво сўрагин! Ўзингдан фатво сўрагин!” деб уч марта такрорладилар, сўнг: “Агар (бир ишга) инсонлар сенга фатво берса ҳам, агар улар сенга фатво берса ҳам яхшилик (савоб иш) нафсинг у билан хотиржамлик топадиган нарсалардир. Гуноҳ эса нафсингда шубҳа уйғотадиган, қалбингда иккиланиш пайдо қиладиган нарсалардир”, дедилар»[1].
[1] Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад. “Муснад”, 4-жуз, 228-ҳадис.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган