Бугун АҚШда коронавирусга қарши вакцина клиник синовдан ўтказилади
Бугун, 16 март куни АҚШда коронавирусдан ҳимоя қилувчи вакцина клиник синовдан ўтказилади. Унда иштирокчилар экспериментал дозани олади, деб хабар берди AP агентлиги ҳукуматдаги манбага таяниб.
Синовлар 45 нафар ёш ва соғлом кўнгиллиларда Сиэтл тадқиқот институти (Kaiser Permanente Washington Health Research Institute)да ўтказилади. Унда АҚШ миллий соғлиқни сақлаш институти (NIH) ва Moderna Inc компанияси томонидан ишлаб чиқилган вакциналар турли дозаларда кўнгиллиларга юборилади.
Таъкидлашича, вакцинани тўлиқ жорий этиш учун 12 ойдан 18 ойгача вақт керак бўлади.
«Синовларда қатнашувчиларнинг касаллик юқтириш эҳтимоли йўқ, чунки намуналарда вирус мавжуд эмас. Синовнинг вазифаси вакциналарнинг жиддий ножўя таъсирлари йўқлигига ишонч ҳосил қилишдир, шундан сўнг кенгроқ синовларни ўтказиш мумкин бўлади», деди манба.