Ҳаж ибодатининг фазилатлари
Ҳаж ибодати Аллоҳ таоло мусулмонлар учун фарз қилган асосий беш фарзлардан бири экани барчага маълум. Ҳаж ҳам жисмонан, ҳам моддий ва руҳан тайёр ҳолда бажариладиган улуғ ибодатдир. Бу ибодатни ихлос билан, ҳар бир рукнини самимий муҳаббат билан бажарган ҳар бир мўмин бандага мукофоти фақатгина Жаннат бўлиши ҳақида ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мужда берганлар. Бундай тарзда бажарилган ҳаж ибодатидан кейин кишининг ахлоқи янада сайқалланиб, аввалги қилган хатоларидан буткул узоқлашиб, Аллоҳ таоло ва жамият рози бўладиган амалларда қоим бўлади. Бир сўз билан таъриф берадиган бўлсак, унинг маънавият олами гўзаллашади.
Мабрур ҳаж – у гуноҳ, жиноят қилмасдан бажарилган ҳаждир.
Бу борада жуда кўп ҳадислар бор, шуларнинг бир нечасини келтириб ўтамиз:
“Ҳаж ва умра орасини уланглар, чунки бу иккиси фақирлик ва гуноҳни темирчи босқони темирнинг зангини кетказганидек кетказади. Ва мабрур ҳажнинг савоби фақат жаннатдир” (Имом Термизий ривояти).
“Ким Аллоҳ йўлида ҳаж қилса ва бориб-келгунча ёмон сўз айтмаса, гуноҳ ишлар қилмаса, у ўз уйига онасидан туғилган кунидагидек пок бўлиб қайтар” (Имом Бухорий ривояти).
«Ҳожи уйидан бир қадам босиб чиқса, унга бир яхшилик ёзилади ва бир хатоси ўчирилади. Арафотда турганида Аллоҳ улар билан фахрланади ва фаришталарга: “Бандаларимга қаранглар, менга сочлари тўзғиган, уст-бошлари чанг ҳолда келдилар, сизларнинг гувоҳликларингда уларнинг гуноҳларини кечирдим, гарчи гуноҳлари ёмғир томчиси ва қум заррасича кўп бўлса ҳам”».
Агар ҳожи (шайтонга) тош отса, Қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга берган ажр-савобни ҳеч кимса билмас. Агар сочини олса, Қиёмат куни унинг ҳар бир соч толаси нур бўлади, агар охирги тавофини битирса, у онасидан туғилган кундагидек гуноҳларидан фориғ бўлади” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Шубҳасиз, Аллоҳнинг бу улуғ фарзида жуда кўп фазилат ва ҳикматлар мавжуд. Мўмин банданинг бутун умри давомида билиб-билмасдан қилган гуноҳлари кечирилиши ва онадан янги туғилгандек пок бўлишининг хушхабари берилмоқда. Бунинг устига, мислсиз даражада ажру савобга эга бўлажак. Қолаверса, бутун дунё мусулмонларининг бирдамлик билан, оппоқ эҳромларда елкама-елка бўлиб, ака-ука, қавму қариндошлардек иноқ-иттифоқ бўлиб бирга ибодат қилишлари ҳар бир кишига жуда катта маънавий сабоқ беради. Ҳа, албатта, бу чексиз дарёи раҳмат, ҳар бир нафас ва сониялар ибодат бўлган муқаддас заминдир. Шу боис, ҳар бир мўмин-мусулмон умрида бир бора бўлса-да, бу улуғ ибодатга ошиқади. Бориб келганлар эса яна бориш ишқида куйиб ёнади. Бир дам уларнинг суҳбатларига қулоқ тутай десангиз борми, соатлаб ўтириб уларни тингласангиз-да, ёнларидан жилгингиз келмайди. Ахир, улар гуноҳлардан фориғ бўлган инсонлар бўлиб, ҳар бир сўзлари мисоли бир ҳикмат. Ихлос билан бажариб келган ибодатларини тавсифлашларининг ҳеч ҳам адоғи йўқ, оғизларидан гўёки бол томади.
Мустақилликнинг илк йиллари эди. Истиқлол шарофати билан кўплаб имкониятлар қатори, диёримиз мусулмонлари учун ҳаж ибодатига ҳам кенг имкон яратилиб, халқимиз бундан баҳраманд бўла бошлади. Ўша пайтда мен Самарқандда, бобомиз Имом Бухорий мақбараси ёнида жойлашган жоме масжид имом-хатибидек шарафли хизматда эдим. Ана шу кезларда саксон ёшлардан ошиб қолган падари бузрукворимни (Аллоҳ раҳматига мушарраф қилсин!) бу улуғ сафарга юбориб, зиёрат қилдиришдек улкан бахт насиб этди. Ул зотга мендан катта укам ҳамроҳ бўладиган бўлди. Укамнинг сўзлаб беришича, отам ёшлари анчайин улуғ бўлишига қарамасдан, мустаҳкам ирода ва руҳан тетиклик билан барча рукнларни бажарибдилар. Ҳажнинг барча амаллари адо қилиб бўлингач, ҳар кун бомдод вақтида бориб намозни адо қилар, Масжиди Ҳаромнинг мақоми Иброҳим томонидан жой олиб, йиғлаб-йиғлаб ибодатда бардавом бўлар эканлар. Бу улуғ сафардан уларнинг қайтадиган вақти яқинлашгач, кутиб олиб илк дуоларини олиш мақсадида аэропортга ошиқдим. Ниҳоят, интизор бўлиб турган кўзларимга падари бузрук кўриндилар, кўзларимга беихтиёр ёш қалқди. Юзлари аввалгидан-да нурли, гўёки Каъбаи муаззаманинг мунаввар нуридан чеҳралари баҳраманд бўлган эди. Мени бағирларига узоқ босиб кўзларида ёш билан: “Ўғлим, бу Аллоҳнинг даргоҳи шундай азиз жойки, бу жойни тавоф қилишни орзу қилиб не-не аждодларимиз армон билан ўтиб кетишмади. Шулар қаторида менинг ота-онам ҳам шу армон билан йиғлаб ўтдилар. Аммо шукрлар бўлсинки, минглаб юртдошларимиз қатори биз ожизларга бу бахт насиб бўлди. Айни дамда, Парвардигори оламнинг Байти тавофидан кейин, айни дуолар ижобат онларда, диёримизда ҳурликка сабабчи бўлган инсонни бир дуо қилайлик. Бу улуғ зиёратга шароит қилиб бераётган, халқимизга бугун бош бўлиб турган Юртбошимиз омон бўлсинлар. Бу истиқлол неъмати ҳам то Қиёматга қадар юртимизда барҳаёт бўлсин. Мен бу муборак заминга яна бир бор боришимга мўйсафид бўлиб қолганлигим боис кучим етмайди. Бироқ шунисига ҳам беҳисоб шукр, илоҳим, Аллоҳ таоло илмингиз ва мартабангизни зиёда қилиб, ҳар йили ҳожиларга бош-қош бўлиб, уларнинг хизматида қоим бўлишдек неъматга Раббим насиб айласин. Ана шу чоғда юртимиздаги эркинликни ва ҳаж ибодатларини армон қилиб ўтган барча аждодларимиз ҳақига дуолар қилинг”, деб йиғлаб-йиғлаб, дуолар қилган эдилар.
Ҳар сафар Каъбаи муаззамага борар эканман, айни падари бузруквор дуо қилган жойда бир муддат туриб, ўйга толаман, дуолар қиламан. Ўша чоғда қилган дуолари ва васиятлари ёдимга тушиб, кўзларимга ёш келади. У зотнинг дуолари ижобат бўлиб, бугун диёримиз мусулмонларига бош бўлишдек шарафли ва машаққатли хизматда туриб, юртдошларимизнинг хизматларини қилиб дуоларини олаётганимдан Раббимга шукрлар айтаман, кўнгилда ажиб мамнунлик ҳиссини туяман.
Беҳисоб шукрларки, бугун минг-минглаб юртдошларимиз ҳожилик неъматига мушарраф бўлиб, бу бахтиёр кунларга етказганига шукроналар ила умргузаронлик қилмоқдалар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм