Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Албатта, Баро агар Аллоҳга қасам ичиб бир сўз айтса, Аллоҳ таоло, албатта, уни рўёбга чиқаради”, деган сўзлари[1]
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қанчадан-қанча заиф, ожиз, кийими юпун кишилар борки, агар Аллоҳ таоло номига қасам айтса[2], албатта, Аллоҳ таоло унинг қасамини амалга оширади. Баро ибн Молик ўшалардандир”, дедилар.
Саҳобалар, ораларида Баро ҳам бор эди, мушриклар қўшинининг катта бир гуруҳига йўлиқиб қолдилар. “Эй Баро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сенга: “Агар Аллоҳ номига қасам айтсанг, албатта, сенинг қасамингни амалга оширади”, деганлар. Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб берасан!” деди. Бас, мушриклар қўшинининг бир қаноти енгилди. Сўнг Сус кўприги устида яна мушрикларнинг катта қўшинига йўлиқдилар. Мусулмонлар орасида ваҳима бошланиб, улар: “Баро, Аллоҳга қасам айтгин”, дедилар. Баро: “Эй Раббим! Сенга қасам ичиб айтаман, албатта, Сен бизга уларнинг қанотларини маҳв қилиб бериб, мени Пайғамбарингга етказасан”, деб дуо қилди. Мусулмонлар жойларидан қўзғалиб, жангга кирдилар. Мушрикларнинг отлиқ қўшини енгилди. Баро эса шу жангда шаҳид бўлди. Унинг шаҳид бўлиши Умар (розияллоҳу анҳу) халифалигида бўлган эди.
[1] Ҳасан ҳадис. Имом Термизий ривояти.
[2] Қасам айтиш – келажакда бир ишнинг бўлишини Аллоҳ номига ўз қасами билан таъкидлаш. Масалан, юқорида ҳадисда келганидек, Саъд ибн Абу Ваққос ўзига туҳмат қилган кишини баддуо қилиб қасам ичиши. Қасам ичиш – бўлиб ўтган воқеани бўлган, ёки бўлмаган, ёки ўша воқеада ўзини иштирок этган ёки этмаганини қасам ичиб таъкидлаш. Масалан, Аллоҳга қасам, бу иш бўлмаган, ёки, Аллоҳга қасам, мен буни қилмадим, каби.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган