Фатҳ сураси фазилатлари
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир оят туширилди, у менга бутун дунёдан маҳбуброқдир: “Эй Муҳаммад! Биз сизга улуғ фатҳни муяссар қилдик”» (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деди: «Менга бу кеча бир сура нозил қилинди, у чароғон қуёшли дунёдан ҳам менга маҳбуброқдир. У: “Инна фатаҳна лака фатҳам мубийна”, яъни Фатҳ сурасидир» (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбиядан қайтиб келаётганларида Фатҳ сурасининг: «Аллоҳ таоло Сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни ҳам мағфират қилди» (Фатҳ, 2) ояти каримаси нозил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда шод бўлиб: “Менга Ердаги барча нарсалардан ҳам афзалроқ оят нозил бўлди”, дедилар ва саҳобаларга ўқиб бердилар. Саҳобалар ҳам қувонишиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, муборак бўлсин! Аллоҳ таоло сизга марҳаматини очиқ баён этибди. Бизга қандай марҳамат қиларкин?” дейишди».
Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 5-оятини нозил қилди: «У мўмин ва мўминаларни остидан анҳорлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритиш учун ва улардан ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчириш учун (шундай қилди). Бу Аллоҳ ҳузурида улкан ютуқдир».
Фатҳ сурасини мунтазам ўқиб юрган одамга Аллоҳнинг марҳамати ва мағфирати бўлиши шубҳасиздир. Шу билан бирга, муҳим иш олдидан ушбу сура ўқилса ва енгиллик сўраб дуо қилинса, дуо ижобат, мушкул бартараф бўлади, иншоаллоҳ.
Раҳматуллоҳ қори ОБИДОВнинг
“Аллоҳнинг гўзал исмлари ва Исми Аъзам” китобидан
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан