Камбожада коронавирус сабабли барча қиморхоналар ёпилди
Камбожа ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли 1 апрелдан бошлаб мамлакатдаги барча қиморхоналарни ёпиш ҳақида маълум қилди, деб хабар қилади Phnom Penh Post нашри.
Нашрнинг маълум қилишича, Камбожа ҳукумати шунингдек, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилиш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда. Бош вазир Хун Сеннинг таъкидлашича, ушбу режимни жорий қилиш бўйича қарорнинг қоралама лойиҳаси тайёр бўлган ва шу ҳафта давомида муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, коронавирус шароити туфайли Камбожа 5 апрелдан бошлаб гуруч экспортини ҳам тўхтатади.
Мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолати бўйича жами 107 киши аниқланган, дейилади мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарда. 23 нафар бемор соғайиб уйига қайтган.