Мақолалар

Дангасаликнинг зарарлари ҳақида

Чоп этилди Aprel 2, 2020 Дангасаликнинг зарарлари ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Дангасаликнинг яна бир номи ишёқмасликдир. Яъни, ишламасдан ейиш ва кўпроқ ўз нафсига ором бериш. Табобат аҳлининг ёзишларича, бу ҳолат тана фаолияти­нинг бузилишини ва аъзоларининг вазифасини бажаришда мушкулликни юзага келтиради. Асаб тизимининг заифла­шиши, мушакларнинг бўшашуви, тана ҳаракати аъзоларининг сустлашиши ва қувватнинг кескин паса­йишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида зеҳннинг пасайиши, яхши фикрлай ол­маслик пайдо бўла бошлайди. Совуқ тез таъсир қилади, чунки аъзолар ҳаракати заифлигидан қон айланиши пасайиб, баданнинг ҳарорати пасаяди. Аъзоларнинг ҳаракатланиш жараёни қоннинг бутун тана бўйлаб ҳаракатидаги фаол­лашув ёки пасайиш қувватига боғлиқ бўлади. Чунки айни ҳаракат қуввати кислородни икки қон томирдан организмнинг барча қисмига етказиб беради ва зарур озуқа билан таъминлаб туради; тўқималардан аъзоларга барча кераксиз зарарли моддаларни кўчириб беради ва бу аъзолар уларни танадан аж­ратиб чиқаради. Дангасалик, яъни камҳаракатлилик бу каби муҳим фаолият жараёни сустлашувга омил бўлади. Бу муҳим жараённинг фаоллашуви аъзоларнинг ҳаётий жа­раёнда бажариши лозим бўлган ҳаракатларини юқори даражага олиб чиқади. Юқорида айтиб ўтилганидек, аъзолар ҳарака­тининг заифлиги кишининг ҳаётдаги ўрни заифлашувига олиб боради. Энг муҳими, нафас олиш ҳаракати ҳам суса­йиб, нам ҳаводан тортиб олинадиган модда миқдори ка­маяди. Булардан асосан қуйидаги салбий оқибатлар келиб чиқади:

Биринчидан, аъзолар ҳаракатининг сустлиги натижасида қон­дан келадиган уйғотувчи қувват пасаяди, бадан ҳарорати тушади ва умумий озиқланиш фаолияти бузилиши келиб чи­қади. Бу ҳолат қоннинг совиши ва ҳаётий қувват пасайишига сабаб бўлади.

Иккинчидан, қоннинг нотоза бўлиши оқибатида қизил қон таначалари карбонат ангидрид гази билан бузила­ди. Чунки нафас олиш ҳаракатининг қуввати заиф бўлиши боис, бу газ миқдори қонда кўпаяди ва қизил қон таначалари унга ёпишади. Шу тахлит қоннинг кислород сўриши сусаяди ва шунинг сабабидан қоннинг ҳаётий хусусиятлари заифлашади.

Учинчидан, аъзоларнинг суст ҳаракати сабабидан ва мушак тўқималарида қизиш камлигидан ортиқча нарсалар бадандан чи­қиб кетолмай, тўсилиб қолади. Чунки қонда кислороднинг етарли миқдорда бўлмаслиги мушак тўқималарини уйғотувчи қувватни заиф қилади. Танадаги барча мушак тўқималарида етарли ҳарорат ҳосил бўлмаслиги натижасида жамики аъзолар ҳаракати сустлашиб қолади.

Тўртинчидан, қоннинг заиф ҳаракати боис карбонат ангидрид гази қизил қон таначаларига қўшилиб кетади ва асаб, мушак толаларида заифлик ҳосил бўлади. Бундан юрак уриши суса­йиб, қоннинг оқиши сустлашади. Мия сезги органлари ва доимий ҳаракатланувчи асаб тизимида оғирлик кузатилади.

Бу салбий ҳолатлар сабаб барча аъзолар фаолияти пасайиб, натижада жисмоний ва ақлий қувват бутунлай сустлашади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм