Европани яна бир “кризис”дан қутқариш режаси тайёр(ми?)
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар молия вазирлари иштирокида кеча кечқурун бошланган музокара, мунозара ва баҳслар тун бўйи давом этган. Видеоконференция тарзида 16 соат чўзилган йиғилиш якунида тузилма раҳбари Мариу Сентену узоқ кутилган келишув натижасини эълон қилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар тарқатган.
“Бугун биз маъқуллаган ҳужжат қиймати қитъанинг жами Ялпи ички маҳсулоти 4 фоизига тенг. Бундан ташқари автоматик тарзда барқарорлаштирувчи кучларимиз ҳам бор. Демак, Европа иқтисодиётини эҳтимолий кризисдан қутқара оламиз. Жамоа мисли кўрилмаган натижага эришди. Биз ҳали ҳеч бир танг вазиятда бу даражада тез ва самарали қарор қабул қилмаган эдик“, — деди Сентену.
ЕИ давлатларини бирдамликка энг кўп чақирган Франция, Испания ва Италия, деярли мақсадларига эришди: ушбу мамлакатларга молиявий ёрдам ҳеч бир қўшимча шартларсиз, иқтисодиётга нисбатан қўйиладиган қатъий талаблар кўринишидаги чоралар қўлланмасдан туриб берилади. Музокаралар чоғида ушбу қарорга қарши чиққан Нидерландия охир-оқибат енгилди.
Битимда қайта тикланиш учун ажратиладиган умумий қарздан қандай фойдаланилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Мариу Сентену эса бу борадаги фикрини қуйидагича ифодалади:
“Махсус тузилган Европа фонди орқали ажратиладиган, “коронабонд“ деб номланган мазкур қутқариш маблағлари ҳақидаги саволга шундай жавоб бераман: “Мен Европа гуруҳи раиси сифатида баҳсларни бартараф этиш ва шу билан бирга тузилган битимдан ҳаволаниб кетмаслик устида ҳам жиддий иш олиб бораман. Ўйлашимча, ҳаммамиз сабр-тоқат намунасини кўрсатишимиз керак“.
Германия Нидерландия билан биргаликда, аввалига Европа барқарорлаштириш механизми (ESM) тузиш ва молиявий кўмак оладиган давлатларга жавобан, худди бир вақтлар Греция, Португалия ва Ирландияга нисбатан қўлланганидек, қатъий тежамкорлик сиёсатини жорий этиш таклифини билдирганди. Якунда бу икки қарши давлат ҳам ўз қарорларини ўзгартиришга мажбур бўлишди.
Қайд этилишича, ажратиладиган маблағнинг 300 миллиард евроси ишсизларни, шунингдек кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Европа гуруҳи шу йўл билан сўнгги ўн йилликда юзага келиши мумкин бўлган иккинчи йирик кризисни четлаб ўтиш ниятида.