ЖССТ Бош директори: Европада коронавируснинг тарқалиши пасаймоқда. Аммо…
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Европада коронавирус инфекцияси тарқалиши секинлашаётганини маълум қилди.
Бу ерда гап Испания, Италия, Германия ва Франция ҳақида кетмоқда. Аммо ЖССТ кузатувларига кўра, вазият Африка мамлакатлари билан кескинлашади.
“Сўнгги бир ҳафта ичида, биз коронавирусдан энг кўп зарар кўрган Европанинг баъзи мамлакатларида — Испания, Италия, Германия ва Францияда инфекция тарқалишининг пасайгани кузатилганидан мамнунмиз“, дейди Тедрос Адханом Гебрейесус.
Аммо ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, бошқа баъзи минтақаларда вазият оғирлашмоқда. Аввало, Африкада.
ЖССТда вирус Африка мамлакатларининг қишлоқларида тарқала бошлагани ҳақида маълумотлар мавжуд.
“Биз аллақачон ҳаддан ташқари юкни ўзи зиммасига олган соғлиқни сақлаш тизимлари ишида жиддий қийинчиликларни кутмоқдамиз, айниқса, қишлоқ жойларда.Маълумки, қишлоқларда одатда шаҳарларда мавжуд ресурслар мавжуд эмас“, дейди ташкилот Бош директори.
Коронавирус билан боғлиқ яна бир таҳдид — тиббиёт мутахассислари орасида инфекцияни юқтириб олиш ҳолатларидир. ЖССТ маълумотларига кўра, баъзи мамлакатларда аллақачон тиббиёт ходимларининг 10 фоизи коронавирусни юқтириб олган.
Шунингдек, ЖССТ Бош директори баъзи мамлакатлар одамларнинг ҳаракатланиши ва ўзини ўзи яккалаш каби чекловларни бекор қилинаётганига ҳам муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай тадбирларни қўллашга ҳали эрта.
“ЖССТ, бошқалар каби, чекловлар тезроқ бекор бўлишини истайди. Аммо чекловларнинг жуда тез олиб ташланиши янада ҳалокатли таҳдидга олиб келиши мумкин ”, дейди у.
Халқ сўзи