Дунё янгиликлари

Рамазон ойида Саудия Арабистонида таровеҳ намозлари уйда ўқилади

Чоп этилди Aprel 13, 2020 Рамазон ойида Саудия Арабистонида таровеҳ намозлари уйда ўқиладиda fikr bildirishni o'chirish

Коронавирус пандемияси бартараф этилмас экан, Саудия Арабистони масжидларида жамоат намозлари ўқилишини тўхтатиб туриш бўйича қарор ҳам ўз кучида қолади. Бу Рамазон ойидаги таровеҳ намозларига ҳам тааллуқли. Бу ҳақда подшоҳликнинг ислом масалалари бўйича вазири Абдулатиф аш-Шайхга таяниб, Saudi Gazzette хабар берди.

Абдулатиф аш-Шайхнинг тушунтиришича, суннат ҳисобланувчи таровеҳ намозидан кўра, кундалик беш маҳал фарз намозларининг масжидларда ўқилиши тўхтатиб турилгани анча муҳимроқ аҳамият касб этади.

«Ўқийдиган таровеҳ намозимиз хоҳ масжидда бўлсин, хоҳ уйда қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз», — дейди вазир. У эҳтиёт чораси сифатида дафн маросимларида марҳумнинг кўпи билан 5-6 нафар қариндоши қатнашиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Кўпчиликнинг бир жойга йиғилишига қўйилган тақиқ сабабли қабристондаги жаноза намозида қатнашувчи марҳумнинг қариндошлари 5-6 кишидан ошмаслиги жоиз. Марҳум учун жаноза намози ўқишни истаганлар уйларида ҳам ўқишлари мумкин», – дея маълум қилган Абдулатиф аш-Шайх.

Подшоҳликда рамазон ойи 24 апрелдан бошланиши кутилмоқда.
6 апрель куни Саудия Арабистони ҳукумати Макка ва Мадинадан ташқари яна бир қатор шаҳарда комендантлик соати жорий этилишини маълум қилган эди.