Сийрат
(Давоми, бошланиши ўтган сонларда)
Комил шаклу шамойил ва гўзал хилқат
Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бундай байтлар битган:
Мукаммалдур у зотнинг сифатию сурати,
Холиқ Зот Ҳабиб айлаб танлаб олгандир асли.
Оламда ягонадир, гўзалликда тенги йўқ,
Худди жавҳар кабики, топилмас асло мисли.
Қуртубий айтади: «У зотнинг шаклу шамойиллари ва гўзал хилқатлари бизга тўлалигича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал ҳолатда намоён бўлганида, ул зотни кўришга асло тоқатимиз етмас эди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етук шаклу шамойил ва гўзал хилқат берилганига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган хабарлар жуда кўп. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табаррук жисмларини бекаму кўст ва беназир кўринишда яратганига имон келтириш у зотга тўла имон келтиришнинг шарти ҳисобланади.
Муборак ва порлоқ юзлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди юзларида қуёш юргандек чиройли ва порлоқ юзли киши эдилар. «Қуёш ўз фалакида қандай юрса, гўзаллик ул зотнинг юзларида худди шундай жилваланар эди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни, ўта семиз) ҳам, мукалсам (яъни, ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки юзларида бирозгина юмалоқлик бор эди (Имом Термизий ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бир парчасидек яшнаб кетар эди».
Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг гардишига ўхшар эди».
Абу Туфайлдан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг», деб сўраганларида у киши бундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди» (Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди» (Имом Муслим ривояти).
Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидлаганлар.
Муборак ва порлоқ юзлари
Ҳасан ибн Али тоғаси Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, салобатли ва виқорли зот эдилар. Юзлари худди тундаги тўлин ойдек чарақлаб турар эди» (Имом Термизий ривояти).
Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, шундай деган: «Мен бир у зотга, бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзал эдилар» (Имом Термизий ривояти).
Робиъ бинти Муъаввиздан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг», деб сўрашганда: «Эй ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз», деб жавоб берган (Имом Термизий ривояти).
Умму Маъбад ҳам Набий алайҳиссаломнинг тавсифларини шундай келтирган экан: «Мен покиза, гўзал хулқли, чиройли юзли ва хушрўй кишини кўрдим» (Имом Байҳақий ривояти).
Ҳамадонлик бир аёл: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман», деган эди, ундан: «У зотни бизга васфлаб беринг», деб сўрашди. Аёл: «У зот худди ой тўлган кеча кўкда порлаб турган ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотга ўхшаш инсонни кўрмадим», деди (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли ёноқлари тавсифига келсак, ёноқлари текис эди (яъни дўппайиб ҳам турмаган, ичига ҳам ботмаган).
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди: «(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oққaни ҳaм йўқ, ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ» (Нажм сураси, 17-оят).
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз пайти қандай кўрсалар, қоронғи кечада ҳам шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.
Ибн Абу Ҳола нақл қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқа ёки ён томонларига қарасалар, таналари билан тўлиқ бурилиб қарар эдилар. Муборак назарлари пастга қарар эди (яъни нигоҳларини кўпроқ пастга қаратар эдилар). Қарашлари ўйчан ва мулоҳазали эди (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни қизғишроқ) киши эдилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Бошқа бир ривоятда: «Кўзлари тим қора эди», дейилган (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ривоятда эса: «Кўзларининг оқида бироз қизиллик бор эди», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Кўзнинг оқ қисмида қизиллик бўлиши арабларда мақталган ва маҳбуб кўрилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу хусусдаги ҳадисларнинг лафзлари турлича бўлса-да, барчаси бир маънода келган.
У зотнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.
Қошларининг тавсифига келсак, улар узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига туташмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли киши бўлганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари ўртачадан кенг ва каттароқ эди. Тишлари оппоқ, оралари озгина очиқ эди. Икки олд тишлари, яъни курак тишларининг ораси ҳам очиқ эди. Оғизларидан доимо хушбўй ҳид келарди.
Муҳаммад Ҳасаний Моликийнинг
«Икки олам сарвари» китобидан Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 4-сонидан