Мақолалар

Таъзия

Чоп этилди Aprel 19, 2020 Таъзияda fikr bildirishni o'chirish

Мусибатзадаларга таъзия билдириш одобдир. Аза муддати ўлган кундан бошлаб уч кунгача ҳисобланади. Бундан ортиқ аза тутиш макруҳдир. Аммо таъзия билдирадиганлар бўлмай, уч кундан кейин келишса, унда таъзия билдириш жоиз. Аёл киши эри учун тўрт ою ўн кун аза тутади. Бу азанинг маъноси ўзини зийнатлаб, янги кийимларини киймасликдир. Шу муддатда азадор аёлга совчи ҳам қўйилмайди. Балки бирор ишора қилиш жоиздир.

Мусибатзадага ушбу сўзларни айтиш мустаҳабдир:

Яъни, «Аллоҳ таоло марҳумни мағфират қилсин, гуноҳла­ридан ўтсин, Ўз раҳматига чўмдирсин, бу мусибатда сизга сабр берсин ва унинг эвазига сизни ажр билан мукофотласин».

Энг афзал таъзия билдириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирган таъзиядир: «Албатта, олишлик ва беришлик Аллоҳнинг ишидир. Ҳар бир нарса маълум миқдор билан Унинг ҳузуридадир».

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ عَزَّى مُصَابًا فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша мусибатзадага берилган ажрча ажр берилади», дедилар». Имомлар Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган[1].

Суннатга кўра, хоҳ дафндан олдин, хоҳ дафндан кейин бир марта таъзия изҳор қилинса кифоя. Умуман, мусибат етган одамга ҳамдардлик қилиш, таъзия изҳор қилиш савобли иш.

قال أحمد: قد روينا في، حديث عبد الله بن أبي بكر بن محمد بن عمرو بن حزم، عن أبيه، عن جده، أنه سمع النَّبِيَّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يقول: «مَنْ عَزَّى أَخَاهُ الْمُؤْمِنَ مِنْ مُصِيبَةٍ كَسَاهُ اللهُ حِلَلَ الْكَرَامَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»

Абдулло ибн Абу Бакрдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бир мўмин биродарига мусибатида таъзия изҳор қилса, албатта, Аллоҳ унга қиёмат куни каромат кийимини кийдиради», дейилган. Имом Аҳмад ривоят қилганлар[2].

Шунинг учун мусибат кўрган кишиларга таъзия билди­ришга алоҳида эътибор бериш керак. Уни такрор билдириш макруҳдир.

Ўз яқинидан жудо бўлган киши бу фурсатни ғани­мат билмоғи керак. Чунки бу етган мусибатга гўзал кўринишда сабр қилиб, улуғ ажр-савобларга эга бўладиган вақтдир.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْقَاسِمِ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لِيُعَزِّ الْمُسْلِمِينَ فِي مَصَائِبِهِمُ الْمُصِيبَةُ بِي. رَوَاهُ اْلإمَامُ مَالِكٌ.

Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Мусулмонларга мусибатларида уларга мен туфайли етган мусибат таъзия бўлсин», дедилар». Имом Молик ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари туфайли етган мусибат каби мусибат йўқдир. Бу мусибат дунёдаги ҳар бир мусулмон учун ҳар доим энг катта мусибат ҳисобланади.

Баъзилар ўзига етган мусибатни дунёда энг катта мусибат деб билаётган бўлса, бошқа мусулмонлар унга ўзини қаттиқ койитмасликни, мусибатнинг каттаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари эканини, Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин бошқалар дунёга устун бўла олмаслигини айтиб, насиҳат қилсинлар. Таъзияда таскин-тасалли бериш шундай бўлади.

Ўлик чиққан хонадонда аза кунларида зиёфат уюштириш макруҳдир. Чунки зиёфат хурсандчилик белгисидир. Аммо марҳумнинг номидан хайр-эҳсон, садақа қилиш, очларни таомлантириш, яланғочларни кийинтириш суннат амаллардандир. Бу ишлар кун саналмай, имкониятдан келиб чиқиб қилинади. Ҳамма қилиши шарт эмас.

Шунингдек, маййит хонадондан олиб чиқилганидан кейин у ерда ёки қабр устида жонлиқ сўйиб, таъзияга йиғилганларга таом тайёрлаш макруҳ бидъатдан ҳисоб­ланади. Чунки бу ишлар ҳам хурсандчилик, зиёфат аломатидир.

Аза кунларида қўни-қўшнилар, ёру дўстлар овқат тайёрлаб, марҳум хонадонига олиб боришлари ёки юборишлари маъқулдир. Азадорнинг таомидан хабар олиб турилмаса, у ўзининг мусибати билан машғул бўлиб, бу нарсалар унинг кўнглига сиғмай қолади[3].

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَعْفَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا جَاءَ نَعْيُ جَعْفَرَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اصْنَعُوا لأَهْلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا فَإِنَّهُ قَدْ جَاءَهُمْ مَا يَشْغَلُهُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаъфар ўлимининг хабари келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар». Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдан мусибатзадаларга қариндош-уруғ­лари, яқинлари ва қўни-қўшнилари таом тайёрлаб чиқариб туришла­ри лозимлиги аён бўлмоқда. Чунки мусибат билан бўлиб, улар ўзларига унча қарай олмайдилар.

Иккинчидан, бошқаларнинг эҳтимоми, раҳм-шафқат кўрсатиши мусибат аҳлига тасалли беради, кўнгилларини кўтаради.

Шунингдек, баъзи жойларда аза кунларида ўлик чиққан хонадонда тухум ёки яна фалон-фалон нарсаларни еб бўлмайди, деган гаплар юради. Бу асоссиз, далилсиз, таги йўқ ва бидъат гаплардир. Ҳақиқий мусулмон киши бундай бидъат-хурофотларни тасдиқ этмаслиги ва бартараф қилиши лозим.

[1] Имом Ибн Можа. “Сунани ибн Можа”. Байрут: “Дорул жайл”, 1998, 3-жуз. 117-бет.

[2] Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим ал-Муборакфурий. “Туҳфатул Аҳвазий”. Байрут. Дорул кутубул илмия. 8-жуз 193 бет

[3] Аброр Абдуазимов. «Таҳорат ва намоз ҳукмлари». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2005, 109-бет.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан