Парвардигорнинг “ҳафаза” фаришталари
“Руҳ ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар” (Наба сураси, 38-оят).
Абу Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дедилар: «Руҳ Аллоҳ таолонинг лашкарларидан бўлган бир лашкардир. Улар фаришта эмас. Уларнинг боши, қўли ва оёқлари бор, дея: «Руҳ ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда» оятини тиловат қилдилар ва «улар лашкардир, улар лашкардир», дедилар». Бу оятдаги “Руҳ”дан мурод нима экани хусусида тафсир китобларида кўплаб фикрлар келган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Руҳ тўртинчи осмондаги фариштадир. У осмонлар ва тоғлардан-да улуғ, фаришталардан ҳам каттадир. У ҳар куни яратган Раббисига ўн икки минг марта тасбеҳ айтади. Унинг ҳар бир айтган тасбеҳи учун Аллоҳ таоло биттадан фаришта яратади. У фаришталар қиёмат куни бир саф бўлиб тизилиб туради» (Ибн Жарир ривояти).
Баъзи муфассирлар, у – Жаброил алайҳиссалом, деса, бошқалари мусулмон бандаларнинг руҳидир, деб таъвил қилишган. Яна айримлар эса улар фаришталарга назоратчи қилиб тайинланган “ҳафаза”лардир.1 Ҳафазалар фаришталарни кўради, аммо фаришталар ҳафазаларни кўрмайди, дейишган.
Имом Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсонларнинг руҳи жасадига қайтарилишидан олдин икки сур чалиниш вақти ўртасида улар фаришталар билан бирга саф тортади”.
Мазкур оятдаги “Руҳ” “(У Зот) Ўз амри ила фаришталарни руҳ-ваҳий билан нозил қилур”2 оятига мувофиқ осмондан туширилган китоблар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ҳам бор. Бинобарин, нозил қилинган ана шу самовий китоблар ҳаққини зое қилиб, яъни уларга амал қилмай юз ўгирган кишилар билан хусуматлашувчи, уларнинг ҳақларини адо этиб, ичида ёзилган амрларга амал қилганларни шафоат қилгувчи бўлади.
Яна баъзи муфассирлар, бу (Руҳ) калима шарҳланмайди, маъноси бандаларидан яшириндир. Аллоҳ таоло: “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Раббимнинг ишидандир….”, деб айт”3, деган, дейди.
“… фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар” калимасидаги “Раҳмон изн берган киши”дан мурод шафоат қилишга лойиқ бўлган банда, деб тушунилади. Яъни, шафоат қилувчи шафоат қилаётган вақтда фақат ростини гапиради. Аллоҳнинг ҳайбати сабаб уни ҳадик ва қўрқув қамраб олади ва уни ҳақиқатдан йироқлашишига изн бермайди. Ёки Аллоҳ таоло уни ҳақиқатни сўзлаши нусрат беради. Натижада унинг тилида фақат ҳақ сўзлар жорий этилади.
Баъзи муфассирлар , «рост сўз»дан мурод «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимасидир, дейди. Баъзилар бу оятнинг маъноси “дунё ҳаётида фақат тўғри сўзни сўзлаганларгина шафоат қилади”, деганидир, дейди. Бу ҳам кучли таъвилдир, дейди Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ.
Оятда келган «[ » َّ الص َو ُ ابас-совааб] – кишининг ўзи эътиқод қилиб келаётган тавҳид борасида мустаҳкам туришидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот: “Ё Аллоҳ, мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат этадиган кишилардан қил”, деб дуо қилаётган бир кампирнинг олдидан ўтди ва унга: “Ё Аллоҳ, мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатдаги дўстларидан қил”, дея дуо қилинг. Чунки у зотнинг шафоати умматлари орасидан гуноҳи кабира қилганлар кимсалар учун бўлади”, деди.
Мўътазилийлар Али розияллоҳу анҳунинг ушбу гапини ушлаб олиб: “Агар сизлар: “Ё Аллоҳ! Муҳаммаднинг шафоатини бизга насиб эт”, десангиз, батаҳқиқ, “Ё Аллоҳ! Бизларни катта гуноҳларни қиладиганлардан қил”, деган бўласизлар. Чунки унинг шафоати, ўзингиз даъво қилганингиздек, катта гуноҳ қилганлар учун”, дея аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагиларга эътироз билдирди.
Уларнинг бундай қинғир эътирозларига жавоб шуки, ширкдан бошқа гуноҳи кабирага қўл урган кимсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига тавҳиди ва яхши ишлар сабабли эришади. Банданинг қилган яхшиликлари уни шафоатга лойиқ этади. Агар унинг мана шу яхшиликлари бўлмаганида эди, у асло шафоатга эриша олмасди. Агар киши: “Ё Аллоҳ! Мени Пайғамбаринг шафоатидан насибадор эт”, дейдиган бўлса, демак, у: “Ё Аллоҳ! Мени яхши ишларни қилишга муваффақ эт. Шафоатга эришмоғим учун мени ҳам Сени улуғлайдиган ва тоат-ибодат ила Сенга яқин бўладиганлардан қил”, дегани бўлади. У ўзининг бу дуоси билан мени гуноҳи кабира қиладиганлардан қил, дейишни мақсад қилган бўлмайди.
Аллоҳ таоло бундай марҳмат қилади: “Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ) қорнида, то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди”4. Яъни, Юнус алайҳиссаломни наҳанг балиқнинг қорнидан қутқарган нарса унинг айтган тасбеҳи экани баён этилди. Агар Юнус алайҳиссалом тасбеҳ айтмаганида, балиқ қорнидан чиқиб нажот топишига йўл йўқ эди. Гуноҳи кабира қилган киши ҳам худди шу сингари шафоатга ҳақли бўлади. Гуноҳи кабира қилиб шафоатга ҳақли бўлгани учун эмас, олдин қилиб ўтган яхшиликлари сабаб абадий бўладиган жаҳаннам азобидан қутилиб қолиши умид этилади, дейилган.
1 «Ҳафаза» – ҳар бир фариштага
бириктирилган, уларнинг устларидан назорат
қиладиган бошқа бир фаришталарнинг номи.
2 Наҳл сураси, 2-оят.
3 Исро сураси, 85-оят.
4 Соффот сураси, 143-144 оят.
Мўътабар тафсир китоблари асосида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 5-сонидан