Исломга интилган аёл. МАРИНА ИСЛОМГА КИРДИ, ОНАСИ ВА ИККИ СИНГЛИСИ УНГА ЭРГАШДИ
Тўққиз йилча бурун АҚШнинг Висконсон штатилик Марина мисрлик оила юритадиган кафетерийда официантка бўлиб ишлар эди. У Рамазон айни жазирама иссиқда бошланадиган кезларда иш бошлаган эди. У бошида кафе эгаларининг нега шунчалик иссиқда ҳам бирор нарса емаётгани, ҳатто сув ҳам ичмаётганини кўриб ажабланди. Рўза ҳақида эшитганидан сўнг улар билан бирга рўза тутиб кўришга қарор қилди.
Рамазоннинг охирларига яқинлашган кезларда бу жараён Маринага шунчалар ёқиб қолдики, натижада у Исломни ўрганишга киришиб кетди. Коллежда Сакина деган муслима қиз билан дугона бўлди. Сакина унга намоз ўқишни ўргатди ва кўп ўтмай Марина Исломга кирди, деб хабар беради IslamNews Wisconsin Muslim Journal га таянган ҳолда.
Марина Шаҳодат калимасини келтирганидан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтиб жазоирлик талаба Массауд Зуагига турмушга чиқди.
Унинг онаси Жилл Очоа қизининг қарорига қатъийн қаршилик кўрсатишга ўринган бўлса-да, аммо унинг ўзи ҳам кўплаб саволларига насронийлик эътиқодидан жавоб топа олмай юрган эди. 2009 йилдан бошлаб Жилл фил касаллигидан азият чекарди ва оғир хасталик унга ҳаётнинг маъноси ҳақида кўп фикр юритишга мажбур қиларди.
Бир куни Жилл уйига имом, раввин ва пасторни чақириб улардан: “Агар инсон ўз боласига нисабатан даҳшатли жиноят содир қилса-ю, кейин ўлими олдидан бу иши учун тавба қилса, Жаннатга кирадими?” деб сўради учта дин арбобларидан. Раввин ва пастор қатъий ишонч билан, албатта, деб жавоб беришди. Имом эса бошини ирғаб, “Бунинг жавобини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Биз дунёни тарози деб биламиз. Гуноҳ-савобларнинг вазни ҳам турлича бўлади”, деди.
Бу жавоб Жиллга қаттиқ таъсир қилди ва у ҳам қизига эргашиб муслима бўлишга қарор қилди. Аёл 47 ёшида Исломга кирди ва бошига рўмол ўради.
Ҳозир Маринанинг исломий тарбия топиб ўсаётган икки нафар жажжи фарзанди бор. Унинг сингиллари Жейд ва Мелисса ҳам Марина ва онасига эргашиб муслима бўлдилар.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади