
Тижорат
Тижорат инсоният жамиятида зарурий ишлардандир. Унга барча уммат (миллату элат) ҳаёти боғлиқ бўлади. Тижорат халқларни билишда, мустақил фикр ва иш қилишга сабаб бўлади. Бир давлат бошқасидан катта фазилатли тижорат иши билан ҳам фарқланади.
У маданият рукнидан бир рукндир. Олди-сотди пешқадамлик ва бой бўлишга интилишнинг асли ҳисобланади. Шунингдек, у ҳар қандай яхшилик ва хурсандчиликнинг ҳам аслидир. Тижорат боис саноат юксалади ва зироатчилик илгарилайди.
Тижоратнинг шартлари
Тижоратчи билиши муҳим бўлган нарсалар қуйидагилар:
– тижоратчининг тижоратга кифоя қиладиган сармоя (пули) бўлиши шарт. У тижорат қилиш учун қарз ёки фоизга пул олмасин. Тижорат учун қарз ёки фоизга пул олиш тижоратнинг зиёнли ва фойдасиз бўлишига сабаб бўлади.
– тежамкорлик (иқтисодли) бўлиши шарт. Яъни, сармояга тегмаслик. Балки фойдадан сармояга қўшиши керак. Чунки тижоратнинг офати – исроф қилиш унинг зараркундаси, яъни қурти бўлса, баракаси эса иқтисод қилишдадир.
– тижорат қонунларини яхши билиши ва бозор ҳолатидан хабардор бўлиши лозим. У ҳар нарсадан фойда олиш миқдорини билиши лозим. Одатда сотиладиган нархда сотиб, сотиб олишнинг нархини билиши лозим. Сотиб олишда моҳир бўлиши лозим. Иложи бўлса, у арзон нархда сотиб олиб, фойда қоларли қилиб сотишни билиши лозим.
Энг муҳим шартлардан бири тижоратчининг қаноатли бўлишидир.
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг фаолияти бунга мисол бўла олади. У зотнинг мол-дунёси қирқ минг динорга етди. Бу пуллар билан заифларни озод қилар эди ва камбағал мусулмонларни едириб-ичирар эди. Бусрога тижорат учун чиққанида ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суҳбатларига ва доим у зотга ҳамроҳ бўлишга ҳарисманд эди.
Ибн Асокир ривоят қилган:
Умму Салама (розияллоҳу анҳо): “Абу Бакр Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларида Бусрога тижорат учун чиқдилар”, деди.
Ҳатто ул зот мусулмонлар амири ва халифаси бўлганларидан сўнг ҳам одатларига кўра, бозорга тижорат ва ишлаш учун чиқар эди.
Шунда мусулмонлар у кишини бу ишдан тўхтатишар ва раҳбар уммат иши билан машғул бўлиши керак, деб маслаҳат беришарди.
Ибн Саъд айтади: “Абу Бакр халифа бўлганларида эрталаб эгниларидаги кўйлакни судраб бозорга чиқдилар. Йўлда Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳга йўлиқдилар. Улар иккови:
– Мусулмонлар амири бўлдингиз, нега бу ишни қиляпсиз? – дейишди.
– Оиламни қаердан таомлантираман? – деди Абу Бакр.
– Сизга ҳақ-маош ажратамиз, – деди ҳазрат Умар билан Абу Убайда.
Шундан сўнг у кишига кунлик ҳақ (бир қўйнинг ярмини) ажратишди”.
Мусулмонлар ўз диёрлари ва уй-жойларини ташлаб, Аллоҳ Каломини улуғлаб ва Ҳақ таолонинг чорловига жавобан Мадинага ҳижрат қилган кун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳожирлар ва ансорларни – Абдураҳмон ибн Авф билан Саъд ибн Рабеъни бир-бирига қиёматлик биродар тутинтирганларида, Саъд ибн Рабеъ Абдураҳмон ибн Авфга: “Мен молимни иккига бўламан, ярми сенга, ярми менга. Менинг икки хотиним бор, сен уйланишинг учун биттасининг жавобини бераман”, – деди.
Абдураҳмон ибн Авф унга: “Менда сенинг молингга ҳам, аҳлингга ҳам ҳожат йўқ. Аллоҳ иккаласида ҳам сенга барака берсин. Лекин менга бозорни кўрсат”, – деди.
Абдураҳмон ибн Авф тижорат қилди ва катта бойликка эришди. Ҳатто бир марта унга етти юз туяда буғдой, ун ва озиқ-овқат келди. Карвони Мадинага киргач, ул зотнинг Аллоҳ таоло йўлида барчасини камбағал-мискин бечораларга садақа-эҳсон айлагани нақл қилинган.
Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Юқори қўл (яъни, берган қўл) пастки (яъни, олган) қўлдан яхшидир”.
Шунингдек: “Инсонларнинг энг яхшиси инсонлардан беҳожат бўлганидир, инсонларнинг ғазаблантирадигани инсонларга ўз оғирини ташлаб оладиганидир”.
“Одамлардан беҳожат бўл, сен уларнинг тенги бўласан. Кимдан бирон нарса тиласанг, сен унинг асири бўласан. Хоҳлаган кишингга яхшилик қил, сен унинг амири бўласан”.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм