Тинчлик қадри
Фарғона водийсига Афғонистондан бир сайёҳ келди. Аллоҳнинг марҳамати, мустақиллик шарофати ила обод кўчалар, муҳташам бинолар, бозор тўла нознеъматлар ва одамлар юзу кўзидаги шукроналик меҳмонни ҳайратга солди.
Бутун водий бўйлаб саёҳат қилган меҳмоннинг юзидаги ҳадик ва хавфсирашнинг ўрнини хотиржамлик эгаллади. У саҳармардонда уйғониб мезбонларга: “Сизлар менчалик тинчликнинг қадрига етмайсизлар”, деди.
Мезбонлар бироз ранжиб: “Йўғ-е, нима учун биз тинчликнинг қадрига етмас эканмиз. Барчаси учун Аллоҳга беҳисоб шукрлар айтамиз. Юрт равнақи учун ҳаммамиз баҳоли қудрат меҳнат қиламиз”, дейишди.
Меҳмон фикрида қатъий туриб: “Мен неча йиллардан бери биринчи марта тинчгина ухладим. Ҳадик, хавф-хатар йўқ. Бу сизлар учун одатий ҳолдир, лекин биз учун ўта камёб ҳодисадир”, деди.
Илоҳим, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин. Ё Аллоҳ! Бутун оламларни тинчлик, омонлик неъматингдан айирма…
Санобархон БОЙХОНБОЕВА
фахрий педагог
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан