Тавба мақоми
Аллома зотлар таъкидлашича, мақомлар банданинг Аллоҳ наздидаги даражалари, ибодат, жидду-жаҳд, риёзат каби амалларда собит туриш босқичлари демакдир. Абу Бакр Воситий раҳимаҳуллоҳ “Вафот этганларнинг руҳлари гуруҳларга ажралган бўлади” (Имом Бухорий ривояти) деган ҳадис хусусида бундай дейди: “У ҳар бир киши эришган мақоми – даражасига биноан бўлади. Ўша мақомотдан: тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, ризо, таваккул ва бошқалар бўлиб, банда шулардан қайси бирига етишган бўлса, ўша гуруҳда бўлади”. Ушбу мақомлар ҳақидаги маълумотларни бирма-бир ёритишни мақсад қилдик.
Тасаввуф аҳли мўминларни умумий эътибордан уч даражага ажратган: авом, хос ва хослар хоси. Авом мусулмон – буюрилган фарз ва суннатларни адо қилиб юрувчи. Хос – фарз ва суннатдан зиёда амал қилади. Хослар хоси икки даражани босиб ўтган, қалби Аллоҳ зикри билан доим машғул зот.
Абу Яъқуб Юсуф ибн Ҳамадон Сусий раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ таолога тамоман юзланган киши эришиши керак бўлган биринчи мақом тавбадир.
Усул уламолари тавба тўғри бўлишининг шарти учта эканини айтади: шариатга зид амалларига пушаймон бўлиш, гуноҳни тарк этиш ва гуноҳ саналган ишларга қайтмасликка азму қарор қилиш.
Нўъмон ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, баданда бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, баданнинг ҳаммаси соғ бўлади. Агар у бузуқ бўлса, баданнинг ҳаммаси бузуқ бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим Имом Байҳақий ривояти).
Тавба қалб соғлом бўлишининг биринчи омилидир. Тавба барча бандага бирдек вожибдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад Имом Ҳоким ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз”, (Нур сураси, 31-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Гуноҳдан тавба қилувчи худди гуноҳи йўқ кишидекдир. Аллоҳ бирон бандани яхши кўрса, унга гуноҳ зарар қилмайди, деганлари ва: «Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади», оятини тиловат қилганларини эшитдим. Шунда ё Аллоҳнинг Расули, тавбанинг аломати нима? деб сўралди. У зот: “Пушаймонликдир”, дедилар”
Зуннун Мисрий айтади: “Авом гуноҳларидан тавба қилади, хосларнинг тавбаси эса ғафлатидан бўлади”. Воситий бундай дейди: “Насуҳ (ҳақиқий) тавба эгасида яширин ва ошкор гуноҳлар қолмайди”.
Абу Али Даққоқ айтади: “Тавба уч қисмдир: тавба, иноба ва авба. Тавба тавба мақомининг бошланиши, авба охири, иноба иккисининг ўртаси. Жазодан қўрқиб тавба қилувчилар иноба соҳиби. Савобли ишларда рағбати камлигидан тавба қилган киши авба соҳибидир. Тавба мўминнинг сифатидир. Аллоҳ таоло айтади: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар” (Нур сураси, 31-оят). Иноба авлиё ва муттақинларнинг сифатидир. “Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба қилувчи қалб билан келган кишилар”(Қоф сураси, 33-оят). Авба пайғамбарлар сифатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У қандай ҳам яхши (авваб) бандадир”, (Сод сураси, 30-оят)”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен Унга ҳар куни юз марта тавба қиламан”, дедилар (Имом Муслим Имом Термизий ривояти).
Саҳобалар мақомотда хосларнинг хоси эдилар.
Ҳанзала Усаййидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: (У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан эди). …Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим. Ул зотнинг олдиларига кириб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун?» дедилар. «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳатто биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай, бир соат ундай, бир соат бундай», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Бу ривоятдан саҳобаларнинг ғафлатда қолишдан хавфга тушишлари маълум бўлмоқда.
“Ал-лумаъ” ва “Рисолатул қушайрия” китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 5-сонидан