Отинойи қандай фазилатларга эга бўлиши керак?
Отинойи – дин ва шариат билимдони, шунингдек, аёллар ўртасида диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида обрў-эътиборга сазовор кайвони аёл. “Отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмларига қўшиб айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, фиқҳ, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.
Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайди. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний соҳадаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарори асосида отинойи фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган меъёрийҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, отинойининг лавозим йўриқномаси ҳамда отинойилик фаолиятини тизимга солишга доир тегишли қоидалар жорий этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қарори билан тасдиқланган ҳужжат отинойилик фаолияти билан шуғулланиш учун гувоҳнома бериш тартиби, отинойи мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш, отинойиларнинг билим ва малакасини тизимли ошириб бориш каби масалаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолият юритиб келаётган барча отинойиларга ягона шаклдаги гувоҳномаларни беради.
2019/2020 ўқув йилидан “Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртларида малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўлими ташкил этилди. Ўқув режа ва дастурлари тингловчиларнинг диний ва дунёвий билим даражаси, ҳудудий хусусиятини инобатга олган ҳолда ҳар бир тоифа бўйича ишлаб чиқилади.
Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўлимлари фаолиятини илмий, ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Илмийуслубий кенгаш томонидан амалга оширилади.
Ўқувлар бевосита “Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” аёл-қизлар билим юртларида ҳамда отинойиларнинг яшаш жойи бўйича туман (шаҳар)ларда ташкил этилади. Маърузачилар Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг ҳудудий филиаллари ҳамда жойлардаги ўрта махсус ислом билим юртлари ва дунёвий таълим муассасаларидан жалб этилади.
“Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” аёл-қизлар билим юртларида 2019/2020 ўқув йилидан диний (412 соат) ва дунёвий (192 соат) фанларни қисқартириб, ўқув режаларини оптималлаштириш ҳисобига 3 йиллик таълим тизими жорий этилди.
Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича республика, вилоят, туман (шаҳар) ҳамда маҳалла даражасида тарғибот гуруҳларини тузиш йўлга қўйилмоқда. Ушбу гуруҳлар республика, вилоят ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида ташкил этилади. Тарғибот гуруҳларининг ишчи органи сифатида тегишлилиги бўйича Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика, вилоят, туман кенгашларининг диний-маърифий масалалар бўйича бўлимлари ҳамда хотин-қизлар қўмиталарининг котибияти белгиланиши қайд этилган.
Тарғибот гуруҳлари ҳар ойда хотин-қизлар ўртасида турли ёт ғояларга эргашиш, прозелитизмнинг тарқалиши олдини олиш, бидъат-хурофот амалларга берилмаслик ва бошқа долзарб ижтимоий масалаларни муҳокама қилади, мунтазам равишда жойларда ташвиқот-тарғибот ишларини амалга оширади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир отинойи ўз ҳудудида барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлайди, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади, Ислом динининг мўътадил, бағрикенг таълимотларини, инсонпарварлик ва бунёдкорлик ғояларини, мамлакатимизда ҳар жабҳада, хусусан, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқларни тарғиб этади.
Бобомурод РУСТАМОВ
Дин ишлари бўйича қўмита диний-маърифий таълим муассасалари
билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан