Дунё янгиликлари

Путин фойдаланадиган телефоннинг асосий «сирлари»

Чоп этилди Aprel 28, 2020 Путин фойдаланадиган телефоннинг асосий «сирлари»da fikr bildirishni o'chirish

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга президент Владимир Путиннинг махсус алоқа телефони қандай ишлашини тушунтириб берди. Бу ҳақда Песков «Москва. Кремль. Путин» дастурига берган интервьюсида маълум қилган.

Песковнинг сўзларига кўра, Путин ҳукумат аъзолари, администрация ходимлари ва бошқа лавозимдаги амалдорлар билан боғланиши учун биргина тугмани босса кифоя. Мамлакат раҳбари вакилининг таъкидлашича, бу каби алоқа тури янгилик ҳисобланмайди.

2020 йилнинг февралида Путин махсус телефон тармоғидан фойдаланишини маълум қилганди. Шу билан бирга, президент техник ривожланишни тўхтатиб бўлмаслигини, бироқ у ўзини янги гаджетларсиз қулай ҳис қилишини тан олган.

Аввалроқ Песков Путиннинг смартфонлардан фойдаланмаслиги ҳақида гапириб, буни смартфон фойдаланувчиси ўзи ва ҳаётини «омма учун кўргазмага» қўйиши билан изоҳлаган эди. Песковнинг қайд этишича, махсус алоқа телефонлари барча гаджетлардан узоқ умр кўради.

COVID-19 пандемияси фонида барча масофадан туриб ишлашга ўтди, Путин ҳам бундан истисно эмас. 1 апрелдан бошлаб Россия президенти ўзининг Ново-Огарёводаги қароргоҳида ишламоқда. Бироқ мамлакат раҳбарининг коммуникацияси фақатгина телефон эмас, балки видеоалоқа сервислари орқали ҳам амалга оширилмоқда.

OSINT мутахассисларининг аниқлашича, Путин видеоконференцалоқа тизимида Американинг Polycom компанияси маҳсулотидан фойдаланади. Буни етказиб бериш Москвадаги «Стэл» компанияси ва «Ростелеком» ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида амалга оширилган бўлиши мумкин. Таъкидланишича, барча муҳим амалдорлар Polycom’дан фойдаланади.