Маҳсига масҳ тортиш
Маҳси – теридан тикилган, барчага маълум оёқ кийимидир.
عن شريح بن هانىء رضى الله عنه، قال: سألت عائشة رضى الله عنها عن المسح على الخفين، فقالت: سل علياً فإنه أعلم بهذا منى، كان يسافر مع رسول الله صلى الله عليه وسلم، فسألته، فقال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “للمسافر ثلاثة أيام ولياليهن، و للمقيم يوم وليلة” (رواه أحمد و مسلم).
Ҳазрат Шурайҳ ибн Ҳониъ (розияллоҳу анҳу)дан: «Уммул-мўъминин Ойша (розияллоҳу анҳо)дан маҳсига масҳ қилиш ҳақида сўрадим. У киши: “Ҳазрат Алидан сўрагин, у мендан кўра билувчироқдир. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга сафарда бўлар эди”, деди.
Мен ул зотдан маҳсига масҳ қилиш ҳақида сўрадим. Шунда у киши айтди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Масҳнинг муддати) мусофир учун уч кеча-кундуз ва муқим учун эса бир кеча-кундуздир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривояти).
Маҳсига масҳ қилишнинг шартлари бор. Ўша шартлар қуйидагилар:
– Маҳсини таҳоратли ҳолда киймоқ.
– Маҳсининг пок бўлмоғи, чунки нопок ва нажосатли маҳсига масҳ қилиш дуруст эмас.
– Маҳси оёқни тўпиқлари билан тўлиқ (батамом) беркитмоғи лозим[1].
– Маҳси мустаҳкам бўлмоғи ва унда юриш мумкин бўлиши лозим.
“Масҳ” луғавий жиҳатдан қўлни бирон нарса устига сийпашдир.
Шаръий истилоҳда эса, шаръий муддат[2] ичида, шаръий маҳсининг[3] устига нам қўлни теккизиб силашдир.
«Ад-Динул-холис» номли китобда ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан нақлан айтилганки:
Масҳнинг фарзи қўлнинг кичик уч бармоқ миқдорича ҳар бир маҳсининг зоҳири (усти)га масҳ қилишдир. Унинг остига ёки орқасига ёки ён томонига масҳ қилиш дуруст эмас.
قال على رضى الله عنه: “لو كان الدين بالرأى لكان أسفل الخف أولى بالمسح من أعلاه، و قد رأيت النبي صلى الله عليه وسلم يمسح على ظاهر خفيه” (أخرجه أبو داود والبيهقي).
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтганлар: “Агар дин фикр қилиш билан бўлганда, албатта, маҳсининг ости устига нисбатан масҳ қилишда авло бўларди. Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни маҳсиларининг устигагина масҳ қилганларини кўрганман” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
[1] 21Ҳанафий мазҳабимизда маҳсида учта кичкина бармоқ сиғадиган катталикда тешик бўлса, масҳ қилиш жоиз эмас.
[2]13 Мусофир учун уч кеча-кундуз ва муқим учун бир кеча-кундуз.
[3] 41Тўпиқни беркитадиган ва кийиб юришга ярайдиган маҳси.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм