Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар. Марям ал-Устурлобий – олима аёлми ёки сўнган юлдузми?
Юлдузлар қадим-қадимдан инсонлар ҳаётида муҳим роль ўйнаб келган. Айниқса, тубсиз денгизда, чексиз саҳрода йўл юрганлар юлдузларнинг жойлашувига қараб манзилини топиб борганлар. Астрономия ёки навигация соҳасида ҳам юлдузлар айрим инсонлар учун ҳаёт йўлларининг манбаига айланиб қолиши мумкин. Юлдузлар ана шундай манбаига айланган зотлардан бири ўнинчи юзйилликда Сурияда яшаган муслима – Марям “ал-Устурлобий” ал-Ижлия эди.
Ота мерос ҳунар
Марям ал-Ижлия ўнинчи асрда Алеппода (Сурия) яшаган. У тарихга ўз даврининг асторлоб ясовчи асосий усталаридан бир сифатида кирган. Марям фабрикачи-инженер оиласида туғилган. Ибн ан-Надим берган маълумотга кўра, Марям отасининг изидан боради ва Муҳаммад Абдуллоҳ Насталусга шогирд тушади. Настулус Бағдоддаги машҳур астроном ва асторлоб ясайдиган моҳир усталардан бўлган. Тахмин этишларича, Марям қўлда ясаган мураккаб тузилмали ва янгичи кўринишдаги асторлоби туфайли Алеппо амири Сайфуддавла саройига ишга жойлашиш шарафига муяссар бўлган ва у ерда 944 йилдан 967 йилгача хизмат қилган.
“Ал-Устурлобий” деб аталган қурилмалар
Астролоблар олимларга астрономия ва астрология соҳасида тадқиқот ишларини олиб боришда ёрдам беради. Ушбу қурилмалар Қуёш ва сайёраларнинг жойлашувига асосланиб вақтни белгилашга ҳамда кўзланган манзилга масофанинг қанча узоқликдагилиги, эни ва узунлигини аниқлашга хизмат қилади. Улар фақат фанга фойда бериш билан чекланмайди. Мусулмонлар унга қараб намоз вақтини, қиблани, Рамазон ва бошқа байрамлар вақтларини аниқлайдилар. Асторлоблар худди илм-фанда бўлгани каби Исломда ҳам муҳим ҳаётий роль ўйнагани боис бундай қурилмаларни ясаш эътиборли ишлардан ҳисобланган. 1990 йил Паломар обсерваториясида Генри Э.Холт кашф этган астероиднинг Марямнинг шарафига “7060 Ал-Ижлия” аталиши ҳам бежиз эмас.

Ёзувчи Ннеди Окорафорнинг илҳом манбаи
2016 йил фантастик-ёзувчи Ннеди Окорафор Марям ал-Устурлобий унга илмий-фантастик романи “Бинти”нинг ёзилишига илҳом бергани ва бош қаҳрамони прототипи вазифасини ўтаганини сўзлаб берган эди. Асар бош қаҳрамони Бинти – асторлоблар яратиш бўйича эксперт вазифасини бажарувчи ёш аёлдир. Муаллифнинг айтишича, у Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган китоблар фестивалида “Ал-Ижлия Ота” ҳақида эшитган. Марям исми эса Бинтининг тўлиқ исмининг бир қисми ва Бинтининг отаси ҳам асторлоблар ясаш билан шуғулланади.

Сўнган юлдузми?
Марям ал-Устурлобий ҳақида тарихий манбаларда кам ёзилган ва унинг ўзи ясаган астолоблардан бирортаси топилмагани айтилади. Чунки у ўзи ясаган қурилмаларга ҳеч қачон имзо қўймаган. Айрим кишилар, ҳатто унинг ўтмишда яшаб ўтганини ҳам инкор қилишга уринади. Бироқ Марям биз ёзган тарихда сўниб бораётган юлдуз бўлса-да, аммо бадиий адабиётларда Бинти каби образларда яшашда давом этади ва умид қиламизки, унинг нурини алал-оқибат кўплаб одамлар кўришга мушарраф бўлади.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди
Исламосфера