Исломга интилган аёл. МУСЛИМА ҲУКМДОР – АРВА АЛ-СУЛАЙҲИЙ
Ямандаги сулайҳийлар салтанатининг сўнгги йилларида Арва ал-Сулайҳий қирқ йил регент (муваққат ҳукмдор) бўлди. У аввал оиласида, турмушга чиққанидан кейин эса эридан давлатни бошқариш сирларини ўрганди. Натижада эри касал бўлган кезлардан ва унинг ўлимидан кейин муваққат ҳукмдор сифатида давлат бошқарувини қўлида 40 йил ушлаб турди.
Арва Яманда дунёга келди. Ўша вақтларда Африкада аббосийлар халифалиги қулаган ва Яман мустақилликка эга бўлган эди. Яман денгиз савдо йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашгани билан бирга мамлакат далалари ниҳоятда унумдор эди.
Арванинг васийси ва тоғаси Али ал-Сулайҳий Яман устидан ҳукмронликни қўлга киритиш кампаниясини бошлайди. У бунга муваффақ бўлгани заҳоти Мисрдаги фотимийлар империяси билан алоқа ўрнатади ва ўзининг ҳукмронлигини фаол қўллаб-қувватлаган амакиваччаси Асмога уйланади. Асмо жума намозига имомлик қилган биринчи аёл эди. Ислом шариатида аёл киши намозни уйда адо этиши таъкидланган. Шунинг учун бу ҳодиса мусулмон оламида мисли кўрилмаган осийлик сифатида баҳоланади.
Арва ана шу жуфтлик ҳукмронликни қўлга киритган йилларда таваллуд топади. У кичик ёшида ота-онасидан айрилади ва тоғаси уни ўз тарбиясига олади. Арва қизалоқлигида саройга келтирилади ва унга ўша ёшидан бошлаб давлат бошқаруви асослари ўргатилади. Чунки ундаги қобилиятни кўрган ваисйлари уни улғайганда юқори лавозимга тайинлашни режалаштирган эдилар. Айнан у бўлажак эри – васийсининг ўғли ал-Мукаррам Аҳмад билан бирга ҳукуматни эгаллаши керак эди. Арва 18 ёшга тўлганда улар турмуш қуришади.
Ўғли ва жиянининг тўйидан бир йил ўтиб, Али ал-Сулайҳий ҳажга бориш учун катта карвон билан Маккага қараб йўлга тушади. Зиёратчилар орасида сарой амалдорлари ва мингта отлиқ аскар бор эди. Суҳайлий ҳажга кетаётган вақтида давлат бошқарувини ўғлига топширади. Аммо йўлда бахтсиз ҳодиса юз беради – Али ал-Суҳайлийга нажоҳийлар (Яман ғарбидаги Зубида қуллар салтанатига асос солган) салтанати ҳукмдори Саид ал-Ахвал ҳужум қилади. У Али 1060 йил ўлдирган отасининг қасосини олишни мақсад қилган эди. Саид зиёратчиларнинг кўпларини ўлдиради, отасини ўлдирган Али ал-Суҳайлийни ҳам. Унинг хотинини эса қамоққа солади. У атайлаб Асмо ўтирган қамоқнинг деразасидан кўриниб турадиган қилиб унинг эрининг кесилган бошини осиб қўяди.
Орадан бир йил ўтиб Мукаррам отасини ким ўлдиргани ва онасини қаерда сақлаб турганидан хабар топади. Уч минг отлиқ аскар билан Зубидага ҳужум қилиб, босиб олади ва онасини озод қилади. Бироқ йўл машаққати Мукаррамнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиб у фалаж бўлиб қолади. Бироқ тахтни регент қилиб тайинлаган онаси воситасида сақлаб қолади. Хотини Арва эса регент бўлган қайнонасига давлат ишларини бошқаришда кўмакчи бўлади.
Арва кўп ўтмай “мустақил ва олийжаноб аёл” лақабини олиб, давлатнинг амалдаги ҳукмдорига айланади. Ўша замонларда нажоҳийлар Али ал-Суҳайлийдан қолган ҳудудларга бот-бот ҳужум уюштириб, тинчини бузиб турарди. Бунга жавобан Арва уларнинг устидан тўла ғалаб қозониб, ўлдирилган яқинлари учун қасос олишга қарор қилади. У душманларининг қулоғи етиб бориши учун атайлаб ўзини давлатни бошқара олмаётгани, ҳокимият қўлидан сирғалиб бораётгани, унга хиёнат қилаётганлари ҳақида миш-миш тарқаттиради. Айни чоқда сездирмай пойтахтни Санидан нажоҳийларга яқинроқ бўлган Зу-Жиблага кўчиради. Арва шу ердан туриб ғафлатда қолган нажоҳийларга бехосдан ҳужум қилади ва илгари улардан тортиб олинган ерларни қайтариб олади. Саид ибн Нажжор қатл этилади ва унинг аёли худди Арванинг қайнонасига ўхшаб қамоққа солинади ва турма деразасидан эрининг кесиб олиб осиб қўйилган бошини кўриб туради.
1092 йил Мукаррам касалликдан вафот этади. Бундан хавотирга тушган Арва унинг ўлганини яширишга ҳаракат қилади ва ўзининг вояга етмаган ўғлига регент бўлишга эришмоқчи бўлади. Бироқ Қоҳирадаги фотимийлар унинг турмушга чиқишини ва давлатни эркак ҳукмдор бошқаришини талаб қилади. Арвага муносиб умр йўлдоши бўлади деб унинг амакиваччаси Сабу ибн Аҳмад танланади. Аммо бу росмана оила қуриш эмас, балки сиёсий ўйин-иттифоқ эди. Арва ҳукмдорликни сақлаб қолади. Саба қўшинга қўмондонлик қилади, Арва эса давлат ишлари билан машғул бўлади. Арва 50 ёшга етганда Саба қазо қилади ва энди унга бошқа эрга тегишга зарурат бўлмайди.
Ўша даврларга келиб сулайҳийлар салтанати инқирозга юз тута бошлаган эди. Яманнинг бурунги пойтахти Сана ўзини султон деб эълон қилган бошқа кимсанинг қўлига ўтиб кетади. 1099 йил салибчилар Қуддусга ўрнашиб олади. Фотимийлар ўзаро келишмовчиликлар гирдобига ботади. Рамл ва Шом Ямандан ажралиб кетади. Фотимийлар халифаси эмиссар Ибн Нажиб ал-Давлани Яманни ишғол қилиш учун юборади. У бошчилик қилиб Арвага қарши қўзғалон уюштиради. Бироқ содиқ қўриқчилари ва етарлича қўллаб-қувватловчилари борлиги ҳисобига Арва ўз ҳудудини ҳимоя қилиб олади. Фотимийлар тарафдорлари Мисрга қайтишда эмиссар кемадан тасодифан денгизга тушиб кетади, аслида улоқтириб юборилган эди.
Афтидан, унинг давлатни бошқариш қобилиятига халифанинг ишонмаганига жавобан Арва Жибладаги саройида халифанинг мухолифлари бўлган жангчиларни сақлаган.
Арва Зу-Жибладаги Дор ал-Азза саройини масжидга айлантиради. Ушбу жой – малика Арва масжиди – вақти келиб унинг мақбарасига айланиши кўзда тутилган эди… Бугунги кунда мазкур масжид ЮНЕСКО рўйхатига кирган қадимий меросий обидалардан бири ҳисобланади.
Арва ал-Сулайҳий 1138 йил вафот этди. У ўз халқининг ёдида севимли давлат арбоби, мамлакатни 40 йил давомида самарали бошқарган регент сифатида сақланиб қолди. Вафотидан кейин уни бундай таърифладилар: “Ўз халқини астойдил севган, унга чин дилдан содиқ бўлган, халқининг манфаатларини ҳимоя қилган яманлик аёл эди”
Ҳақиқатан, Арва ушбу мамлакатни бошқарган бошқа ҳукмдорлардан кўра кўпроқ, меъморий ёдгорликлар, масжидлар, кўприклар, йўллар солиб қолдирган.
Муаллиф: Ася ГАГИЕВА
Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА
musulmanka.su