Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Шаъбон ойининг охирида рўза тутиб, Рамазон ойига қўшиб кетса бўладими?
ЖАВОБ: Шаъбоннинг охирида рўза тутиб, Рамазонга улаб кетишдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар. Бу хусусда бир қанча ҳадислар келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч ким эҳтиёт юзасидан Рамазондан бир ёки икки кун илгари рўза тутмасин, (нафл) рўзани Рамазон ойи чиққанини кўриб, сўнг тутсин, аммо ҳафтанинг маълум кунлари доимо нафл рўза тутиб юрган одам рўзаси шак кунига тўғри келиб қолса, у ҳолда тутаверсин”, деб айтганлар» (Муттафақун алайҳ).
Уламоларимиз юқоридаги ҳадисни далил қилиб, Шаъбоннинг охирида рўза тутишни макруҳ дейишади. Лекин бир киши душанба ва пайшанба кунларида рўза тутишни одат қилган бўлса ёки назр рўза ният қилган бўлиб, у кунлар Шаъбоннинг охирги кунларига тўғри келиб қолса, у кунларда рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
САВОЛ: Фарзандим беморлиги сабабли уни табибга олиб борган эдим. Кейин билсам у табиб эмас, фолбин экан. Қизимга қандайдир нарсаларни ўқиб, дам солгандай бўлдида, турмуш ўртоғим ҳақида сўз очиб, унинг умри ва ризқи тугаб бораётганини, агар у эримга дам солса, эримнинг умри узайиши мумкинлигини айтди. Менинг хаёлимдан: “Сен одам бўлсанг, буни қандай ҳам қила олардинг”, деб ишончсизлик қилсам, у ўйлаган гапларимни ҳам айтиб, ўзига ишонишим кераклигини таъкидлади. Ҳурматли устозлар, бу каби фолбинлар гапига ишонса бўладими? Улар эртага нима бўлишини олдиндан биладими?
ЖАВОБ: Ғайб илми, инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақат ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Қуръони каримда бундай дейилган: «Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас”. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар» (Намл сураси, 65-оят).
Ҳар бир мусулмон фолбинларнинг гапига ишониш, уни тасдиқлаш динимиз ақидасига зид эканини билиб олмоғи лозим. Зеро, Имом Абу Жаъфар Таҳовий аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини баён қилиб, бундай деган: “Фолбин ва башоратчиларнинг, шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз” (“Ақидатут Таҳовия” китоби).
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо: “Кимки ўзини эртага нима бўлишидан хабар бера олади, деб ўйласа, Аллоҳга жуда катта ёлғон тўқибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади?” дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).
Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар, “Ғайб илмини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, дейишга етарли далилдир.
Шунга кўра, сиз фолбиннинг гапларига эътибор берманг. Энди ҳаргиз унинг олдига борманг. Аввал билмай борган бўлсангиз, дарров тавба қилиб, Аллоҳдан кечиришини сўраб, дуолар қилинг. Шариатимиз буюрган ишларни қилиб, қайтарган ишлардан сақланиб, ибодатда, покиза ҳаёт кечириб юрган инсонга ҳеч ким зиён етказа олмайди. Тавфиқ Аллоҳдандир!
САВОЛ: Бир жойда Имом Дорақутний ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким қабристондан ўтаётиб Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини қабристонда ётган ўликларга бағишласа, савоби уларнинг ҳаммасига етиб, ўқиган кишига ҳам қабристондаги ўликлар ададича савоб берилади», деган ҳадисни ўқиб қолдим. Шундай ҳадис борми? Унинг ишончлилиги қай даражада?
ЖАВОБ: Сиз келтирган таржимада бироз камчиликлар мавжуд. Унинг асл матни ва санади ҳамда унинг ишончлилик даражаси билан қуйида қисқача танишиб чиқамиз.
Аҳмад ибн Иброҳим ибн Шозон Абдуллоҳ ибн Омир Тоийдан ҳадис ривоят қилади. У эса отасидан, у Али ибн Мусодан, у отаси Мусодан, у отаси Жаъфардан, у отаси Муҳаммаддан, у отаси Алидан, у отаси Ҳусайндан, у отаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки қабрлар олдидан ўтиб, “Қул ҳуваллоҳу Аҳад” (сураси)ни ўн бир марта ўқиса ва савобини вафот этганларга бағишласа, унга вафот этган кишилар ададича ажр бўлур”, деганлар».
Мазкур ривоятни Имом Дорақутний, Шамсиддин Мақдисий, Дайламий, Абу Муҳаммад Самарқандийлар мазкур тариқ (яъни, ровийлар силсиласи) асосида ривоят қилишган бўлиб, кўпчилик муҳаддис уламолар уни тўқима ривоят эканини айтишган. Жумладан, машҳур муҳаддис олим Шамсиддин Саховий “Ал-Ажвибатул марзийя”да ва Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний “Кашфул-хофа”да ушбу ҳадисни мавзу, яъни, тўқима ҳадис эканини айтишган. Аллома Саховийнинг таъкидлашича, ушбу ҳадиснинг барча тариқи, асосан, икки шахсга бориб тақалади. Улар: Абдуллоҳ ибн Аҳмад Тоий ва унинг отаси Аҳмад ибн Омир. Ушбу ровийлар муҳаддислар наздида Пайғамбар алайҳиссаломга ёлғон тўқиш билан танилишган.
Аллома Саховийнинг мазкур ровий борасидаги фикрини бошқа муҳаддисларнинг асарларида ҳам учратиш мумкин. Масалан: Имом Заҳабий “Мезон”да, Ибн Жавзий “Тазкиратул-мавзуот”да, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Лисонул-мезон”да ва Аллома Жалолиддин Суютий “Зайлул- аҳодисил-мавзуа”да Абдуллоҳ ибн Аҳмад Тоий ва унинг отаси тўқима ҳадисларга оид алоҳида тўплами ила машҳур бўлишгани, уларнинг ривоятларига ишониб бўлмаслигини айтиб ўтишган. Шундан келиб чиқадики, мазкур ривоятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жоиз эмас.
Вафот этганларга солиҳ амалларни, хусусан, Қуръони карим тиловатининг савобини бағишлаш, қабристонда тиловат қилиш борасида саҳиҳ ва ҳасан даражасидаги кўплаб ҳадислар мавжуд. Ана ўша ҳадисларга таяниб, уламоларимиз қабристонда Қуръон тиловат қилиб, савобини вафот этганларга ҳадя қилиш жоиз амал эканига иттифоқ қилишган (“Ал-Ажвибатул марзийя”, “Кашфул хофа ва музийлул илбас”, “Мезонул иътидол фи нақдир рижол”). Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 6-сонидан