Ижара
“Ижара” арабча сўз бўлиб, луғатда “эваз”, “тўлов” деган маъноларни англатади.
Шариатда: Ижара – эваз муқобилида бирор нарсадан фойдаланиш учун тузилган битимдир. У оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин.
Рукни. Ижарада ишлатиладиган ийжоб ва қабул лафзлари. Масалан, ижарага берувчи “Шу уйни ижарага бердим”, дейди. Олувчи томон, “Қабул қилдим” ёки “Ижарага олдим”, дейди. Ижарага олинадиган ва унинг эвазига таклиф қилинган нарса ноаниқ бўлмаслиги керак. Масалан, уйларимдан бирини ёки уловларимдан бирини, дейиш каби.
Битим тузилиши биланоқ ижара ҳақини бериш вожиб бўлмайди. Ижара ҳақини ижарага олинган нарсадан фойдаланиб бўлгандан сўнг ёки тўлиқ фойдаланиш имкони бўлганидан сўнг бериш вожиб бўлади. Масалан, бир уйни маълум муддатга ижарага олса, лекин ўша муддатда ўша уйда туриш имкони бўлатуриб турмаса ҳам, ижара ҳақини тўлаши вожиб бўлади.
Ижара муддати давомида ижарага олинган нарсадан фойдаланишни тўсадиган бирор моне пайдо бўлса, фойдаланган муддати миқдорида ижара ҳақини беради.
Бир уйни ижарага бериб, сўнг ундан бир хонасини олиб, ўзи фойдаланса, ижара ҳақидан ўша хонанинг ҳиссаси чиқариб ташланади. Ижара битимида кўрсатилган муддат ва жойдан фойдаланишга имкон бўлиши шарт қилинади. Агар фойдаланиш имкони бўлмаса ёки келишилган муддатдан бошқа вақтда ёки келишилган жойдан бошқасидан фойдаланишга имкон бўлса, ижара ҳақини тўлаш вожиб бўлмайди. Масалан, бир киши бир уловни бир кунга олиб, ўша куни уйида ушлаб туриб, минмаса, агар уловни шаҳарда минишга олган бўлса, ижара ҳақини тўлаши вожиб бўлади. Агар ижара ижарага берувчи ижара ҳақини олганидан кейин бузилса, фойдаланилган муддатнинг ҳақини олиб қолиб қолганини қайтариб беради. Уй ёки ер эгаси ижара ҳақини ҳар куни талаб қилишга ҳақли. Нонвой, тикувчи кабилар ишини тугатганидан сўнг талаб қилишга ҳақли. Агар бир кишини бир ишни қилишга ёлласа, у ишни охирига етказмаса, қилган миқдорича ҳақини талаб қилиши мумкин.
Ижара муддати
Ижара хоҳлаган муддатгача тузилиши мумкин. Масалан, бир кунга ёки бир неча йилларга. Муддатнинг бошланиши келишилган муддатдан ҳисобланади. Агар муддатнинг бошланиши айтилмаган бўлса, ижарага олинган вақтдан бошланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркак ҳайвоннинг урчитиши учун ҳақ олишдан қайтардилар”, (Имом Бухорий, Абу Довуд Термизий, Насоий ривояти).
Шериклик нарсани шерикнинг розилигисиз ижарага қўйиш тўғри эмас. Ишга келишиш ишбай ёки вақтбай бўлиши керак. Икки шартни бирданига қўя олмайди.
Ижарани бузувчилар
Савдони бузувчи нарсалар, нафга халал қиладиган айб билан бекор бўлиши. Шартномада назарда тутилмаган зарар пайдо бўлиши. Улар қуйидагилар:
¾ оғриган тишни суғуришга келишилганидан кейин оғримай қолиши;
¾ ижарачи ижарага берган нарсасининг қийматини бермаса;
¾ уза олмайдиган даражада қарз бўлиб қолиши;
¾ тижорат учун дўконни ижарага олган кишининг ёки ишчи ёллаган тикувчининг касодга учраб, ишини тарк қилиши кабилар.
Абдулла ДЕҲҚОН тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 6-сонидан