Мақолалар

Руҳий ва нафсий таскин топиш

Чоп этилди Iyun 9, 2020 Руҳий ва нафсий таскин топишda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир…» (Рум, 21).

Аллоҳ таоло инсонни юксак ҳикмат ила яратди. Кишининг табиати нимага муҳтож бўлса, ҳалол-пок йўллар билан ўша нарсанинг муқобилини пайдо қилди. Эркакни аёлга, аёлни эса эркакка муҳтож қилди. Одам наслининг давом этишини ҳам бу икки жинс вакилларининг бир-бирларига қовушишлари, яъни эр-хотинлик асосига боғлади. Шу билан бирга, уларни бир-бирларидан руҳий, нафсий ва жисмий таскину роҳат оладиган қилди.

Эркак киши узоқ муддат аёли билан қўшилмаслиги оқибатида турли касалликлар пайдо бўлишини тиббиёт олимлари илмий равишда исботлашди. Ўз ўрнида, аёл ҳам кўп муддат эрсиз яшаса, турли дардларга чалиниши аниқланди.

Адолат пешвоси ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) за­монида ушбу масала юзасидан ҳам одилликни ўрнатган. Дин душманлари билан бўладиган ғазотлар баъзида бир неча ой давом этар, унда қатнашиб узоқ муддат оиласидан олисда бўлган аскарларнинг уйида қолган хотинлари муаммолари ҳазрат Умарни ташвишга соларди. Бу муаммони ечиш мақсадида Ҳафса онамиздан аёлларнинг бу борадаги сабрлари чўққиси ҳақида сўради. Ҳафса онамиз, бундай ҳолда аёллар нари борса тўрт ой сабр қила олишини айтди. Шундан кейин Мўминлар амири ҳар тўрт ойда аскарларни алмаштириб туришга қарор қилиб, бу борада ҳам одилликни йўлга қўйди.

Ёлғизлик ҳолати ушбу муддатдан ошса, сабрсиз ва диёнатсиз аёл бўлса, зинога қадам қўйиш эҳтимоли бор. Агар аёл сабру бардошли, ибо-ҳаёли бўлса, бу муддат ўтиши билан аёлларга хос касалликлар вужудга кели­ши эҳтимолини табобат аҳллари таъкидлашган. Демак, эр-хотинликнинг манфаатли томонларидан бири ҳар томонлама бир-бирларидан таскин ва ҳаловат олиш, бунинг асосида турли касалликлардан сақланишдир. 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм