Дунё янгиликлари

Японияда тижорий ракета учиришга уриниш муваффақиятсизликка учради

Чоп этилди Iyun 15, 2020 Японияда тижорий ракета учиришга уриниш муваффақиятсизликка учрадиda fikr bildirishni o'chirish

Япониянинг “Interstellar Technologies” компаниясига қарашли «МОМО» космик ракетасини фазога учириш ҳаракати амалга ошмай қолди: мамлакат шимолидаги Хоккайдо оролида жойлашган Таики шаҳридаги майдондан старт олган ракета, афсуски, мўлжалдаги баландликка кўтарила олмай, тез орада денгизга қулаб тушди. Ҳозирча муваффақиятсизлик сабаблари номаълум.
Тартиб рақами бўйича бешинчи ҳисобланган «МОМО-5» парвозини аввалига ўтган йил амалга ошириш мўлжалланган эди, бироқ техник муаммолар туфайли, шунингдек коронавирус инфекцияси эпидемияси тарқалиши муносабати билан учириш муддати бир неча бор ортга сурилди.
Хоккайдо оролидаги “Interstellar Technologies” ракетасозлик компаниясига 2005 йилда асос солинган. 2017 йилга келиб корхонада узунлиги 10 метр, айланаси (диаметри) 50 сантиметр бўлган «МОМО» мини-ракетаси яратилди ва қуриб битказилди. Ҳажми нисбатан кичикроқ мазкур қурилма фазога нано йўлдош ускуналарини олиб чиқишга мўлжалланган. Ҳозиргача мазкур ракетани учиришга беш бор ҳаракат қилинди, лекин фақат бир марта, 2019 йил майдаги уриниш натижа берди.
Лойиҳага мувофиқ, “MOMO” ракетаси Ер атмосфераси ва космос ўртасидаги чегара — Карман чизиғини кесиб ўтиши керак. Шундан сўнг, 2023 йилга келиб, компания саҳнида йўлдош жойланган ракетани фазога йўналтиришни мўлжалламоқда.