Мақолалар

Эр ва хотин қуйидагилардан огоҳ бўлиши лозим

Чоп этилди Iyun 16, 2020 Эр ва хотин қуйидагилардан огоҳ бўлиши лозимda fikr bildirishni o'chirish

  1. Эр-хотин қўшилиши ҳақида бошқаларга сўзлаши ҳаром. Бунинг оқибатини ушбу ҳадисдан биламиз:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللَّهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلَ يُفْضِى إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِى إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا ». (رواه مسلم وأبو داود)

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни (Аллоҳ ҳузурида) макони энг ёмон киши шуки, у хотинига тегинади (қўшилишга ишора) ва аёли унга тегинади, сўнг сирни фош қилади (тарқатади)”, дедилар.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилади: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз билан намоз ўқидилар. Тугатгач: “Сизлардан бир киши эшикни беркитиб, парда осиб, аҳли билан яқинлик қилади. Сўнг “Мен аҳлим билан шундай қилдим, аҳлимни бундай қилдим”, дейдими?” деб сўрадилар. Кишилар жим қолди. Сўнг аёлларга юзланиб: “Сизлардан гапириб берадиган борми?” дедилар. Шунда бир қиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўриши ва эшитиши учун бир тиззалаб ўтирди ва бошини кўтариб: “Ҳа, Аллоҳга қасам, мана шу эркаклар ва ушбу аёллар ҳам сўзлаб беришади”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бундайларнинг ўхшашини биласизми? Улар шайтон эр ва шайтон хотинга ўхшаш. Уларнинг бири соҳибини кўчада учратади ва ҳожатини чиқаради, инсонлар эса уларни томоша қилади”, дедилар».

  1. Эр хотинининг орқа томонига яқинлик қилиши ҳаром.

عن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « لا ينظر الله إلى رجل أتى امرأة في دبرها ». (رواه النسائي وابن حبان)

Имом Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинининг орқа томонига яқинлик қилувчига Аллоҳ раҳмат назари билан боқмайди”,  дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади:

عن عقبة بن عامر الجهني قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «لعن الله الذين يأتون النساء في محاشهن ». (رواه الطبراني)

Табароний ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлининг орқа томонига келувчи киши лаънатлангандир”, дедилар.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай ношаръий ишнинг оқибатини қуйидагича баён этганлар:

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : من أتى حائضا أو امرأة في دبرها أو كاهنا فقد كفر بما أنزل على محمد صلى الله عليه و سلم. (رواه الترمذي)

Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳайз кўрган хотинига ёки хотинининг орқа томонига келса ёки фолбин сўзини тасдиқласа, Муҳаммадга (алайҳиссалом) нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дедилар.

Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло инсониятни хушсурат шаклда яратди, унга гўзал одобни буюрди. Жумладан, муқаддас динимиз таълимотларида ўз жуфти ҳалолига муомала­си ҳам бошқа мавжудотлардан фарқли бўлиши учун қо­нун-қоидалар баён қилинди. Аммо айрим кимсалар бор, сурати инсон, бироқ бу борада қилаётган ишлари ҳай­вонларни ожиз қолдиради.

  1. Эр хотини ҳайз ёки нифосда бўлганида яқинлик қилиши ҳаром. Аллоҳ таоло амр қилади:

 «…Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз…» (Бақара, 222).

Юқорида ҳайз ҳақидаги ҳадис баён қилинди. Тиббиёт мутахассислари аниқлашича, ҳайз ва нифос пайтида яқинлик қилиш кўп касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Қуйида ана шу касалликлар ҳақида қисқа баён қиламиз:

  1. Аёлнинг баъзи аъзоларида оғриқ пайдо бўлади. Кўпинча бачадон шамоллашига, мояк ёки тос шамоллашига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида одам соғлиғига зарар етади. Кўп ҳолларда моякнинг бузилиши ва бепуштликка олиб келади.
  2. Эркакнинг жинсий аъзосида сўзакка ўхшаш йирингли касалликка олиб келади. Кўпинча эркакнинг тухумдонида оғриқ пайдо қилади ва эркак бепуштликка мубтало бўлади.

Демак, ҳайз пайтида яқинлик қилиш турли дардлар пайдо қилиб, эркак ва аёлни бепуштликка мубтало қилиши мумкин. Бундан-да катта зарар борми? Шунинг учун табиблар бу пайтда қўшилишдан қатъий қайтаради.

Аллоҳ таоло огоҳ этган:

 «Сиздан ҳайз ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз…» (Бақара, 222).

Ким бундай ишга мубтало бўлган бўлса, у гуноҳига самимий тавба қилиши ва Аллоҳга истиғфор айтиб, қилган ишига пушаймон бўлиши лозим.

Табиблар ва аҳли илмлар насиҳати:

  1. Шаҳватни қондиришда мўътадил бўлиш. Мўътадил бўлишнинг чегараси ҳафтада икки марта. Уни эҳтиёжга қараб кўпайтириш ёки камайтириш мумкин. Лекин ҳаддан зиёд кўпайтириш танага зарар етказиб, ақлни сусайтиради ва зиммадаги масъулиятни бажаришдан тўсади.
  2. Олдин кўнгилхушлик қилиб, сўнг шаҳватни қондириш.
  3. Қўшилиш учун муносиб вақтни белгилаш. Чунки аёлнинг мижози нозик бўлади. Агар унинг мижозига тўғри келмайдиган вақтда бўлса (касал вақтига ўхшаш), эрини ёқтирмаслиги ва нафратланишига сабаб бўлади.
  4. Ҳар қандай ойда, кунда ва соатда қўшилиш жоиз. Фақат рўза тутганида (кундузи), аёл ҳайз ёки нифосдалигида мумкин эмас. Бу ишдаги суннат жума куни кечаси ва кундузидир.

Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилади, “Жума куни ким ювинишга мажбур бўлса (хотини билан қўшилганидан сўнг), ювинса, сўнг намозга эрта борса ва имомга яқин ўтирса, унга қулоқ солиб, лағв қилмаса, унинг ҳар бир босган қадамига кечаси қоим, кундузи рўза тутган бир йиллик амал савоби берилади”.

  1. Хотин эр табиатини яхши билиши, эрини қандай зийнат қизиқтиришини, унга қандай меҳрибон бўлишни, қайси вақтда қўшилишни ёқтиришини билиши лозим. У хоҳламаган пайтда уни қизиқтириши ёки унинг рухсатисиз нафл рўза тутиши мумкин эмас. Аксинча, эри ҳоҳлаган вақтда қайтармаслиги керак.

عن أَبي هريرة – رضي الله عنه – ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله – صلى الله عليه وسلم – : (( إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امرَأتَهُ إِلَى فرَاشِهِ فَلَمْ تَأتِهِ ، فَبَاتَ غَضْبَانَ عَلَيْهَا ، لَعَنَتْهَا المَلائِكَةُ حَتَّى تُصْبحَ )) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Эр хотинини ётоққа чақирса, у келмаса, эри ундан ғазабланиб ухласа, фаришталар уни тонг отгунча лаънатлайди”, дедилар.

وفي رواية: حتى يرضى عنها

Бошқа ривоятда: “Ҳатто эри ундан рози бўлгунича”, дейилган.

Бошқа ҳадисда аёл эри рухсатисиз нафл рўза тутишидан қайтарилган:

عن أَبي هريرة – رضي الله عنه – أيضاً : أنَّ رَسُول الله – صلى الله عليه وسلم – ، قَالَ : (( لاَ يَحِلُّ لامْرَأةٍ أنْ تَصُومَ وزَوْجُهَا شَاهدٌ إلاَّ بإذْنِهِ)). (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эри изн бермасдан аёлнинг (нафл) рўза тутиши ҳалол бўлмайди” , дедилар.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 20000 сўм