Нафсни сақлаш
Молу давлат дунё ҳаёти учун муҳим эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки моддий жиҳатдан имконияти кенг инсон муаммоларни осон ҳал этади.
Аллоҳ фазли билан давлатманд бўлганлар уйланиш ёшига етиб, бироқ маблағ топа олмай юрган ёшларга ёрдам кўрсатса, улкан ажру савобга эга бўлади. Шундай хайрли ишларни амалга оширса, молу дунёни устун ҳисобловчи эмас, аксинча, бойлигининг баракаси зиёда бўладиган саховатли ва мурувватли киши ҳисобланади. Қадимдан қаерда инсоният яшар экан, бойлар, ўртаҳоллар ва камбағаллар доим бор бўлган. Шу боис динимиз бойлар зиммасига етимлар, бевалар ва кам таъминланган оилаларнинг ҳақларини юклади. Улар ўзларининг закотлари, ушрлари ва садақа-эҳсонлари билан бундай инсонларга ёрдам бериши вожиб. Аммо бойларнинг саховат йўллари беркилиб қолса, қандай йўл тутиш лозим? Бунинг энг гўзал йўли Қуръони карим чорловига жавоб бериш. Бу чин мўмин киши иқтисоди танг бўлганида, нафсини ислоҳ қилиши ва сақлаши учун қўлланадиган ҳалол йўлдир.
Улуғ Раббимиз марҳамат қилади:
“Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар…» (Нур, 33).
Имони комил мусулмонлар шундай йўл тутадилар. Бу кишининг хулқини зийнат ва кўрк ила товлантирувчи шундай бир нурли йўл, исломий ахлоқларнинг асли бўлган сабрга ўргатувчи, бир оз машаққатли бўлса-да, аммо мўминлар учун тақвони кучайтирувчи, бир сўз билан айтсак, Парвардигор ризолигига элтувчи ажру савоб йўлидир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм