Эри яхши кўрадиган хотиннинг ўлими мисоли
Қосим ибн Муҳаммад деди: «Турмуш ўртоғим вафот этганда, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий таъзия билдиргани келди ва менга шу воқеани айтиб берди: “Бану Исроилда бир олим бор эди, у ўз хотинини жуда ҳам яхши кўрар эди. Куни етиб хотини вафот этганда, унга жуда қаттиқ мотам тутди, чуқур қайғуга ботди, ҳатто уйида ёлғизланиб, эшигини қулфлаб ҳам олди. Одамови бўлиб, ёнига ҳеч кимни йўлатмас эди. Бир аёл унинг бу ҳолати ҳақида эшитиб, унинг дарвозаси остига келди ва: “У кишида ишим бор, бир масалада у билан маслаҳатлашмоқчиман. Ўзи билан юзма-юз суҳбатдан бошқасига рози бўлмайман”, деди. Одамлар кетдилар, аёл эса унинг эшиги остида туриб олди ва “Нима бўлса, бўлди”, деди. Мотам тутаётган уй эгасига бир киши хабар берди: “Бу ерда бир аёл келиб, сиздан бир нарсани сўрамоқчи экан. Юзма-юз суҳбатдан бошқасига рози бўлмайман, деяпти. Одамлар ҳаммаси кетиб бўлди. У эса эшик олдидан кетмаяпти”. Уй эгаси: “Майли, киритинглар”, деди. Аёл унинг ҳузурига кирди ва:
– Сиздан бир масалани сўрамоқчи эдим, – деди.
– Нима экан у?
– Мен қўшнимнинг тақинчоғини олиб турган эдим. Уни тақиб юрар ва бошқаларга ҳам бериб турар эдим. Тақинчоқ менда кўп муддат турди. Энди менинг олдимга тақинчоқни олиб кетиш учун одам юборишибди, нима қилай, тақинчоқни уларга қайтарайми?
– Албатта.
– Лекин бу тақинчоқ менда кўп муддат турди.
– Улар сенга тақинчоқни бериб турган вақтлариданоқ қайтариб олишга ҳақли эдилар.
– Сенга Аллоҳнинг раҳми келсин. Унда сен Аллоҳ бериб туриб, кейин қайтариб олган нарсасига шунчалар қайғудамисан! Ахир Аллоҳ унга сендан кўра ҳақлироқ-ку.
Шунда киши ўзига разм солиб, ҳолатига тўғри баҳо берди. Доно аёлнинг гапи туфайли Аллоҳ унга тўғри йўл кўрсатди».

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 18000 сўм