Оқил ҳақдин ўзгани демас…
Мўмин киши доимо яхши сифатларни ўзида мужассам қилишга, салбий хислатлардан эса тийилишга ҳаракат қилади. Ана шундай салбий сифатлардан бири хусуматдир. Хусумат ўзининг ҳақлигини исботлаш учун жанжал, низо, адоват қилишгача олиб борадиган иллат ҳисобланади.
У инсонлар орасидаги ўзаро бирдамлик ва аҳилликнинг кушандасидир. Шу сабабли Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларга қарата бундай дейди: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» (Анфол сураси, 46-оят).
Демак, тушкунликка тушиб, ожиз бўлиб қолмай, деган киши низо, тортишув ва хусуматдан йироқ бўлиши керак. Чунки улар кони зарардир. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: “Хусумат ва тортишув ёмонликнинг куртагидир”, дейди. Машойихлар хусуматнинг асосий белгилари сифатида қуйидагиларни зикр қилишади:
– манманлик, кибр;
– билағонлигини бошқаларга кўрсатиб қўй иш;
– ўзгалардаги нуқсон-камчилик сабабли уларга озор бериш.
Одамлар кун давомида турли ишлар юзасидан бир-бирлари билан учрашиб, суҳбатлашади. Солиҳ киши суҳбат мавзуси қандай бўлишидан қатъи назар, суҳбатдошига чиройли муомала қилиб, ўзининг муносабатини вазминлик билан тушунтиришга интилади.. Баъзилар эса арзимаган сабаблар билан тортишиб, хусуматлашиб қолади. Масалан, об-ҳаво ёки нарх-наво мавзуси ҳам улар учун баҳслашишга баҳона. Шу каби бефойда суҳбат-тортишувлар билан вақтларини бекорга исроф қиладиганлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Яна шундай кимсалар борки, улар доимо тирноқ остидан кир қидириш билан овора бўлишади. Бошқаларнинг хатоси ёки айбини топиб, уларни мулзам қилиб, қалбларидаги адоват ва хусумат алангасини пасайтиришади. Агар тушунганларида эди, улар ўзгаларнинг эмас, балки ўзларининг айблари билан машғул бўлишарди. Чунки бировларнинг ортидан пойлаб, хатоларини қидириш ва уни одамларга айтиш оғир гуноҳ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлингиз, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар!» (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Аксига олиб, ҳозирги пайтда бировларнинг озгина камчилиги зоҳир бўлиб қолса, уни бутун дунёга эълон қилишга шошадиганлар кўпайиб бормоқда. Улар гўё буни қаҳрамонлик деб билишади.
Бобомиз Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида: “Нохуш хабар чин бўлса ҳам, дўстингга етказма, бировдан айб кўрсанг, юзига солма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил, у айб можаросини душман қилсин. Оқил одам ҳақдин узгани демас, ҳама ҳақни ҳам демоқ оқил иши эрмас. Бировни ноҳақ хижолатга солмоқ – ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир”, деб ёзади.
Руҳиддин АКБАРОВ
Қарши туманидаги “Акбар халифа Эшон ибн Мухтор” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан