Исломга умумий даъват
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Пайғамбаримиз алардин бу сўзларни эшитганлари сўнгида:
– Сизлар деганингларнинг ҳеч бириси менда йўқдур. Бу ишда менинг мақсадим мол топиш ёки обрў-мартаба орттириш эмас, ё сизларга подшоҳ бўлиш эмас. Лекин шуни би лингларки, мени Аллоҳ таоло инсон олами устига пайғамбар қилиб юборди, ўз тарафидин менга Қуръон отлиғ улуғ китоб индирди. Бу китобда инсонлар учун икки жаҳонда саодат топиш йўлларини кўрсатди. Мўминларни жаннат неъматлари ила суюнтиришга, кофирларни дўзах азоби ила қўрқитишга мени буюрди. Тангрим буйруқларини сизларга етказдим, устимга юкланган яловочлик (элчилик) вазифасини адо қилдим, ҳар ҳолда сизларга хайрихоҳдурман. Ҳеч қандай бошқа муддаоим йўқдур. Агар сўзимни қабул қилсанглар, келтирган динимга кирсанглар, дунё ва охират саодатидин топган улуғ насибаларингдур. Агар бу сўзимни рад қилиб, мени ёлғончига чиқарсанглар, у ҳолда Аллоҳ амрини кутиб, сабр қилишдин бошқа чорам йўқдур, – дедилар. Бу сўзлардин кейин улар яна:
– Эй Муҳаммад! Энди биз сенга қилган таклифларимизни ҳеч бирини қaбул қилмаган бўлдинг. Ўзинг биласан, биздин ери тор, суви оз, турмуши оғир ҳеч қабила йўқдур. Энди сен айтгандек, улуғ қудратли Худонинг сени бизга пайғамбар қилиб юборгани аниқ бўлса, еримизни торайтиб турган тоғларни ўртадан кўтарсин, боғ-бўстон, оқин сувлар пайдо қилсин, ўтмишда ўлган ота-боболаримизни тирилтирсин, ул тирилганлар ичида бешинчи бобомиз Қусай ибн Килобнинг бўлиши шартдур. Чунки ул бутун араблар ичида чин сўзли, тўғри тилли бўлиб топилган кишидур. Ана шулардин биз сўрайлик, Аллоҳ таоло сени пайғамбар қилиб юборгани аниқмидур? Агар сенинг сўзингни тасдиқлаб, Худо тарафидин юборилган пайғамбарлигингга гувоҳлик берсалар, яна биз сўраган нарсаларни вужудга чиқара олсанг, шундагина сенинг пайғамбарлигингга ишона оламиз, Аллоҳ олдида қанчалик қадринг борлигини шунда биламиз, – дейишдилар. Анда Пайғамбаримиз айтдилар:
– Мен бу ишлар учун келмадим. Мени Аллоҳ таоло ҳақиқат йўлини кўрсатиш, Ислом динини ўргатиш учун юборди. Аллоҳ амрини сизларга етказдим, қабул қилсанглар, дунё ва охиратлик яхши насибадур. Агар уни рад қилсанглар, Худо фармонига қараб туришдин бошқа на чорамиз бордур? – дедилар.
Мушриклар бунинг билан ҳам сўзларини тўхтатмасдин яна:
– Эй Муҳаммад, бизлар учун фойдали иш кўрсатишга кўнмасанг, энди ўзинг учун фойдали иш қилиб кўрсат. Шундоққи, сени бизларга юборган Раббинг сени сўзингни тасдиқлаш учун яна бир фаришта юборсин, сенинг Худо тарафидин элчи бўлиб келганинг га у гувоҳлик кўрсатсин ва ҳам ўзинг айтган жаннат боғларидин сенга атаб қаср-кўшклари ила бир боғ чиқарсин. У боғ ичида олтин-кумуш хазиналари бўлсин, токи сени бошқа одамлардек овқат овораси бўлмай, ҳеч нарсага ҳожатсиз, роҳат ила умр ўтказишингни кишилар кўрсинлар. Ана шу чоғда сени пайғамбарлигингга, Худо олдида қадр-қийматинг борлигига ишона олурмиз, – деганларида яна Пайғамбаримиз юқоридаги сўзлар ила жавоб бердилар. Бунга ҳам қаноатланмасдин дедиларким:
– Эй Муҳаммад, ўзинг айтгандек, Раббингнинг қудрати етмаган иш йўқ бўлса, айтгин Ангаким, бошимизга ёмғурдек тош ёғдурсин ёки андин бир парчасини устимизга ағдарсун. Агар биз сўраган нарсамизни келтира олмасанг, ҳеч вақтда сенга имон келтиришимизни умид қилма. Анда Пайғамбаримиз:
– У ишлар ихтиёри Аллоҳдадур, ҳар нарса қилса, Унинг қудрати, эрки бордур. Агар қилишни истаса, ҳеч кимдан сўрамасдан бошларинг устига бу балони бир дамда келтирадур, – дедилар.
Мана шунчалик сўзлари устида яна бировлари туриб:
– Эй Муҳаммад, сўзимизнинг тўхтагани шуки, сени бизга пайғамбар қилиб юборган Худоингни кўзимизга кўрсат ёки ўзингнинг ростлигингга гувоҳлик бериш учун бир жамоат фаришталарни келтир, ана шундагина имон келтирамиз, – деб сўзларини кесдилар.
Пайғамбаримизнинг ҳам улардин умидлари узилиб, у жойдин чиқдилар. Кейинларидин Абдуллоҳ ибн Умайя деган бир одам эргашиб чиқди. Бу бўлса Пайғамбаримизнинг аммалари Отиканинг ўғли эди. Олдиларини тўсиб туриб дедиким:
– Эй Муҳаммад, қавминг Қурайш бир неча таклифларни сенга қилдилар, ҳеч бирини қабул қилмадинг. Сўнгра халқ учун фойдали бир неча нарсаларни Аллоҳдин сўраб беришингни сендин ўтиндилар, буни олмадинг. Бу талабни чиқара олсанг эдинг, Худо олдида нақадар мартабанг борлиғи маълум бўлиб, сенга имон келтиришга йўл очилур эди. Ёки ўз фойданг учун улар сўраган нарсаларни вужудга чиқариб, халқ олдида ўз даражангни исбот қила олмадинг. Халқни қўрқитиб, ўзинг айтиб юрган нарсаларнинг баъзи бирини уларга кўрсатишингни сўрадилар. Буни ҳам кўрсата олмадинг. Аллоҳ оти ила онт ичаманки, мен сенга ҳеч қачон имон келтирмайман. Агар кўз олдимда осмонга чиқиб пайғамбарлигингга хат-ҳужжат келтирсанг, унинг устига тўрт фаришта сенинг билан бирга тушиб, гувоҳлик берсалар ҳам, энди сенинг сўзингга ишонмайман, – деб яна қасамёди билан юз ўгириб кетди. Бунинг сўнгида Пайғамбаримиз бу ишга қаттиқ қайғуриб, хафалик билан уйларига қайтдилар. Чунки улардин кўз тутилган яхшилик умидлари узилган ҳисоб бўлди. Яна бу сўзлардин сўнгра Абу Жаҳл малъун туриб:
– Эй Қурайш халқи, мана кўрдинглар. Муҳаммад билан бўлган муомаламиз шу бўлди, динимизни хорлаб, бутларимизни ҳақорат қилиб, ота-боболаримизни, бизни аҳмоқ санаб юрибди. Унинг мақсади эрса, бизларни хафа қилишдур. Энди мен ўз кўнглимда шундай аҳд қилдимки, агар эртага келиб Байтуллоҳ олдида яна ўз намозини ўқимоқчи бўлса, нақ саждага бош қўйган чоғида қўл кўтаргудек оғир тош билан уриб бошини янчаман. Шундоқ қилиб биратўла ўлдириб қутулмасак, бошқа чораси йўқдур. Анинг ҳимоячиси Бани Ҳошимлар қўлларидин келганини қилсунлар. Қурайш халқи улардин мени сақлаш-сақламасликларини ўзлари билсунлар, – деди. Анда Қурайш раислари:
– Эй Абул Ҳакам! Худо ҳаққи, сенинг бу фикринг нотўғридур. Агар шу аҳдингга вафо қилиб, бу иш ижроси ила Муҳаммаддин бизни қутқара олсанг, баримиз бир қўл, бир тил бўлиб, сени ҳимоя қилишга ваъда берамиз, – дедилар.
Уларнинг айтган сўзларидин Абу Жаҳл журъатланди. Эртаси куни ўзи дегандек бир чўнг тошни тутиб пойлаб турди. Пайғамбаримиз ўз одатларича Байтуллоҳ олдига келиб, икки ракат намоз ўтамакликка киришдилар. Қурайш раислари ҳам ўз масжидларида Абу Жаҳл ишини кутиб ўлтирмоқда эдилар. Қачонки Пайғамбаримиз саждага бош қўйиб эдилар, ёмон ният билан пойлаб турган Абу Жаҳл бир катта тошни кўтарган ҳолда урмоқчи бўлиб яқин келди. Келиши ҳамон кўкрагидан итаргандек бўлиб, орқага қайтди. Қўрққанидин ранги ўчиб, тош кўтарган қўли жонсизланиб, уни ташлади. Бу қўрқинчли ҳолга қолган Абу Жаҳл устига бир неча мушриклар югуришиб келдилар:
– Эй Абул Ҳакам, сенга нима ҳодиса бўлди? – деб ундин сўрадилар. Анда ул:
– Кечаги айтган ишимни қилмоқчи бўлиб, яқин борган эдим, тишлари найзадек, умримда кўрмаган ҳайбатли бир буғро туя олдимдан тўғри чиқиб, оғзини ғордек очиб, менга ҳамла қилди. Бўлган воқеа шулдир, – деди. Пайғамбаримиз:
– Кўринган буғро туя биродарим Жаброилдур. Агар менга яқин келсайди, уни ҳалок қилур эди, – дедилар.
Бу кўринган мўъжизага Абу Жаҳл ўзи иқрор қилганидин, бу сўз тарқалиб, халқ ичига яна ғулғула тушди. Қурайш раисларидин Назр ибн Ҳорис деган одам туриб:
– Эй Қурайш халқи, бу воқеа эрса таажжуб қилурлик даражада бир қизиқ ишдур. Чунки Муҳаммаднинг болалик, йигитлик даврлари кўз олдимизда ўтди. Ул бўлса ичимизда энг олий ахлоқли, чин сўзли, ҳар ишда ишонимли, ҳар кимга ёқимли йигитимиз эди. Қачонки унинг йигитлик даври тугаб, чекка сочлари оқара бошлаганда бундоқ бир улуғ ҳодисани ўртага чиқарди. Энди буни биримиз сеҳрчи, биримиз фолчи дедик, яна биримиз туриб, ани мажнун дедик. Мен Аллоҳ оти ила онт ичиб қасам қиламанки, унинг ҳақида буларнинг бариси бир қуруқ туҳматдур. Бу ишнинг ҳақиқатига энди бизлар етишимиз керакдур, – деди.
Қурайш раислари андин бу сўзларни эшитгандин кейин унга Уқба ибн Аби Муайт деган одамни қўшиб, Мадинага юбордилар. Аларга айтдиларким:
– Мадина шаҳрида яҳуд тоифалари кўпдур. Аларнинг ичларида Таврот, Инжил китобларини ўқийдиган катта олимлар бор, деб эшитамиз, шуларнинг олдиларига боринглар. Муҳаммаднинг сифатларини, халққа айтаётган сўзларини, ўртамизда ўтган воқеа ларни уларга яхшилаб тушунтиринглар, чунки яҳуд қавми китоб аҳлларидур, ўтган пайғамбарлар, уламолардин хабардор бўлиб, биз билмаган сирларни албатта улар билишлари керак, – дедилар.
Шунинг билан бу икковлари Мадинага келдилар, яҳуд олимлари билан кўришиб, бўлган воқеани уларга баён қилишди. Яҳуд олимлари бу ҳақда бир қанча фикр қилишгандин кейин уларга:
– Андоғ бўлса, ул пайғамбарлик даъвосини қилган кишига шул уч нарсадин саволберинглар, буни пайғамбардин бошқа ҳеч ким билмайди.
1. Ўтмиш замондаги Асҳоби Каҳф қиссаларидин сўранглар.
2. Бутун олам атрофини айланган бир одам ким? – деб сўранглар.
3. Инсон руҳининг ҳақиқати нимадур?
Агар шу уч саволга ҳақиқати ила жавоб бера олса, билингларким, у киши пайғамбардур. Анда у одамга имон келтириб, кўрсатган йўлига кириш керак. Агар бу саволларга жавоб бера олмаса, ул чоғда унинг ёлғончилиги маълум бўлиб, ўзи жазога лойиқдур, – дедилар.
Шунинг билан бу иккови Маккага қайтишди. Уларнинг хабарини кутишиб турган кўп халқ йиғилдилар. Анда бу иккисидин бирови туриб:
– Эй халойиқ, Мадинага бориб, хизмат топшириғини сизлар дегандек бажариб келдик. Яҳуд уламоларининг маслаҳатларича, ушбу уч нарсадин савол берамиз. Агар ҳақиқатга мувофиқ жавоб бера олса, унинг пайғамбарлиги аниқланади, йўқ эрса, ёлғончилиги юзага чиқиб, ўзи жазога тортилади, – деб, шу кўпчилик билан Пайғамбаримиз олдиларига келишиб, дедиларким:
– Эй Муҳаммад, Асҳоби Каҳф йигитлари кимдур? Алар қайси замонда ўтмишдурлар? Иккинчи, бутун дунёни кезган, мағрибмашриққа қадами етган қайси кишидур? Учинчи, инсон руҳининг ҳақиқати нимадур? Мана шу уч нарсага жавоб беришингни сендан сўраймиз.
Анда Пайғамбаримиз бу ҳақда Худо тарафидин ваҳий келишига ишониб:
– Бунинг жавобини мендин эртага олинглар, – дедилар, аммо “Худо хоҳласа” демадилар. Бандачилик, ул сўз ёдларидин чиққан эди. Шунинг билан эртага деб ваъда берган киши ўн беш кунлаб ваҳий кутиб турдилар. Ислом динида бутун ишларни Аллоҳ иродаси ила бўлур деб ишониш фарздур. Шунинг учун ҳар бир мусулмонга, сўз бошларида ёки анинг тугашида, “Иншоаллоҳ” – “Худо хоҳласа” демак лозимдур. Мана шунчалик ишга танбеҳ бўлиб, ваҳий келиши ўн беш кун кечикди. Макка мушриклари таъна қилишларига бу ишни баҳона қилдилар:
– Мана, Муҳаммаднинг қилган ваъдасидин ўн беш кун ўтди, ҳали дараги йўқ, биз сўраган нарсаларнинг жавобига ожиз қолгандек кўринур. Халқ ичига тарқалган бундоқ таъна сўзлардин Пайғамбаримизга ҳам хафалик пайдо бўлди. Бу ишнинг зоҳиридаги сабаби “Иншоаллоҳ” демаганлари бўлиб кўринса ҳам, яна бунинг ҳақиқатини Аллоҳ ўзи билур.
Энди бу муддат ўтгандин сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) Каҳф сурасини ваҳий келтурдилар, алар сўраган уч масалага шу сурада жавоб берилди. Биринчи – Асҳоби Каҳф қиссалари, иккинчи – руҳ масаласи, учинчи – Зулқарнайн қиссаси тамом шу сурада баён қилинди. Бундин бир қанча насибалик кишилар ҳидоят топган бўлсалар ҳам, бошқалар яна шу гумроҳликда қолдилар. Юқорида айтилганича, мўминларга мушриклар тарафидин ҳаддин оша азиятлар етганликдин, яна ҳижрат қилишга Пайғамбаримиз рухсат қилдилар. Саҳобалардин биринчи дафъа кетган ўн олти киши Исломнинг ривожи ҳақида хато хабарлар онглашиб, бирор йил ўтмасдин туриб қайтиб келган эдилар. Келишлари билан мушриклардин кўрган жабру жафолари илгаригидин неча баробар ортиқ бўлди. Бу иш сабаб бўлиб, саҳобалар яна иккинчи навбат ҳижрат қилишга киришдилар. (Шу ерга келгач, Каҳф сураси ўқилиб, тафсир қилинсин – Муаллиф; Исро сураси 85-оятга ҳам қаралсин – Муҳ.)
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан.
Давоми бор…
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан