Мақолалар

Бошқалар биздан зўрми?..

Чоп этилди Iyun 22, 2020 Бошқалар биздан зўрми?..da fikr bildirishni o'chirish

Бир неча ой бурун ижтимоий тармоқларда сўнгги усмоний султон Абдулҳамид Иккинчи  билан боғлиқ ўта таъсирли воқеа машҳар бўлди. У кўпчиликнинг ёдида: султоннинг ҳузурига бир одам келиб, унинг салобати қаршисида титраб-қақшаб турганча:  “Султоним, сиз мендан қарздорсиз”, дейди. Султон ажабланиб, қанақа қарздорлик ҳақида гапираётганини сўраганида у одам тушига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб, “Абдулҳамидимиз ҳар кеча бизга салавот айтар эди. Бу кеча унутди. Унга айт, сенинг қарзингни тўлаб қўйсин” дедилар”, дейди. Султон шу гапни уч марта қайтартириб, уч ҳамён тилло беради.

Ҳақиқатан, таъсирли воқеа. Бу қайсидир сериалдан кесиб олинган лавҳа. Томошабинни чиндан ҳам тўлқинлантириб юборади. Шу роликни кўрган киши борки салавотни кўпайтиришни хоҳлаб қолади.

Лавҳани кўраётиб ўйладим. Бизнинг боболаримизда шунга ўхшаш ҳодисалар бўлмаганми? Унда нега ҳеч ким ана шундай таъсирчан лавҳаларни яратишни ўйламаяпти. Натижада ёшу кекса араб, турк, форс манбаларини кўришга мажбур бўляпти ва “Ҳаа, уларнинг тақвоси, иймон-эътиқоди зўр-да, барибир”, деган хулосага келаяпти.

Бу битта фикр. Иккинчиси, собиқ шўро замонида Қозоғистон Республикаси Марказий Комитетининг Биринчи Котиби бўлган  Динмуҳаммад Қунаевнинг иккита ибратли гапини эшитганман. Биринчиси: “Биз, тириклар ўликларнинг кўзларини юмамиз, ўликлар эса биз, тирикларнинг кўзларини очади”. Иккинчиси, У чекка бир қишлоққа бориб қолганида, йўлини бир аёл тўсиб унга: “Менинг еттита ўғлим бор. Ана шу еттовига атаб еттита янги ёстиқ тикиб қўйганман. Менинг орзуйим: ана шу етти ёстиққа пойқадамингиз тегса, уларни бирма-бир босиб ўтсангиз”, дейди.  Қунаев аёлга: “Боврим-ов, одам бош қўядиган ёстиқни оёқ билан босиб бўладими?” дейди. Аёл эса гапида маҳкам туриб олади. Шунда Қунаев кекса ёшига қарамасдан ерга қатор қилиб тахлаб қўйилган ёстиқларга энгашиб бирма-бир бошини қўйиб чиқади.

Ана шу гапларни эшитганимга ўттиз йилдан ошиб кетди. Лекин ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

Хўш, бизнинг донишманд халқимизнинг доно раҳбарлари бўлган Шароф Рашидов, Ислом Каримовлар шундай катта тарбиявий аҳамияга эга бўлган гапларни айтамаганми?..

Бугун яна ижтимоий тармоқларда бир турк шайхининг шеъри машҳур бўлди, У “Тилингда Аллоҳга жой берибсан, қалбингда шайтонга…” деб шеър ўқияпти, даврадагилар кўзда ёш билан тинглаяпти…

Нафсиламри, инсониятни эзгуликка бошлайдиган, юксак ахлоқий фазилатларни шакллантиришга хизмат қиладиган воқеликлар, ибратли ҳодисалар, ҳикматли гаплар бир халқ, бир миллатники эмас, умум инсониятники, яъни фойдаланган инсоннинг мулки.

Лекин бу ерда бошқа масалалар ҳам бор: аждодлардан қолган буюк ахлоқий меросни ўзимиз ҳам яхши ўзлаштирмаяпмиз, фарзандларимизга ҳам тўлақонли етказиб бера олмаяпмиз. Бу гапнинг исботи ана шундай видео роликлардан унумли фойдаланмаётганимизда ҳам аниқ кўринади.  Масалан, қайсидир мадрасанингми, масжиднингми қурилиши бошланаётганда Соҳибқирон бобомизнинг тўртинчи ўғли, Улуғбек Мирзонинг отаси бўлган Шоҳрух Мирзо (1377-1447): “Кимки таҳажжуд намозини бирор кеча қолдирмай ўқиб юрган бўлса, биринчи ғиштни ўша киши қўйсин”, деганида ўша одам ўзи бўлиб чиққан ва биринчи ғиштни ўзи қўйган экан.

Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (1483-1530) тушлари, дуолари-чи… уларнинг ҳар бири битта видеороликка бемалол мавзу бўла олади.

“Ҳўқанди латиф” асарида ёзилишича, Қўқон хони Олимхон (1801-1810. Хонлик йиллари – муалл.) бир масжид қурилишини бошлаганда  замонасининг пешволаридан бўлган Муҳаммад Яъқуб Охунд ташриф буюради. У Олимхоннинг пири эди. Пири Олимхондан масжидни қайси маблағ ҳисобига қураётганини сўрайди. Хон давлат ғазнасидан қурилаётганини айтганда пир давлат ғазнасини масжид қурилишига сарфлаш мумкин эмаслиги, масжиду мадрасалар фақат вақф мулки ҳисобидан қурилиши зарурлигини айтади. Қурилишни буздириб, материалларидан бошқа қурилишларга фойдаланиш зарурлигини айтади. Ўзининг хатосидан қўрқувга тушган хон ҳатто ҳушидан кетиб йиқилади. Орадан бир йилча ўтиб Олимхон вафот этади, аниқроғи, душманлари унга суиқасдга уюштиради. Кейин эса унинг ўғли Умархон масжид учун 6 йил вақф пулларидан тўплаб ҳукмдорлигининг еттинчи йили масжидни битказиб  ишга туширади.

Айтишларича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг оталари ёши улғайган чоқда сафарга чиққан эканлар. Бир жойга қўноқ бўлибдилар. Шунда шерикларидан бири: “Толиқиб қолдингиз, бир оз мизғиб олиб, хуфтонни кейинроқ ўқисангиз бўлмасмикан”, деганида “Намозга ярамайдиган жоннинг нима кераги бор!”, деган эканлар.

Бу мисоллар шу онда ёдга тушганлари, холос. Аждодларимизнинг ёшлар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатадиган, уларни тўлқинлантириб, қалбларидаги эзгулик туйғуларини уйғотиб юборадиган фазилатлари бениҳоя  кўп бўлган.

Иккинчи жиҳати, биз ана шундай муҳим ва жуда арзон масалаларда ҳам истеъмолчилик кайфиятимизни яққол намоён этмоқдамиз. Ўзимизда тайёр турган тарбия маҳсулотини энгашиб олишга эриниб бошқалар тайёрлаган нарсаларга мафтун бўлиб кун ўтказяпмиз. Болаларимиз ҳам шунга ўрганяпти. Улар ҳам биз кўрган нарсаларни томоша қилади, лекин бизга ўхшаб нега шундай тарбиявий аҳамиятга эга, таъсирчан видео роликларни ўзимиз ишламаяпмиз, демайди. Биздан ўрганган-да! Ҳа, ота ўғиллар!

Дамин ЖУМАҚУЛ