Жаноза намозини ўқиш
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барча яхши ва фожир кимсаларнинг жанозаларини ўқинглар”, деганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан то бугунгача Ислом уммати ўтганларига жаноза намозини ўқиб келмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жаноза намози фарзи кифоядир, бир неча одамнинг адо этиши билан барча мусулмонлардан соқит бўлади. Тажовузкор ва йўлтўсарларга қилмишлари боис жаноза намози ўқилмайди. Чунки Али (розияллоҳу анҳу) Наҳравондаги тажовузкорларни ювмаган ва уларга жаноза ҳам ўқимаган. Бу ишга бирор саҳоба эътироз билдирмаган. Уламоларимиз фатволарига кўра, ўлик туғилган болага ҳам жаноза ўқилмайди. Агар баъзи офатлар сабаб инсоннинг жасади парчаланиб кетган бўлса, жасаднинг ярмидан кўпи топилмагунича унга жаноза ўқилмайди. Умумий аъзоларининг ярмидан кўпи топилганидагина жаноза ўқиш мумкин. Шунингдек, ғойиб маййитга ҳам жаноза ўқиш, мазҳабимиз уламолари наздида, машру эмас.
Жаноза намозида имомлик қилишга, энг аввало, султон, сўнг қози, сўнгра ўша жойнинг тайинланган имоми, кейин эса маййитнинг яқинлари ҳақлидир. Бу борада маййитнинг васиятлари асос бўлмайди. Юртимизнинг баъзи жойларида ўлимдан олдин жаноза намозини ким ўқиши борасида васият қилиш одат тусига кирган. Ҳатто имомнинг ўзи ҳам маййитнинг эгаларидан жаноза намозига бирор киши васият қилинган–қилинмаганлиги ҳақида сўрайди. Жаноза намози ўликнинг ҳақи эмас, бу борада васият қилса. Балки жаноза намози тириклар зиммасидаги бажаришлари керак бўлган фарз амалдир. Унга имомлик қилиш ишини ҳам шариат тайинлайди. Имомликка ҳақли бўлиш тартибини эса биз юқорида санаб ўтдик.
Жаноза намозида имом маййитнинг, у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, кўкраги тўғрисида туради ва тўрт такбирли жаноза намозини ўқийди. Биринчи, жаноза намозини ўқишга ният қилиб, такбир айтиб, қулоқ қоқади, сўнг қўлларини боғлаб, намозда ўқиладиган санони ўқийди. Сано будир:
“سُبْحَانَك اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِك وَتَبَارَكَ اسْمُك وَتَعَالَى جَدُّك وَلَا إلَهَ غَيْرُك”
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Сенга ҳамд айтиб, нуқсонлардан поклигингни ёд этаман. Исминг махлуқлар сифатидан буюкдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир”.
Сўнг иккинчи такбирни айтади. Ушбу ва кейинги такбирларда қулоқ қоқилмайди. Такбирларда осмонга қараш қаттиқ гуноҳдир. Иккинчи такбирдан сўнг намозларда ўқиладиган салавотни иккинчи “иннака ҳамийдум мажийд”гача ўқийди, яъни:
“اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ إنَّك حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ َبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْت عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ إنَّك حَمِيدٌ مَجِيدٌ”
Маъноси: “Эй Парвардигор, Иброҳим ва унинг аҳли оиласига салавотлар юборганингдек, Муҳаммад ва у зотнинг аҳли оиласига ҳам салавотлар йўлла. Албатта, Сен барча ҳамдга лойиқ буюк Зотдирсан. Эй Парвардигор, Иброҳим ва унинг аҳли оиласига баракотлар берганингдек, Муҳаммад ва у зотнинг аҳли оиласига ҳам баракотларингни ато эт. Албатта, Сен барча ҳамдга лойиқ буюк Зотдирсан”.
Кейин учинчи такбирни айтади ва китобларимизда машҳур бўлган жаноза дуосини ўқийди, яъни:
“اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الْإِيمَانِ”
Маъноси: “Эй Парвардигорим, бизнинг тирикларимизнинг ҳам, ўликларимизнинг ҳам, бу жойда ҳозир бўлганларимизнинг ҳам, ҳозир бўлмаганларимизнинг ҳам, кичикларимизнинг ҳам, катталаримизнинг ҳам, эркакларимизнинг ҳам, аёлларимизнинг ҳам гуноҳларимизни кечир. Эй Парвардигор, бизлардан кимга жон ато этсанг, уни Исломда тирилтиргин, кимни вафот топтирсанг, унга имонни ҳамроҳ қилгин!”
Дуодан сўнг тўртинчи такбирни айтади ва икки томонга салом беради. Мазҳабимиз уламолари саломдан сўнг маълум бир дуони ўқишни таъкидламаган. Баъзи уламолар қуйидаги машҳур қуръоний дуони ўқиш афзал дейди, яъни:
“رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ”
Маъноси: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Ўзингнинг яхшиликларингни ато этгин ва бизни дўзах азобидан сақлагин!”
Бизнинг юртларда эса жаноза намозидан сўнг “истиржоъ”, яъни:
“إنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إلَيْهِ رَاجِعُونَ”
дуосини айтиш одат тусига кирган. Маъноси: »Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва Унинг ҳузурига қайтажакмиз«.
Маййитни дафн қилишга келсак, қабр лаҳад қилиб кавланади. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаҳад қилиб қазиш биздадир, ердан ёриқ очиш эса ўзгаларнинг иши”, деганлар. Аввал чуқур қазилади. Унинг чуқурлиги бел ёки кўкрак баробарича бўлиши мумкин, бундан ҳам чуқурроқ бўлса, зарари йўқ, балки яхшироқдир. Кейин ушбу чуқурнинг ён тарафидан оғзи кичикроқ, ичи кенг, инсон ётганида сиғадиган ҳужра қазилади. Мана шу ҳужра лаҳад деб аталади. Уламолар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юқорида зикр қилинган ҳадисларидан мақсад лаҳад қилиб, дафн этишнинг мустаҳаблигини баён қилишдир, дейди. Чунки тупроқнинг ҳолатига қараб, баъзи жойларда лаҳад қилишнинг имкони йўқ. Бундай пайтда шаққ – чуқур қазишнинг ўзи кифоя. Маййитни қабрга қўйишга унинг яқинлари: ўғил, ота, ака-ука ва бошқалар ҳақлидир. Шунингдек, қабрга қўювчиларнинг сони тоқ бўлиши шарт эмас. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни равзаи муборакларига Аббос, Фазл ибн Аббос, Али ва Суҳайб (розияллоҳу анҳум) қўйган. Маййит қабр олдига олиб келингач, у қабрнинг қибла томонига қўйилади ва қабрга қўювчи кишига узатилади. У ўзи қиблага қарагани ҳолда маййитни олади ва қуйидаги сўзни ўқиган ҳолда қўяди, яъни:
“بِاسْمِ اللَّهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللَّهِ”
Маъноси: “Аллоҳнинг номи билан ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг миллати – суннатига мувофиқ қўяман”. Ушбу калимани Имом Мотуридий, дуо эмас, балки шаҳодатдир, деган.
Маййитни лаҳад ичига олиб киргач, юзини қиблага қилиб, ёнбош ҳолатида ётқизилади. Агар кафан боғланган бўлса, ечиб қўйилади. Кейин қабр оғзини ёпишда хом ғишт ва қамишдан фойдаланилади. Ёғоч ва пишиқ ғишт ишлатилмайди. Чунки улар иморат учун керак. Пишиқ ғиштда оловнинг асари бор. Сўнг қабрни кўмишда ўзидан чиққан тупроққина ишлатилади, бошқа жойдан тупроқ олиб келиб кўмилмайди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм