Мақолалар

Биз ана шундай миллатмиз…

Чоп этилди Iyul 2, 2020 Биз ана шундай миллатмиз…da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаддис ва аллома Бадриддин Ҳасанийдан «Бир соатдан кейин вафот этишингизни билиб қолсангиз, қандай амал қилардингиз?» деб сўрашди. У киши: «Илм ўқирдим», дедилар. «Нима учун айнан илм ўқирдингиз?» дейишди. Аллома: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан. Чунки у зот: «Кимнинг ажали илм излаётганида келса, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига борганда у билан пайғамбарлар ўртасида фақат пайғамбарликдан бошқа фарқ бўлмайди», деганлар» дея жавоб берган эканлар.

Биз ана шундай миллат авлодларимиз. Бизнинг улуғларимиз илм ўрганиш фурсатини бешикдан то қабргача дея таълим беришган. Илм талаб қилишни зиммамиздаги фарз эканлигини англатишган. 

Шу сабаб эсини таниганидан бошлаб ҳарф ўргатилиб, то ҳаётини сўнгигача китоб варақлаган, илм ўқиган миллат бўлганмиз. Илмга, илм аҳлига устозларга эҳтиром барчада, каттаю кичик, эркагу аёл, бойу фақирда бирдек бўлган. Миллатнинг гултожи, нури, зиёси айнан илм толиблари ва муаллимлар бўлишган.

Биз бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилган миллатмиз. Ўрганилган ҳар бир ҳарф учун ажру савобни ният қилган, фарзандини илм толиби бўлишини энг олий мақсад деб билган миллатмиз.

Чунки бизнинг миллатда «Яратган Роббингни номи билан ўқи» деган илоҳий кўрсатма энг асосий дастуруламал бўлган. Айнан бизнинг миллатни инсофли ғарбликлар «ёппасига мадрасага қатнайдиган миллат» дея таъриф берган.

Бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам олимнинг обиддан фазлини худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшатганлар. У зот ўзларининг муборак ҳадисларида: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар» деган юксак баҳони айнан илм толиблари учун хосланганлар.

Бизнинг улуғларимиз: «Илм талабида бўлинглар. Агар илм талаб қилишдан ожиз қолсангиз, илм аҳлини яхши кўринглар. Агар яхши кўролмасангиз, ҳеч бўлмаганда ўша илм аҳлини ёмон кўрманглар» дея таълим бериб келганлар.

Бизнинг мутаффаккирлар энг фойдали мерос дея илмни баён қилганлар: «Фарзандларингга қолдирадиган фойдали бойлик уларнинг таълим-тарбиясини чиройли қилмоғингдир. Ўлимингдан кейин ҳам улар фойдаланадиган давомий асаринг сенинг илминг ва одамларга қилган хизматингдир».

Айнан бизнинг миллатимиз устозлари динимиз тараққиёт йўлида юришни фарз қилган ва кишиларни илмга ундаган, чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмаслигини ва тараққиётга ҳам эриштира олмаслигини баён қилиб асарлар ёзишган.

Бу мавзуда ҳар қанча ёзсакда, адо бўлмайди. Неча минг йиллик тарихимиз, илк университетлар, йирик кутубхоналар, инсоният тараққиётига ҳисса қўшган минглаб буюк кашфиётлар, турли соҳаларда ижод этган миллионлаб уламоларнинг яшаб ўтган ҳаёти, қолдирган асарлари буларнинг ёрқин далилидир. 

Тарихга назар ташлаб, ўтган азизларимизнинг сўзимиз аввалида келтирган ҳикоямиз каби ўтаётган соатларни, лаҳзаларни қадрлаганларига, ҳатто ўлимни қарши олаётган чоғларида ҳам илм талаб қилишдан ажралмаганларига гувоҳ бўламиз ва ибрат оламиз.

Хулоса

Фарзандларни билимли қилишни муҳим вазифа деб билиш, илм узилиб қолмаслиги, тўхтаб қолмаслигини учун ҳаракат қилмоғимиз, уни давом этиши учун барчамиз ҳисса қўшмоғимиз керак. 

Илм олмоқ, илм ўрганишга тарғиб қилмоқ, илм ўқиётганни қувватламоқ ва уни таълим бераётганга эҳтиром кўрсатмоқ керак.

Пандемияси бўлсин, бошқаси бўлсин, илм талаби асло кечикмаслиги, уни излашга, ўрганишга бўлган интилиш, рағбат сўнмаслиги керак. Бизда бу хусусда масъулият бор. Ҳар биримизда.

Бобур Аҳмад,

islom.uz