Мақолалар

Ўзани чуқур дарё оқаверади

Чоп этилди Iyul 9, 2020 Ўзани чуқур дарё оқаверадиda fikr bildirishni o'chirish

“Халқ сўзи” газетасининг 3 июль сонида Самарқанд давлат университети ректори, муҳтарам устозимиз, профессор Р.Холмуродовнинг интервьюсини ўқиб, хаёл узоқларга олиб кетди. 2017 йилнинг кузида Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида бўлдик. Ислом тадқиқотлари маркази билан Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ўртасида дастлабки Ҳамкорлик меморандумини имзоладик. Расмий мулоқотдан сўнг Ўзбекистоннинг азалий дўсти, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Ф.Низами шаҳарча бўйлаб сайрда бизга ҳамроҳ бўлди. Шунда Европада Ўрта асрларда қурилган ва ҳозир ҳам фаолият юритаётган коллеж биносига кирдик. Дарвоза, катта тўртбурчак ҳовли ва четлари бўйлаб тикланган икки қаватли бино. Иккинчи қаватдаги хоналар ётоқхоналарга, биринчи қават ўқув машғулотлари учун мўлжалланган. “Бундай коллежлар ва семинариялар Европада жуда ҳам кўп ва уларнинг меъморий ечимида ислом меъморчилиги анъаналаридан илҳом олинган”, деди Ф.Низами.

Биз ҳозиргача Ўзбекистонда Олий таълим тизимига ХХ асрнинг бошида асос солинди, деган эътирофга кўникиб келдик. Аслида, юртимизда олий таълим дастлабки мадрасаи олиялар ташкил топган даврларда, яъни илк ўрта асрларда шаклланиб улгурганди. Тарихий асарларда дастлабки олий мадрасалар 9-12 асрлардаёқ фаолият кўрсатган, дейилади. Лекин улар мўғуллар босқинида вайрон қилинган. Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрининг кўрки бўлган Регистон майдонида қад кўтарган сервиқор ва салобатли бино ­- Улуғбек мадрасаи олияси 1420 йилда фаолият юрита бошлагани мақолада алоҳида таъкидланади. Шуни ҳам эътироф этиш керакки, Султон Улуғбекнинг ўзи ва у кишининг устози Қозизода Румий мадрасанинг дастлабки устозлари қаторида бўлганлар.

“Илм ўрганиш ҳар бир мўмин ва мўмина учун фарздир” ҳадиси Улуғбек қурдирган ҳар уччала мадрасанинг шиори бўлган.

Тошкент шаҳрида қад ростлаётган Ислом цивилизацияси марказининг асосий дарвозаси Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси порталидан андоза олиб, шакллантирилмоқда. Негаки, мамлакат Раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ ҳам илм ва маърифатга хизмат қилади.

Алалхусус, мамлакатимиз олий таълим тизими, жумладан, Самарқанд давлат университети жорий йилда ўзининг 600 йиллигини нишонлашга тўла ҳақли. Ислом цивилизацияси маркази жамоаси номидан ушбу қутлуғ сана билан Самарқанд давлат университети раҳбарияти, жамоаси ва талабаларини, битирувчиларини салобат ва етуклик ёши билан муборакбод этамиз.

Илм-маърифатда тарихимиз бой ва жуда чуқур. Ўзани чуқур дарё оқаверади.

Ш.МИНОВАРОВ,

 Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази директори