Мақолалар

«БУ ОЛАМ АРО АЖАБ АЛАМЛАР КЎРДУМ…»

Чоп этилди Iyul 22, 2020 «БУ ОЛАМ АРО АЖАБ АЛАМЛАР КЎРДУМ…»da fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди ва илмий меросига жиддий эътибори туфайли мамлакатимизда буюк аждодимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини, кўп қиррали илмийижодий фаолиятини ўрганиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Тошкент шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да унинг маҳобатли ҳайкали қад кўтаргани ва бу буюк шахснинг илмий мероси кенг миқёсда ўрганилаётгани қувонарлидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўттиздан ортиқ тилларга таржима қилинган “Бобурнома” асари муаллифи, беназир шеърий мерос – икки девон
тузган, аруз илмига оид махсус рисола, қонунчиликка оид маснавий – “Мубаййин”, “Волидия” асари шеърий таржимаси, “Хатти Бобурий” номли алифбо ихтирочиси ҳамда бизгача етиб келмаган “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” каби илмий асарлар муаллифидир. Ўзбек тилида аруз илмига оид энг мукаммал деб ҳисобланган “Аруз рисоласи”ни яратган. Ушбу рисолада буюк шоирлар асарлари қаторида унинг ўз шеърлари ҳам салмоқли ўрин тутади. Шеър ёзиш унинг учун ҳавас эмас,
балки “ўз таъби” – диди ва “ҳолати” – аҳволини баён этиш воситаси бўлган. У ёзган эди:

Дўстларнинг суҳбатида не хуш ўлғай аҳси шеър,

То билингай ҳар кишининг таъби бирла ҳолати.

Лекин Бобур ўз даврида мумтоз шеърият анъанасига мос тўлиқ девон туза олмаган. Шунинг учун ёзган:

Девонима не рабту не тартибдурур,

Не жадвалу не лавҳу не тазҳибдурур.

Гар санга йибордим ани, айб айламаким,

Девонангни тиларга тақрибдурур.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шеърий мероси юксак бадиий савияда ёзилганлиги учун ҳам мумтоз ўзбек шеърияти тарихида ўз ўрнига эга.
Муаррих Мирза Муҳаммад Ҳайдар ўша даврдаёқ Заҳириддин Муҳаммад Бобурни шоир сифатида Алишер Навоийдан кейинги ўринга қўйган эди.
Бу бежиз эмас. Бобурнинг Рампурдаги кутубхонада сақланаётган ноёб қўлёзмасида қуйидаги фикр ёзилган:

Ҳар вақтки кўргасен менинг сўзимни,

Сўзимни ўқуб соғинғайсен менинг ўзимни.

“Вақойеъ” ёки “Бобурнома” номи билан машҳур бўлган шоҳ асари – қалб дафтари, жаҳон тарихи, манбашунослиги ва адабиётининг ноёб ёдгорлигидир. Унда XV аср охири, аниқроғи 1494 йилдан 1529 йилгача Фарғона, Мовароуннаҳр
Кобул, Хуросон ва Шимолий Ҳиндистонда бўлиб ўтган сиёсий воқеалар, мамлакатларнинг географик ҳолати, шаҳарлар тарихи, халқи, урф-одатлари, наботот ва ҳайвоноти тўғрисида қимматли маълумотларни ўзида жамлаган. Асарда тарихий-сиёсий воқеалар йилма-йил аниқлик билан, муаллиф ҳаёти ва сиёсий фаолияти билан боғлиқ ҳолда баён этилган. Воқеаларнинг асосий иштирокчиси ва гувоҳи Бобурнинг ўзи бўлиб, унда баён этилган воқеаларнинг тўғри ва ҳаққоний бўлишига интилган муаллиф шундай ёзган эди:

“Битилганлардин ғараз шикоят эмас, рост ҳикояттурким, битибтурмен”. Бошқа бир ўринда бу асари ҳақида шундай фикр билдирган:

Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,

Олам элидин турфа ситамлар кўрдум.

Ҳар ким бу “Вақоеъ”ни ўқур, билгайким,

Не ранжу меҳнату не ғамлар кўрдум.

“Бобурнома” жаҳоннинг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинган, шу жумладан, форс тилига тўрт марта, инглиз тилига уч марта, француз тилига икки марта ўгирилган. Буюк бобурий ҳукмдор Жалолиддин Муҳаммад Акбар саройида асарнинг форс тилидаги таржима нусхалари замонасининг энг моҳир хаттотлари томонидан кўчирилган ва беш юздан ортиқ миниатюралар билан безатилган. Ҳозирги кунда “Бобурнома” асари дунёнинг энг нуфузли йигирма бешта
музей ва кутубхоналарида, хусусан, Британия музейи, Париждаги Лувр музейи ва Миллий кутубхона, Москвадаги Шарқ санъати музейи, Деҳлидаги Миллий музей ва бошқа шахсий мажмуаларда сақланмоқда. Бобуршуносликнинг ютуғи бўлган икки йирик асар – “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” (2014,
2017 йилги нашрлари) ва “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Библиография” (Москва, 2016, ўзбек, рус, инглиз тилларида, 1184
бет)да бу даҳо шахс ижодининг ўрганилишига оид тадқиқотлар маълум даражада умумлаштирилган. Бобур меросини ўрганиш Ҳиндистон, Афғонистон, Буюк Британия, Америка Қўшма штатлари, Франция, Туркия ва бошқа мамлакатларда давом этмоқда. Бугун интернет тармоғида, турли тилларда унинг ҳаёти, ижоди ва фаолиятига оид материалларнинг эса сон-саноғига етиш қийин.

Абдумажид МАДРАИМОВ,
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи
бўлим мудири