Кўпчилик касаллик бутунлай бартараф этилди деб ўй лай бошлаган эди…
Тошкент тиббиёт академияси Тошкент вилояти туманларида COVID-19 га гумон қилинган ва COVID-19 енгил формаси билан касалланган беморларни даволовчи провизор шифохонасига айлантирилишини, Call марказлари иши ҳамда уйда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини назорат қилиб, ҳудуд аҳолисига амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Охирги кунларда ҳар куни мамлакатимизда 500 ортиқ ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланмоқда. Нега бундай ҳолат кузатилмоқда? Карантин чоралари юмшатилишини кўпчилик нотўғри талқин қилиб, худди касаллик батамом бартараф этилгандек тута бошлашди. Яъни ниқобни кўпчилик тўғри тақмади, ҳуда-беҳуда кўчада юрди, ижтимоий масофага риоя этишмади ва қўл бериб, қучоқлашиб кўришишди. Тўйларга кўп одамларни чақиришди. Бунинг натижасида касаллик кўпайиб кетди.
Шанба ва якшанба кунлари бозорлар дезинфекция ишлари ўтказиш учун ёпилмоқда.
ЎзР махсус комиссиясининг охирги қарорига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилди: коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади; карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади; тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади). Касаллик тасдиқланган, касалликнинг аломатсиз ёки енгил шакли бўлганлиги учун уйда даволаниши режалаштирилган беморларга поликлиника томонидан мобил бригада юборилади. Мобил бригада (УАШ, инфекционист ва эпидемиолог) беморга назорат режасини тузади, тегишли дориларни беради, оила аъзоларига кун тартиби ва санитар гигиеник талабларни тушунтиради. COVID-19га чалинган беморлар бирламчи бўғим, яъни амбулатор-поликлиника муассасалари томонидан назоратга олинади ва зарур дорилар билан таъминланади. Поликлиника шифокори беморнинг ҳолатига кўра 1 кунда 1 марта ёки 2 кунда 1 марта кўрикни амалга оширади. Бошқа пайт УАШ ҳар куни 2-3 марта телефон орқали боғланади. Агар беморда нафас тезлиги дақиқасига 30 марта ва ундан кўп бўлса, енгил ҳаракатларда ҳансираш пайдо бўлса, ҳолсизлик кучайса, тана ҳарорати 3-5 кун кўтарилиб турса ва қайталаса, йўтал пайдо бўлса ва кучайса, тезда поликлиника шифокорига хабар бериш зарур. Бунда белгиланган тартибда махсус бригада чақиртирилиб, бемор стационар даволанишга юборилади. ТТА масъул ходимлари жойларда ушбу йўналишдаги ишларнинг тўғри ташкил этилиши ва беморларга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатиш бўйича маслаҳатлар беришмоқда.
Шунингдек ҳозирги кунда Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари тиббиёт бирлашмалари Call марказларида Тошкент тиббиёт академиясининг бириктирилган кафедраларининг профессор-ўқитувчилари марказларга аҳолидан тушаётган иситма бўйича, дори-дармон бўйича, тез ёрдам бригадаларига доир, мобил гуруҳлар фаолиятига доир мурожаатларига жавоблар билан бир қаторда мутахассис сифатида маслаҳатлар ҳам беришмоқда.
Феруза Саломова,
ТТА атроф-муҳит гигиенаси кафедраси мудири.
Гулчеҳра Мирзаева,
журналист
ЎзА