
Дунё мусулмонлари пандемияда Қурбон ҳайитини қандай нишонлади?
Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётгани сабабли, айёмни одамлар уйида ўтказишга мажбур бўлди. ЎзА мухбири ўзга юртдаги мусулмонлар байрамни қай тарзда кутиб олгани, қурбонлик амаллари қандай бажаргани билан қизиқиб, Al-Jazeera, BBC ахборот агентликлари сайти ва Покистон нашрларига назар ташлади.
Пандемия башариятни минг йиллик байрамлар тартибига ҳам ўзгартириш киритишга мажбур қилди. Буюк Британия мусулмонлари кенгаши “The Muslim Council of Britain (MCB)” ўз сайтида Ҳайит намозини амалга ошириш бўйича йўриқнома эълон қилди. Ҳужжатда ҳайит намозини очиқ ҳавода адо этиш, бунинг имкони бўлмаса, ичкарида ўзаро масофа сақлаган ҳолда ўқиш тавсия этилди. Шунингдек, ҳайит қутловларида қучоқ бериб кўришиш, қўл узатишдан тийилиш сўралди. Одатда ҳайитда мусулмонлар яқинлари билан дастурхон атрофида йиғилади. Кенгаш бу борада хонадонда эмас, очиқ ҳавода йиғилишни ва иложи борича кўпчилик бўлиб тўпланмасликни сўраган.
Канадада масжидга чиқққанда оралиқ масофани сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмасликнинг олдини олиш мақсадида махсус мобил илова ишга туширилди. “SMART Jamaat” мобил иловаси орқали Торонто мусулмонлари мавжуд 8 масжиднинг бирида ўзлари учун жой белгилашди. Илова бир масжид тўлгач, бошқа вақт ёки масжидни таклиф қилди. Ўрин ололмаган киши намозни уйида адо этишга мажбур бўлди.
Ғазо секторидаги фаластинликлар Қурбон ҳайитини одатдагидек оила даврасида кутиб олдилар. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирусга чалинганлар ҳайит арафасида беш кишини ташкил этган ва уларнинг бари карантинда касалхонада даволанмоқда. Хуллас, аҳоли айёмни рисоладагидек кутиб олди.
Британия мусулмонлари кенгаши қурбонлик амалини бажаришда гигиена қоидаларига амал қилиш ва тактик алоқадан сақланишни тавсия қилган. Коронавирус шиддат билан ёйилаётган Индонезияда фақатгина касаллик кам қайд этилган туманлардагина жамоат намозига ва қурбонлик тарқатишга рухсат берилди. Ҳайдаробод (Ҳиндистон) муфтийси аҳолига қурбонлик нархи миқдоридаги пулни йўқсилларга улашиш бўйича фатво берган. Шу орқали гўшт ва мол дўконларида одам тўпланишининг олди олингани айтилмоқда.
Қурбон ҳайити амалларига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бефарқ бўлмади. ЖССТ қурбонлик сўйиш ва тарқатишда жисмонан масофа сақлаш йўриқномасини эълон қилди.