Дунё янгиликлари

Швеция карантин жорий қилмади, натижа эса кутилганидан ҳам яхши

Чоп этилди Avgust 7, 2020 Швеция карантин жорий қилмади, натижа эса кутилганидан ҳам яхшиda fikr bildirishni o'chirish

Коронавирус пандемияси бутун Европага тарқалиб, Италия, Испания ва Буюк Британияда вазият хавотирли тус олганда ҳам Швеция қўрқмади. Дунёнинг қанчадан-қанча экспертлари, иқтисодиётчию сиёсатчиларининг танқидларига қарамай, бу мамлакат қаттиқ карантин чораларидан воз кечди. Барчаси швед халқининг тартиб-интизоми ва ҳушёрлигига, масъулиятига қўйиб берилди.
Иқтисодиёт тўхтамади, олий ўқув юртлари, мактаб, боғчалар ёпилмади, дўконлар ишлайверди. Гўё коронавирус Швеция чегарасидан ўта олмагандек. Ҳолбуки, бу мамлакатда ҳам инфекция тарқалди, одамлар касалликдан вафот этди.
Энди экспертлар Швеция ҳукумати қаттиқ карантин жорий қилмай ютдими ёки ютқаздими, деган саволга жавоб қидирмоқда.
Яқинда Bloomberg сўров ўтказган таҳлилчилар Швеция биз кутгандан ҳам яхши натижага эришди, деган хулосага келганини маълум қилди.
Экспертларнинг фикрича, ҳукуматнинг яқинда эълон қилиши кутилаётган дастлабки ҳисоб-китобига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми иккинчи чорак якунлари бўйича етти фоизга пасаяди. Бундай кўрсаткич шимолий Европанинг энг йирик иқтисодиётига эга Швеция учун антирекорд бўлади. Бироқ агар ҳукумат коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун қаттиқ чеклов чораларини қўллаганда эди, иқтисодий пасайиш янада кўпроқ бўларди.
Қолаверса, Швециядаги иқтисодий пасайиш таъсири Европанинг аксарият мамлакатлари ва АҚШдагидек ўта муҳим аҳамиятга ҳам эга эмас экан. Масалан, АҚШда июль ойи охирида ЯИМнинг чораклик пасайиши 32,9 фоизни ташкил этди. Бунақаси АҚШ тарихидаги ҳали кузатилмаган.
Тўғри, Швециянинг кенг қамровли карантиндан воз кечгани салбий оқибатларни ҳам кўрсатди. Ўлим даражаси юқорилиги, иқтисодиётнинг тўлиқ тикланиши номаълум қолаётгани шулар жумласидан. Масалан, қўшни Финляндия ва Дания касаллик чўққисини тезроқ босиб ўтди, айрим корхоналар ва бутун бошли соҳаларни эртароқ ишга тушириб юборди.
Швеция коронавирус пандемия шароитида фақат юзаки карантин чораларини қўллади. Бу эса, табиийки, кўплаб иқтисодчиларнинг танқидига учради. Ҳатто айрим иқтисодчилар ҳукуматнинг пандемия келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммоларга бепарволиги мамлакат учун ҳалокатли бўлиши мумкинлигини ҳам айтишди.
Хуллас, энди маълум бўлдики, Швеция иқтисодиёти инқирозни бошқа мамлакатларга қараганда осон ўтказмоқда. Швеция собиқ молия вазири Андерс Борг ҳам Svenska Dagbladet нашрига берган интервьюсида шу фикрни билдирди.
Экспертлар Швециянинг карантиндан воз кечиб эришган муваффақиятидан ташқари, яна бир ютуғини эслатмоқда. Уларнинг фикрича, мамлакатнинг туризмга кучли боғлиқ бўлмагани ҳам муваффақият гарови бўлди. Қолаверса, Швециянинг халқаро ҳамжамият ҳавас қилса арзийдиган жиҳати, бу ривожланган ижтимоий ҳимоя дастурларига эгалигидир.
Собиқ молия вазири Андерс Боргнинг ишонч билан таъкидлашича, Швеция Европанинг ЯИМ кўрсаткичи энг кам пасайган мамлакатлари қаторида бўлади. Бунга сабаб, швецияликлар бошқа мамлакатлар фуқароларига қараганда эртароқ эркин ҳаракат қила бошлади. Бундан ташқари, мамлакатда интернет яхши йўлга қўйилгани учун кўпчилик уйда туриб ишлади.
«Бизда истеъмол унчалик пасаймади, айтиш мумкинки, биз вазиятдан бошқаларга қараганда тезроқ чиқиб кета оламиз», – дея таъкидлади Борг.
Skandinaviska Enskilda Banken (SEB) иқтисодчиларининг башорат қилишича, Швеция ЯИМ кўрсаткичи иккинчи чоракда ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 8 фоизга қисқаради.
Capital Economics инвестиция компанияси таҳлилчилари ҳам мамлакатдаги иқтисодий аҳволни ижобий баҳоламоқда. Уларнинг таъкидлашича, ЯИМнинг пасайиши иккинчи чоракда ўтган йилнинг шу даври билан таққослаган атиги 3,7 фоиз даражада бўлади (биринчи чоракликда тўрт фоиз эди).
Standard&Poors рейтинг агентлиги ҳам Швецияни Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда инқироздан тезроқ чиқиб кетишини башорат қилмоқда.
Бироқ бошқа Скандинавия мамлакатлари билан солиштирганда Швеция кўрсаткичлари унчалик яхши бўлмайди. «Агар банкротлик ва ишсизлик статистикасига қарасак Швециядаги аҳвол Норвегия ва Данияникидан ёмон», – дейди таҳлилчилар.
Энди Европа Иттифоқи ва АҚШ иқтисодиётига бир назар солсак.
Европа Иттифоқида иккинчи чоракда ЯИМ кўрсаткичи 14,4 фоизга қисқарди. Евроиттифоқ иқтисодиёти локомотивлари ҳисобланган Германия иқтисодиёти 10,1 фоизга, Францийа иқтисодиёти 13,8 фоизга, Италия иқтисодиёти 18,5 фоизга пасайди. Дунёдаги энг йирик иқтисодиётга эга АҚШда эса иқтисодий тушкунлик кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нақ 32,9 фоизга етди.
Хуллас, карантин жорий қилган мамлакатларда ҳам одамлар коронавирусга чалинди, беморлар вафот этди, иқтисодиёт инқирозга учради. Швецияда карантин жорий қилинмади, бу мамлакатда ҳам одамлар коронавирусга чалинди, кўп беморлар вафот этди, лекин иқтисодиёти тўхтаб қолмади, ЯИМ пасайиши ҳам бошқа мамлакатларникидан кам бўлади.
Агар барча мамлакатлар Швеция йўлини тутганда нима бўларди ёки Швеция бошқа давлатларга ўхшаб қаттиқ карантин жорий қилганда нимага эришарди? Ушбу савол ҳали кўп иқтисодиётчилар бошини қотириши аниқ.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА