Мақолалар

Намоз ичидаги амаллар

Чоп этилди Avgust 7, 2020 Намоз ичидаги амалларda fikr bildirishni o'chirish

  1. Намознинг фарзлари

Намознинг фарзлари деганда, намоз намоз бўлиши учун фарз қилинган амаллар тушунилади. Агар улардан бирортаси қолиб кетадиган бўлса, намоз бузилади ва у қайтадан адо қилинади. Намоз ичида олтита фарз бор:

1) Такбири-таҳрима (намозни “Аллоҳу акбар” лафзи билан бошлаш).

2) Қиём.

3) Қироат (уч қисқа ёки бир узун оят тиловат қилиш).

4) Руку.

5) Икки сажда.

6) Охирги қаъда (намоз сўнггида ташаҳҳуд миқдорича ўтириш).

  1. Намознинг вожиблари

Намознинг вожиблари деганда, намозда қилиниши шарт бўлган амаллар тушунилади. Агар намозхон улардан бирини беихтиёр қолдирадиган бўлса, унинг ўрнини намоз охирида қилинадиган саҳв саждаси билан тўлдириши мумкин. Аммо вожиб қасддан тарк қилинадиган бўлса, намоз қайта ўқилиши лозим. Намознинг ўн тўртта вожиби бор:

1) Фарз намозларининг аввалги икки ракатида, вожиб, суннат ва нафл намозларнинг ҳамма ракатларида қироат қилиш.

2) Фарз намозларининг аввалги икки ракатида, вожиб, суннат ва нафл намозларнинг ҳамма ракатларида “Фотиҳа”ни қироат қилиш.

3) Фарз намозларининг аввалги икки ракатида, вожиб, суннат ва нафл намозларнинг ҳамма ракатларида зам сура – уч қисқа ёки бир узун оят – ўқиш.

4) “Фотиҳа”ни зам сурадан олдин ўқиш.

5) Қиём, қироат, руку ва саждаларни тартиб билан қилиш.

6) Қавма (рукудан қайтганда тик бўлиб туриш).

7) Жалса (икки сажда ўртасида ўтириш).

8) Таъдилул аркон, яъни руку, сажда каби рукнларни қонун-қодасига мувофиқ, яхшилаб бажариш.

9) Уч ёки тўрт ракатли намозларнинг иккинчи ракатидан кейин ташаҳҳуд миқдорича аввалги қаъдада ўтириш.

10) Аввалги ва охирги қаъдада ташаҳҳудни ўқиш.

11) Имомнинг бомдод, шом, хуфтон, жума, ҳайит ва таровиҳ намозларида овоз чиқариб, қолганларида эса махфий қироат қилмоғи.

12) Намозни “Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ” лафзи билан якунлаш.

13) Витр намозида “Аллоҳу акбар” деб такбир айтиб, сўнг “Қунут” дуосини ўқиш.

14) Икки ҳайит намозларида олтита зиёда такбирларни айтиш.

  1. Намознинг суннатлари

Улар фарз ва вожибларни тўлдирувчи амаллар ҳисобланади.  Суннатлардан бирортасини қасддан ёки беихтиёр тарк қилиш билан намоз бузилмайди, аммо намознинг савоби, даражаси камайиб кетади. Намоз ичида йигирма битта суннат бор:

1) Такбири таҳримани айтаётганда икки қўлни икки қулоқ баробаригача кўтариш.

2) Қўлларни кўтаришда кафтнинг ичини қиблага юзлантириш.

3) Такбир айтганда бошни қуйи солмаслик.

4) Имомнинг такбири таҳрима ва бошқа такбирларни етарли миқдорда баланд овозда айтиши.

5) Чап қўлни ўнг қўл билан тутиб, киндик остига қўйиш.

6) Сано айтиш (“Субҳанакаллоҳумма…”).

7) Таъаввуз айтиш (“Аъузу биллаҳи…”).

8) Тасмия айтиш (“Бисмиллаҳир …”).

9) Сано, таъаввуз ва тасмияни паст овозда айтиш.

10) Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракатларида фақат “Фотиҳа”ни қироат қилиш.

11) “Омийн”ни паст овозда айтиш.

12) Фарз намозларида қироатни суннатга мувофиқ миқдорда қилиш.

13) Руку ва саждаларда тасбеҳларни камида уч маротаба айтиш.

14) Рукуда бошни орқа билан баробар тутган ҳолда икки тиззани панжалар билан чангаллаш. Бунда қўллар ҳам, оёқлар ҳам букилмайди.

15) Рукудан “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб кўтарилиш ва қовмада “Роббана лакал ҳамд” деб паст овозда айтиш. Имом фақат биринчисини, иқтидо қилувчи эса иккинчисини айтади. Ёлғиз намозхон иккисини ҳам айтади.

16) Саждага боришда аввал тиззалар, кейин қўллар, сўнг пешона қўйилади.

17) Ҳар бир жалса ва қаъдада чап оёқни ётқизиб, унинг устига ўтирилади ва ўнг оёқнинг панжаларини қиблага юзлантирган ҳолда тикка қилинади. Қўллар эса сон устида туради.

18) Ташаҳҳудда ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини “Лаа илаҳа” деганда кўтариб, “иллаллоҳ”да тушириш.

19) Охирги қаъдада ташаҳҳуддан кейин салавот ўқиш.

20) Салавотдан сўнг суннатда келган дуолар билан дуо қилиш.

21) Салом беришда аввал ўнг, кейин чап томонга юзни буриш.

Манбалар асосида Азизбек Холназаров тайёрлади.