Мақолалар

Миллат ва макон танламайдиган иллат

Чоп этилди Sentabr 7, 2020 Миллат ва макон танламайдиган иллатda fikr bildirishni o'chirish

Адашмасам, етти йил бурун Россия давлатида коррупцияга қарши кенг миқёсли кураш бошланганда энг катталаридан бошлаб энг кичик курсига ўтирган амалдорларгача – ҳамма-ҳаммаси коррупциядан бебаҳра эмаслиги кўзга ташланиб, россияликлар коррупция ва мансабдор шахслар томонидан давлат мулкини ўмариш бўйича  Роосияга ҳеч қайси давлат ета олмас экан, деган фикрга келиб қолган эдилар.

Бироқ коррупция билан боғлиқ шовқин-суронлар ўша кезларда Испания ва Туркияда ҳам кўтарилиб қолди ва бу ҳолат коррупциянинг бугунги жамиятда энг кўп илдиз отган иллат эканини кўрсатди. Кейин эса Жанубий Корея ва яна бошқа давлатлар раҳбарларининг коррупцияда айблангани, мазкур мамлакатларда порахўрлик чуқур илдиз отиб кетганини кўрсатди. Илло. у миллат, элат, давлатларни танламасдан худди коронавирусга ўхшаб тобора кенг ёйилиб боряпти. Фақат у коронавирусдан анча қадимийроқ, холос. Шунинг учун жамиятда унга нисбатан муайян кўникма ҳосил бўлган ва ундан унчалик хавфсирамай қўйган. Коррупция Европа Иттифоқи давлатларидаги католиклар ва протестантлар, қуйироқдаги православлар ўртасида қанчалик кенг ёйилган бўлса, 99 фоиз аҳолиси мусулмон бўлган давлатларда улардан ҳам кўп тарқалган.

Ислом дини давлат мулкини ноқонуний ўзлаштириш ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилишнинг барча турларини қаттиқ қоралайди. Аммо динимиз коррупцияга ўта муросасиз бўлгани ҳолда унга амал қилиб яшаяпман, деб даъво қилаётган мусулмонлар идеал инсонлар бўла олмаяпти ҳамда фитратларини нафсоний заифликлар ва мол-дунё васвасаларидан ҳимоя қила олмаяпти. Бу эса ўз навбатида, умматнинг Исломнинг идеал ғояларига содиқ қола олмаётганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Қуръони каримда бошқа бировнинг молини ўзлаштириб олиш катта гуноҳ экани айтилган. Амалдорларнинг порахўрлиги эса каттадан ҳам катта гуноҳ. Инчунун, Аллоҳ таоло ояти каримада: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз! (Бақара сурасининг 188-ояти), деб таъкидлаган бўлса, яна бир оятда бурунги авлодларнинг коррупция ишлари ҳақида хабар бериб, мусулмонларни бундай хатоларга йўл қўймасликка даъват қилган. “Уларнинг аксарияти гуноҳ, адоват ва ҳаромхўрлик сари суръат билан интилаётганларини кўрасиз. Қилаётган ишлари ўта ёмон ишдир. Руҳоний ва олимлари уларни гуноҳ гаплари ва ҳаромхўрликларидан қайтарсалар бўлмайдими? Қилаётган сир-синоатлари жуда ёмондир” (Моида сурасининг 62-63-оятлари).

Шунингдек, коррупцияни Аллоҳнинг Расули қаҳру ғазаб билан қоралаган кўплаб ҳадислар ҳам бор. Жумладан, Имом Аҳмад Муснадда ибн Ҳанбалдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Савбон розияллоҳу анҳу бундай деганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар».

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шунга ўхшаш ҳадисларида коррупциянинг давлат ва жамият учун даҳшатли оқибатлар келтириб чиқаришини таъкидлаб ўтганлар: Бинобарин, порахўрлик бор жойда одамлар қўрқув ва даҳшатга тушмайдиган халқ йўқ.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилишича, Исроил авлодлари орасида бундай одат бўлган: судга бораётганларида икки томон ҳам пора олиб борган ва ҳукм ўқилишидан олдин иккаласи ҳам ўзи олиб келган порани судга кўрсатган. Натижада суд улардан қайси бири таклиф қилган пора кўпроқ бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм чиқарган. Натижа нима бўлди? Исроил авлодларининг ер юзидан буткул қирилиб кетишига  бир баҳя қолди. Ана шу бехосият одатига барҳам берганидан сўнггина миллат қаддини тиклай бошлади.

Коррупция фақат яширин тусда эмас, балки томонларнинг розиликлари асосида ҳам характерланади. Кўпинча, у шикоятлар келтириб чиқармайди, чунки ноқонуний битимдан айбдор томонлар ўзаро фойда кўради. Бунда фақат давлат ва жамият манфаатига зарар етади, холос.

Коррупциянинг асоси – порахўрлик.  Порахўрлик эса давлат хизматчилари ва мансабдор шахслар амалга оширадиган ва хизмат манфаатларига зид келадиган ижтимоий хавфли жиноят тури. Бу – мансабни суиистеъмол қилишдир.

Ислом қонунларига кўра, оддий одамлар содир қиладиган ўғриликка ўта оғир жазо тайин қилинади. Бу қилмишнинг кўплаб одамларга раҳбар бўлган амалдор томонидан содир этилишининг жазоси эса ундан ҳам қаттиқ бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу мавзуда унга Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини айтган: “Ўнлаб одамга раҳбарлик қилишни ва уларнинг ўртасида уларга ёқадиган ёки ёқмайдиган қарор чиқаришни зиммасига олган киши Қиёмат куни қўлларига кишан солган ҳолда Даҳшатли суд майдонига олиб келинади. Агар у адолатли қарорлар қабул қилган, пора олмаган, зулм қилмаган бўлса, озод қилинади. Борди-ю, Аллоҳнинг амрларига қарши ҳукм чиқарган бўлса, пора олган, зулм қилган бўлса, қўлларидаги занжир янада маҳкамланиб Дўзахга ташланади. У Дўзахнинг 500 йилда ҳам етиб бориб бўлмайдиган қаърига тушади”.

Исломнинг ахлоқий ва ҳуқуқий тизимлари жамиятнинг барча фуқаролари мавқеи ва моддий аҳволидан қатъи назар, тенглик ва масъулиятлилик тамойили асосида ҳаёт кечиришини назарда тутади. Мабодо, кимдир коррупция каби ноқонуний хатти-ҳаракатга алоқадор бўлса ва унинг айби исботланса, жамият пароканда бўлишининг олдини олиш учун унга жазо муқаррар бўлиши шарт. Кейинги дунёда унга янада аламли азоблар бўлади ва бунда бандаларнинг иштирокининг ҳожати бўлмайди.

 

Муаллифдан: Мақолани тугатиб, унга қайта кўз югуртириб чиқаётганимда кичик ўғлим мен билан бирга ўқиб чиқди ва:

– Дада, порахўрлик бўлмаган бирорта давлат йўқми ер юзида? – деб сўради. Аввалига бир сўз билан “Йўқ”, деб қўя қолмоқчи бўлдим. Бироқ болага бундай десам, руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун кайфиятини кўтариб қўя қолай, деб ўйладим-да,

– Бор, Сусамбилда ҳеч ким пора бермайди ҳам, олмайди ҳам, – дедим.

Аммо бола болада, барибир – саволи кўпайиб кетди:

– У ерда ўқитувчилар мактаб пардасига, полига, супур-сидирига пул сўрамайдими?

– Йўқ, берсанг ҳам олмайди. “Нима қиляпсиз? Ахир бизда таълим бепул-ку! Маънавияти юксак устозларни бунақа қилиб таҳқирламанг”, деб астойдил хафа бўлади. У ерда ҳатто маҳалла раисларига: “Боламнинг икки ёшлик нафақасини чиқариб берсангиз, биринчи ойлигини сизга атаганмиз”, десанг, “Нималар деяпсиз, тиши чиқмаган боланинг насибасига чанг соладиган даражада очофат эмасмиз”, деб ранжиб қолади. Мабодо унга: “Отамнинг қарилик нафақасига чиқишига ёрдам беринг, биринчиси сизники”, десанг, “Асло ундай дея кщрманг, кекса кишининг ризқига шерик бўлиш – шармандалик, бизни ҳам шундай ёшларга етказсин”, деб дуо қилиб қолади. Кейин таъкидлаб айтадики, “Бу ер шундай муборак жой: биздан олдингилар ҳам олмаган, биз ҳам олмаймиз, кейингилар ҳам олмайди”.

Банкдан кредит олмоқчи бўлсанг, аллақайси давлатлардагига ўхшаб “ўн фоиз” деган ишора йўқ. йиллаб ортидан югуртириб, “Борган жойингга боравер, ёзган жойингга ёзавер, битта минимал ойлик жарима тўласам, тўлабман-да, сен учун!” деб мазах қилмайди.

Шифохоналари ҳам айрим давлатлардаги каби бизнес нуқтасига айланиб кетмаган. Масалан, баъзи давлатларда ҳам даволаниш бепул. Лекин кўплаб хусусий клиникалар очилган. Ўша хусусий клиникаларнинг аксари Соғлиқни сақлаш вазирлиги корчалонларига тегишли ва  давлат шифохоналарида мавжуд бўлмаган замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланган. Давлат шифохоналарида ишлайдиган шифокорлар ана ўша хусусий клиникалардан ойлик-маош ёки бонус ёхуд фоиз олади. Уларнинг вазифаси жуда ҳам оддий: беморни ташхис учун ўзига маош тўлайдиган клиникага юборади, бўлди. Шу билан давлатнинг бепул шифохонасига, айтайлик, буйрагидан шикоят қилиб борган борган бемор хусусий клиникага бориб отнинг калласидек пул тўлайди-да, юрагини чангаллаб қайтаверади.

Сусамбилда эса шифохонага боришинг шарт ҳам эмас, тобим йўқ,  деб битта телефон қилиб қўйсанг, бас. Ўзлари келиб ҳаммасини тинчитади.

У ерда бир киши вазир бўлиб қолса, ўша вазирликнинг ҳамма раҳбарлари унинг қариндошлари бўлмайди. Бир киши ҳоким бўлиб қолса, бутун вилоят, туман ёки шаҳар унинг қариндошларининг қўлига ўтиб кетмайди. Шу туфайли ҳеч қачон биринчи даражали ишлар учинчи даражали шахсларга топширилмайди.

Маънавий поклик, руҳий соғломлик каби фазилатлар ана шу тартибда қуйидан юқорига қараб юксалиб бораверади ва порахўрлик иллати бу мамлакатда асло бўй кўрсата олмайди.

– Сусамбил ҳам Ўзбекистонга ўхшаркан-а.

– Ҳа, порахўрлик, коррупция, жиноятчилик, таниш-билишчилик каби иллатлар йўқлиги жиҳатидан Ўзбекистонга ўхшайди. Аммо ундан Ўзбекистоннинг устунлиги бор: биз, ўзбеклар динимизга қаттиқ амал қиламиз: шариатимизда кўрсатилган амрларни сидқидилдан бажарамиз, қайтариқларидан астойдил қайтамиз. Бу борада бизга динимиз пешволари ўрнак бўладилар. Ўша мамлакатнинг эса ана шу тарафдан бирозгина заифлиги бор, деб эшитгандек бўлгандим.

– Ҳаа, ҳеч ким бизга тенглаша олмайди, барибир, – деб қойил бўлди ўғлим.

– Албатта, чунки биз – ўзбеклармиз, – деб гапимни кўтаринки руҳда якунладим мен. Нима дейсиз, тўғри айтибманми?..

 

Дамин ЖУМАҚУЛ