Мақолалар

Байъи саламнинг жоизлиги ҳикмати

Чоп этилди Sentabr 8, 2020 Байъи саламнинг жоизлиги ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун байъи саламни ўрнида қолдирдилар?

Бунинг жавоби шуки, гарчи байъи саламда сотилган нарса сотувчининг қўлида бўлмаса ҳам, лекин бозорда топилаверади. Бас, сотилган нарса бозорда мавжуд бўлганидан кейин, агар унинг
боғида мева етишмаса ҳам, белгиланган вақт келиб қолса, бозордан олиб бера олади. Бинобарин, хос бир ерда ўсган нарсани байъи саламда шарт қилиш дуруст эмасдир. Хуллас, сотилган нарсанинг бозорда мавжудлиги сотувчининг мулкида мавжуд деб эътиборга олинади.
Мисол тарзида, бир одам кўйлак тикадиган корхона барпо қилмоқчи. Албатта, унинг минг-минглаб доллар турадиган машиналарга зарурати бўлади. Лекин унда ҳеч қандай сармоя
йўқ. Албатта, одамлар орасида у эътиборли киши. Шу киши дўкондорлар билан: мана шу навли газлама, шу-шу ўлчамда дея, бошқа барча тафсилотлари ва қийматлари хусусида келишади, шуни олти ойдан сўнг тикиб бераман ва ҳар ойда сизга мингтадан кўйлак бераман, дейди. Кимдир ўн минг дона кўйлак сотиб олади, кимдир эса эллик минг дона кўйлак сотиб олади ва уларнинг ҳаммасидан пулини олдиндан олади.

Саламда пулни аҳд қилинган мажлисда бериш зарурийдир. Шу билан бирга, 150 минг доллар жам бўлади, у машиналар сотиб олади, корхонани ишга туширади ва ишни бошлаб, келишилган
вақтда кўйлакни тикиб беради. Бир-икки йилда молни ҳаммага бериб бўлиб, у яхши бир корхонанинг эгаси бўлиб қолади. Бу байъи саламнинг фойдасидир.

Шунинг учун шариат уни қолдирди. Ҳозирги техника даврида беҳисоб нарсалар байъи салам билан келишилса ва у бозорда топиладиган бўлса, унда салам байъи дурустдир.

“Ғиёсул луғот”да байъи салам шартлари ҳақида бундай дейилади: “Салам – байъ навларидан бўлиб, бир нарса тайёр бўлишидан олдин унинг баҳосини беришдир, у нарса етти шаръий шарт
асосида бўлади:

биринчи, маҳсулотнинг жинси, чунончи, буғдой ёки арпа, ёки нўхат;
иккинчи, маҳсулотнинг нави, чунончи, қизил ёки оқ;

учинчи, миқдори, чунончи, бир ман ёки икки ман;

тўртинчи, васфи (сифати), чунончи, биринчи нав ёки иккинчи нав, суғорилган ёки суғорилмаган (лалми), таркиби тозаланган ёки тозаланмаган;
бешинчи, муҳлати, яъни ваъда вақти, масалан, бир ой;

олтинчи, маҳсулотни топшириш жойи, яъни келишилган молни етказиб бериш макони;

еттинчи, раъсулмол, яъни маблағни тайин қилиш, масалан, ўн рупия ёки йигирма рупия”

Усмонхон АЛИМОВнинг “Суннат ва ҳадис” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 12000 сўм