Дунё янгиликлари

Япония бош вазири Жанубий Курил муаммосини узил-кесил ҳал қилмоқчи

Чоп этилди Oktabr 27, 2020 Япония бош вазири Жанубий Курил муаммосини узил-кесил ҳал қилмоқчиda fikr bildirishni o'chirish

Япониянинг янги бош вазири Есихидэ Суга Россия билан ҳудудий масалаларга нуқта қўйишни истаётганини маълум қилди.
Маълумки, Токио анчадан буён Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хабомаи оролларига даъво қилиб келади. Кун чиқар мамлакат ушбу оролларни ўзининг “шимолий ҳудуди” деб ҳисоблайди.
“Шимолий ҳудудлар муаммосини келажак авлодга қолдирмай, ҳозирданоқ ушбу масалага нуқта қўйиш лозим. Россия билан олий даражада самимий мулоқот олиб бориш йўли билан Япония – Россия муносабатларини ҳар томонлама ривожлантиришни мўлжаллаяпмиз, жумладан тинчлик шартномасини имзолашни ҳам”, — деди Суга парламент олдида сўзга чиқиб.
Сугадан олдинги бош вазир Синдзо Абэ Россия билан мулоқотда жуда фаол ҳаракат қилди: Россия президенти Владимир Путин билан 27 бор учрашди. 2018 йил Сингапурда Абэ амалда Япониянинг асосий танлаган йўналишидан, яъни тўртта оролни қайтариб беришни талаб қилишдан чекинди ва Москва билан музокараларни совет-япон қўшма декларацияси асосида олиб боришга ўтди. Бу ҳужжатда фақат иккита орол – Хабомаи ва Шикотан ҳақида гап боради.
Ёсихидэ Суга сентябрь ойида Путин билан учрашган. Суҳбат якунида янги бош вазир Абэ олиб борган сиёсатни давом эттиришини маълум қилганди.
Россия билан Япония ўртасидаги муносабатларга ҳалигача икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланмагани соя ташлаб келмоқда.