Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 3, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР?

САВОЛ: Мусулмонлар орасида “Аҳли сунна вал жамоа” деган ибора тез-тез ишлатилади. Бугунги кундаги ҳар хил тоифалар ҳам ўзларини “аҳли суннаданмиз”, деб бошқаларни бидъатчига, адашганга чиқармоқдалар. Аслида, аҳли сунна вал жамоа деганда айнан кимлар тушунилади? Мана шу ҳақда бироз тушунча берсангиз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. “Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил этган. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидин: ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али розийаллоҳу анҳумнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар. Улар – дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.

Манбаларга қараганда, аҳли сунна вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсалар-да, бу атама Исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Сунна ва жамоа аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Имом Муслим Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар:

“Одамлар фитна (ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) рўй бергунича бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрамас эдилар. Фитнадан кейин эса (ҳадис эшитган) кишиларингизнинг номларини айтинглар-чи, дейишарди. Қараларди, агар аҳли суннатдан бўлса, ҳадиси олинарди, агар аҳли бидъатдан бўлса, ҳадиси олинмасди”.

Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.

Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобиҳ оятларнинг зоҳирига “ёпишиб”, Аллоҳ таолонинг исми сифатларини исботлашда муболаға қилиб, “тажсим” (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб муболаға қилдилар ва оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли сунна вакиллари (раҳимаҳумуллоҳ) уларга раддия берганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса, шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, деганлар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар чиқиб, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу шарафли вазифани Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий каби зотлар аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом ибн Ҳажар Ҳайтамий бундай дейди: “(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “аҳли сунна вал жамоа” дейилса, ашъарийлар ва мотуридийлар тушунилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

Аллома Тошкупризода айтади: “Маълум бўлсинки, аҳли сунна вал жамоанинг калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: бирлари ҳанафий, бошқалари шофиъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб, у зот “Имомул ҳуда” – «Ҳидоят имоми» деган ном қозонган. Шофиъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саода” китоби).

Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтади: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий – машриқу мағрибда аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, бундай дейдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий) ларга мувофиқ келади. Мана шулар аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир.

САВОЛ: Одамлар орасида ғийбат қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. Илтимос, динимизнинг бу борадаги кўрсатмаси ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Ғийбат гуноҳи кабиралардан биридир. Фақиҳ Одамлар орасида ғийбат қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. Илтимос, динимизнинг бу борадаги кўрсатмаси ҳақида маълумот берсангиз. Абу Лайс Самарқандий айтади: “Бир кишидаги айб-нуқсонни бошқаларга айтиб юриш ғийбатдир. У қилмаган ишни ёки унда йўқ нарсани айтиш туҳматдир”. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

«Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?!» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Исро кечаси бир қавм танасидаги бир қисм гўштни кесиб, уни еб турганларида, уларнинг олдидан ўтиб қолдим. Шунда уларга Жаброил алайҳиссалом: “Биродарларингизнинг гўштини еганингиздек, еяверинглар”, деб айтди. Мен ҳайратланиб: “Эй Жаброил, улар кимлар эди? ” деб сўрадим. Жаброил: “Улар умматларингиз орасидаги ғийбатчилардир”, деб жавоб берди» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 9-сонидан