Чин ихлос ва умидворлик раҳматга элтар
Ибн Абдулбар: “Аллоҳ таолонинг (ҳадиси қудсийдаги): «Рўза мен учундир», деган гапи рўзанинг бошқа ибодатлардан афзал эканига кифоя қилади», – деганлар.
Ибн Асокир (“Дамашқ тарихи” асарининг муаллифи) жамоат намози ва Қуръон тиловатига бардавом бўлганлар, одатий кунларда ҳар ҳафтада, Рамазонда эса ҳар куни бир бор хатм қилганлар.
Шу ўринда муҳтарам ўқувчи хаёлида “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни уч кундан оз вақтда хатм қилса, уни англамабди”, деганлар. Амаллари билан умматга ўрнак бўлган ул муҳтарам уламолар нега бундай қилганлар?” деган савол пайдо бўлиши мумкин. Унга ҳанбалий уламоларидан Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ салафлар феълларини изоҳлаб айтган ушбу гапларини жавоб сифатида келтирилади:
“Қуръонни уч кундан кам муддатда хатм қилишдан қайтариқ бу ишни мунтазам одатга айлантиришга, яъни бутун умри давомида уч кундан кам муддатда хатм қилишга нисбатан ворид бўлган. Аммо худди Рамазон ойи, Қадр кечаси каби афзал вақтларда ёки Макка сингари (унинг аҳли бўлмаган одам учун) афзал ўринларда вақт ва жойни ғанимат билиб, Қуръон тиловатини кўпайтириш мустаҳаб саналади”.
Ҳасан ибн Абул Ҳасан Басрий кулаётган одамлар олдидан ўтаётиб бундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла Рамазонни махлуқотлари учун Унга тоат қилишда мусобақалашадиган отчопар (отлар мусобақалашадиган майдон) қилган. Бир қавм ўзиб кетди ва муваффақиятга эришди, бошқа бир қавм эса қолиб кетди ва муваффақиятсизликка учради. Пешқадамлар ўзиб кетиб, бепарволар ортда қоладиган кунда ўйин-кулги қилувчининг ҳолига ажабланаман!..»
Юқоридаги каби маълумот, хабарларни ўқиркан, қалбимиздан шаксиз: “Улар қаерда-ю, биз қаердамиз?” деган фикр кечиши мумкин. Аммо карами кенг Парвардигори оламнинг розилигини истаб, ихлосу умидворлик билан бажарилган амалларнинг баҳоси, мукофоти, насиб бўлса, бизни ҳам четлаб ўтмайди. Зеро, Аллоҳ таоло (қудсий ҳадисда) бундай марҳамат қилган: “Мен ҳақимда бандам қандай гумон қилса, Мен шундайман. Мени зикр қилганида, у билан биргаман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, Мен ҳам уни Ўзим зикр қиламан. Агар Мени жамоат орасида зикр қилса, Мен унинг жамоатидан ҳам яхшироқ гуруҳ орасида зикр қиламан. Агар банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман”.
Рокия ЮСУФИЙ,
Тошкент ислом институти талабаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 9-сонидан